Ёрдамчи пудрат ташкилоти қурилиш-монтаж ишларини бажаради. Уларни бажариш шартномасида бош пудрат хизматларини назарда тутиш шартми? Агар шарт бўлса, бу қандай меъёрий ҳужжат билан тартибга солинади?
«Бош пудрат хизматлари» тушунчаси нималарни ўз ичига олади, ушбу формулировкани ёрдамчи пудрат шартномасига киритиш мажбурияти қайси меъёрий ҳужжат билан тартибга солинади?
– Бош пудратчининг ёрдамчи пудратчи билан ўзаро муносабатлари аввало Фуқаролик кодекси (ФК) билан тартибга солинади. ФКнинг 666-моддасига кўра қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. Бундай шартнома корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади. Қурилиш пудрати шартномаси тўғрисидаги қоидалар бино ва иншоотларни мукаммал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Шартномада назарда тутилган ҳолларда объектни буюртмачи қабул қилиб олганидан кейин уни шартномада кўрсатилган муддатда ишлатишни таъминлаш мажбуриятини пудратчи ўз зиммасига олади.
666-модда тааллуқли бўлган ФКнинг 37-«Пудрат» боби 3-«Қурилиш пудрати» параграфида «бош пудратчи» ва «ёрдамчи пудратчи» атамаларидан фойдаланилмаган. Бироқ ўша бобнинг 1-«Пудрат тўғрисида умумий қоидалар» параграфи 631-моддасининг иккинчи қисмида айтилишича, пудрат шартномасининг айрим турлари (шу жумладан қурилиш пудрати)га, агар ФКнинг бундай турдаги шартномалар тўғрисидаги қоидаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар қўлланади. 3-параграфда бошқача тартиб белгиланмаганлиги боис унда назарда тутилган қурилиш пудратига нисбатан ФК 634-моддасининг ҳам пудрат тўғрисидаги баъзи бир умумий қоидаларини қўллаш мумкин. Унга кўра агар қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади.
Ёрдамчи пудрат шартномаси бош пудратчи билан ёрдамчи пудратчининг ўзаро муносабатларини тартибга соладиган ва уларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлигини белгилайдиган асосий ҳужжатдир. Буюртмачининг мажбуриятлари бунда бош пудратчи зиммасига, пудратчиники эса ёрдамчи пудратчи зиммасига юкланади. Буюртмачи сифатида бош пудратчи ёрдамчи пудратчига худди ўша шартномада назарда тутилган бош пудрат хизматларини кўрсатиши мумкин.
ФК ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг таҳлили кўрсатишича, уларнинг бирортасида ҳам нафақат «бош пудрат хизматлари» тушунчаси очиб берилмайди, балки мазкур сўз бирикмаси қўлланмайди. Бироқ бош пудратчи ёрдамчи пудратчига нисбатан буюртмачи бўлиб чиқишини ҳисобга олиб, буюртмачи эса кўпинча қурилиш пудрати шартномасини бажаришда фаол иштирокчи ҳисобланишини таъкидлаб ўтиш лозим, буюртмачи томонидан пудратчига кўрсатиладиган хизматларга доир қонун қоидаларини кўриб чиқамиз. Мисол учун, шартномада унинг қурилиш материаллари ва конструкциялар, ускуналар билан тўлиқ ёки қисман таъминлаш (ФКнинг 672-моддаси биринчи қисми), пудратчига қурилиш эҳтиёжлари учун фойдаланишга бино ва иншоотларни бериш, юкларнинг ташиб берилиши, вақтинчалик электр таъминоти тармоқлари, сув ва буғ қувурлари ўтказилишини таъминлаш ва бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича мажбуриятлари назарда тутилиши мумкин (ФКнинг 675-моддаси).
Ушбу ва бошқа меъёрларнинг мазмунидан бош пудрат хизматларига бош пудратчининг қуйидаги ҳаракатларини киритиш тўғри бўлади деган хулоса чиқариш мумкин:
ёрдамчи пудратчига аталган юкларни қабул қилиш (унинг ходимлари қурилишга келгунига қадар), уларни тушириш, омборга жойлаштириш, қабул қилиш ва бошқа далолатномаларни тузиш, уларни ёрдамчи пудратчига бериш;
ёрдамчи пудратчига қурилиш даврида қуйидагиларни бериш:
– идора учун иситилган, ёритилган ва телефонли хонани;
– материалларни сақлаш учун омборлар ва майдончаларни;
– ёрдамчи пудратчи бажарадиган ишларнинг ўзига хос жиҳатларига мувофиқ ишлаб чиқариш, турар жой, ижтимоий-маиший (клуб, ошхона, тиббий пункт ва ҳоказо) ва бошқа хоналарни. Уларни бериш имконияти бўлмаганда бош пудратчи ёрдамчи пудратчига фуқаролардан турар жойни ижарага олиб, квартира ҳақи ставкаларига белгиланган тартибда қўшимча ҳақ тўлашга рухсат бериши мумкин;
– бош пудратчи транспортини;
ўз лимитлари ҳисобига электр энергияси (электр энергияси сарфининг мустақил ҳисобини олиб борувчи ёрдамчи пудратчилардан ташқари), сув, буғ, иссиқлик, газ, сиқилган ҳаво ва бошқа ресурслар билан ишларнинг айрим турлари ва комплексларини бажариш учун зарур бўлган миқдорда таъминлаш; ушбу ресурслар бўлмаганда – ёрдамчи пудратчига ишлар бошлангунга қадар тегишли ташкилотларнинг кўрсатилган ва бошқа ресурслардан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги ҳужжатларини бериш;
айрим ҳолларда ёрдамчи пудратчининг ихтиёрига вақтинчалик тусдаги ёрдамчи ишларни бажариш учун ишчиларни юбориш;
сув қувури, канализация, буғ қувури, сиқилган ҳаво магистрал тармоқлари ва бошқа тармоқларни қурилиш объектларининг разводкаларни улаш жойига, шу жумладан тақсимлаш қурилмаларига вақтинча ўтказиш;
қурилиш майдончасининг ўт ўчирувчи қоровуллар томонидан қўриқланиши;
шартномада назарда тутилган бошқа хизматларни кўрсатиш.
Ёрдамчи пудратчи бош пудратчининг унга кўрсатиладиган хизматлар бўйича харажатларини компенсациялаши шарт. Ўзаро муносабатлар амалиётида бундай компенсацияланадиган харажатлар «бош пудрат хизматлари» деб аталади. Уларнинг рўйхати ва қиймати, шунингдек тақдим этиш ва тўлаш тартиби ёрдамчи пудрат шартномасида ёки ёрдамчи пудрат шартномасининг бир қисми бўлиши мумкин бўлган алоҳида битимда белгиланади.
Қурилиш пудрати (ёрдамчи пудрат) шартномасида бош пудрат хизматларини кўрсатишнинг мажбурийлиги қонун ҳужжатлари билан белгиланмаган. Бироқ шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда эркин бўлган тарафлар унда ўз хоҳишларига кўра қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай, шу жумладан пудрат хизматларини белгилашга ҳақлилар (ФКнинг 1-моддаси иккинчи қисми ва 354-моддаси бешинчи қисми). Агар шартнома марказлаштирилган манбалар ҳисобига молияланадиган объектлар (шу жумладан фойдаланишга тайёр қилиб топшириладиган) қурилишига тааллуқли бўлса, тарафлар унинг шартларини капитал қурилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва аввало Марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 12.09.2003 йилдаги 395-сон Қарорига 2-илова) билан назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳамда уларга риоя этган ҳолда белгилашлари керак.
Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.