Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги уй-жой соҳасида содир бўлаётган кўп квартирали уйларни бошқариш усулларини мажбурий ўзгартириш фактларига муносабат билдирди.
«Ижтимоий тармоқларда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув органларини бошқа бошқарув органларига мажбурий қўшиш фактлари келтирилмоқда, – деб маълум қилдилар вазирликда. – Бунда мулкдорларнинг фикрлари инобатга олинмаяпти. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ККУларни бошқариш усули аҳолининг розилиги асосида уйлардаги жой мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади.
Шу муносабат билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги огоҳлантирадики, халқ томонидан тан олинган бошқарув органлари фаолиятига асоссиз аралашиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади».
Қурилиш вазирлигининг баёнотида, шунингдек «кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш, аҳоли учун қулайроқ шароитлар яратиш мақсадида олиб борилаётган ишлар натижасида бугунги кунда соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланди. Аҳолининг ўзи яшаётган кўп квартирали уйларга дахлдорлик ҳисси ошмоқда, бошқарув органидан сифатли хизматлар талаб қилиш, унинг ишини баҳолаш жараёнида фаол иштирок этиш маданияти шаклланмоқда. Ҳар қандай соҳа замон талабларига мувофиқ мунтазам равишда такомиллаштириб борилиши керак. Бунда соҳани янада қулайроқ қилиш, ишламайдиган механизмларни қайта кўриб чиқиш, тизимни замонавий ёндашувлар асосида тартибга солиш муҳим» дейилади.