Norma.uz

Кўп қаватли уйлар атрофидаги бўстонлар: кимнинг ҳисобидан?

 

Яқин вақт ичида кўп қаватли уйлар яқинида ва маҳалла кўчаларида мевали боғлар ва сабзавот экинлари пайдо бўлиши мумкин. Бу Президентнинг 30.12.2024 йилдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-465-сон қарорида назарда тутилган. Ҳужжат далалар четларида, аҳолининг томорқа ерларида ва хонадонларида, кўп қаватли уйлар олдида ва маҳаллаларнинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимини такомиллаштиришнинг янги тартибини жорий этишга қаратилган. Белгиланган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил этиш ва ҳажмини ошириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини оширишга қаратилган.

 

Шундай савол туғилади: кўп қаватли уйлар олдидаги ва маҳаллалар ичидаги ер қандай қилиб қишлоқ хўжалиги майдонларига тааллуқли бўлиб қолди? Кўп қаватли уйлар атрофидаги бўстонлар ва боғлар қандай қилиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириши, мамлакатнинг экспорт имкониятларини кенгайтириши мумкин? Агар кўп қаватли уйлар олдидаги ва маҳаллалар ичидаги ерга мевали дарахтлар экилса – бу яхши. Аммо уни сабзавотлар етиштириш учун бўстонларга айлантириш – буни тасаввур қилиш қийин. Ҳужжат асосан далалар четларидаги ва аҳоли томорқаларидаги майдонларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ўзлаштиришга қаратилган. Бу нормал ҳолат. Агар ташаббус маҳалла ҳудудлари ва кўп қаватли уйлар атрофидаги участкаларга ҳам тааллуқли бўлса, демак биз янги кампания арафасидамиз ва бу оқибатларсиз бўлмаса керак. Кўпчиликда шубҳа туғилади: бу уйларни бошқарувчи компаниялар учун навбатдаги бош оғриғига айланмайдими? Ҳали ҳокимиятлар кўрсатмаси билан уйлар атрофидаги яшил ўсимликлар ваҳшийларча йўқ қилинган вақтлар хотирадан ўчмаган: амалдорлар ўйлаб ҳам ўтирмай мевали дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлаган, палисадниклар, гулзорларни пайҳон қилган. Мана энди қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳақида гап кетмоқда.

Бу жараённи ташкил этиш бўйича вазифалар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига юклатилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар белгиланган. Уларга кредитлар, субсидиялар ажратилади, далалар четларида ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғлар, кўчатлар, ўғитлар, кимёвий воситалар ва бошқалар билан таъминлаш режалаштирилган. Кўрсатилган ерларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилмоқда. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ва Кадастр агентлигига хонадонларда, кўп қаватли уйлар олдида ва маҳаллаларнинг ички кўчаларида, шу жумладан майдонларнинг инвентаризациясини ўтказишни таъминлаш топширилган.

Агар бу янгилик қумга сингиб кетмаса, бу ҳудудларда қандай амалга оширилиши қизиқ. Албатта, ҳали ҳам мақоми аниқланмаган кўп қаватли уйлар атрофидаги ер участкалари масаласи кўтарилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бошқарувчи компанияларга, аниқроғи, хонадон эгаларининг зиммасига юкламайдиларми? Боғу бўстонлар харажатлари бизнинг чўнтагимиздан, яъни умумий мол-мулкни сақлаш учун мулк эгалари тўловлари ҳисобидан бўлмайдими?

Прочитано: 16 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика