Ҳудудий электр тармоқлари компанияси истеъмолчиларни фирибгарларнинг янги ҳийлалари ҳақида огоҳлантирди. Ижтимоий тармоқларда гўёки электр энергиясини ҳисобга олиш ва тўлаш учун компаниянинг янги иловасини юклаб олиш таклифлари пайдо бўлди. Бунда истеъмолчиларга 200 минг сўм миқдорида бонус ва электр энергияси тўлови учун кешбэк ваъда қилинди.
Ҳудудий электр тармоқлари бу иловага алоқаси йўқлиги ҳақида огоҳлантирди. У сохта бўлиб, ўрнатилганда фирибгарларга истеъмолчиларнинг банк карталарига кириш ва улардан маблағларни ечиб олиш имкониятини бериши мумкин.
Компания истеъмолчиларни ҳушёрликка чақириб, фирибгарларнинг таклифларига учмасликларини эслатди. Абонентлар расмий мобиль иловани «Het Billing»ни Google Play орқали, зарурат бўлса, App Store орқали бепул юклаб олишлари мумкин.