Сервис соҳасида янги ташкил этилаётган бизнес тузилмасига мени ижрочи директор сифатида таклиф қилишяпти. МЧЖ раҳбари (директори) билан меҳнат шартномасини ким тузиши ва имзолаши керак?
МЧЖ директори.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳри.
– Меҳнат кодекси 82-моддасининг иккинчи қисмига кўра корхона раҳбарини ишга қабул қилиш корхона мол-мулки мулкдорининг ҳуқуқи ҳисобланади ва у томонидан бевосита амалга оширилади, шунингдек мулкдор ваколат берган органлар ёки корхона кенгаши, бошқарув ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган бошқа органлар орқали амалга оширилади.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 39-моддасига мувофиқ МЧЖда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор) жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг уставида белгиланган муддатга сайланади. Директор унинг иштирокчилари бўлмаганлар орасидан ҳам сайланиши мумкин.
Жамият ва унинг раҳбари ўртасидаги шартнома у сайланган иштирокчилар умумий йиғилишидаги раислик қилувчи шахс томонидан ёки умумий йиғилишнинг қарори билан ваколат берилган жамият иштирокчиси томонидан имзоланади.
МЧЖ уставида жамият ижроия органларини ташкил этиш ва уларнинг ваколатларини муддатидан аввал бекор қилиш МЧЖ кузатув кенгашининг ваколатларига кириши назарда тутилиши мумкин.
Агар МЧЖда битта муассис бўлса, директор билан меҳнат шартномасини унинг ўзи имзолайди.
Директорлар билан меҳнат шартномаларининг муқаддималарига мисоллар келтирамиз.
1. Агар муассис битта бўлса:
«__________________________» масъулияти чекланган жамияти (қисқартирилган номи «______________________________» МЧЖ) ягона муассис ___________________ тимсолида бир томондан ва бундан кейин
(Ф.И.Ш.)
«Ходим» деб номланадиган фуқаро ____________________________________
(Ф.И.Ш.)
бошқа томондан, биргаликда «Тарафлар» деб номланадилар, қуйидагилар тўғрисида мазкур шартномани туздилар:...
2. Агар бир нечта муассис бўлса:
«_________________________» масъулияти чекланган жамияти (қисқартирилган номи «_______________________» МЧЖ), бундан кейин «Иш берувчи» деб номланади, муассислар йиғилишининг «______» __________ 201__ йилдаги ____ -сон қарори асосида фаолият юритадиган муассис ____________________ тимсолида бир томондан ва бундан кейин «Ходим» деб номланадиган фуқаро _________________________ бошқа томондан, биргаликда «Тарафлар» деб номланадилар, қуйидагилар тўғрисида мазкур шартномани туздилар:...
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист