Norma.uz

«Янги Ўзбекистон» массивларини лойиҳалаштириш ва қуриш учун янги тартиб ўрнатилади

 

«Янги Ўзбекистон» массивини лойиҳалаштириш икки ойдан ортиқ бўлмаслиги, қурилиш эса уч ой ичида бошланиши керак. Бу талаб бузилганда, ер қайтадан аукционга қўйилади.

Лойиҳа экспертизасини кўпи билан 15 кун давомида ўтказишга рухсат этилади. Бу йил бундай массивлар инфратузилмасига 1,2 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда 2025 йил учун режалар муҳокамаси давомида айтилди.

 

«Эскроу» тизими жорий қилиниши билан девелоперларга паст фоиз ставкаси билан 1 миллиард долларгача айланма маблағ жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Муҳими, молиялаштириш ва қурилиш жараёнини параллел олиб бориш мумкин бўлади. Фуқаролар эса қурилишнинг бошланғич босқичидаёқ ипотека кредити ва субсидия олишлари ҳатто объект битмасдан уйни сотишлари мумкин бўлади, дея хабар бермоқда president.uz портали. Ишончли девелоперлар учун яна бир имконият очилади: турар жой объектининг 50%и қурилиши тугалланган заҳоти, фуқаролар кредит ва субсидиялар олиши мумкин бўлади. Бу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотека кредитлари учун ҳам татбиқ этилади.

Қурувчи ташкилотлар қурилиш бошланган вақтдан то якунлагунича, аммо 12 ойдан ошмаган даврда ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Агар объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини икки баравар миқдорда тўлайди. «Янги Ўзбекистон» массиви учун ажратилган ер участкасининг ўн фоизи тижорат биноларини қуриш учун бир лот сифатида савдога қўйилади. Бундан ташқари, турар жой уйларининг пастки икки қаватида хусусий боғчалар ташкил қилинса, уларнинг фаолияти мулк солиғидан озод қилиниш орқали қўллаб-қувватланади.

Умуман олганда, 2030 йилгача 100 та «Янги Ўзбекистон» массивини қуриш режалаштирилган. Бунинг учун ер участкалари камида 70 минг киши яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1–2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида умумий майдони 100 минг квадрат метр бўлган 2 мингта квартира қурилиши режалаштирилган. Янги Тошкентда уйлар «яшил» энергия билан таъминланади. Ишончли энергия таъминоти учун хусусий сектор 100 мегаватт-соат сиғимли электр йиғиш тизимларини ўрнатади. Уйларнинг иситилиши ва совутилиши марказлаштирилган тригенерация орқали амалга оширилади. Бу ёзги даврда электр энергияси истеъмолини тўрт баравар камайтириш имконини беради. Барча бино ва иншоотларда юқори энергия самарадорлигига оид талаблар жорий этилади. Транспорт ва ёритиш инфратузилмаси, шунингдек зарядлаш станциялари фақат «яшил» талаблар асосида бўлади. Ишларни сифатли ташкил этиш учун замонавий менежерлар иштирокида «Ўз уйим» компанияси ташкил этилади. У «Янги Ўзбекистон» массивларига ер участкаларини танлаш, лойиҳалаштириш, қуриш ва кейинчалик эксплуатация қилишга масъул бўлади, дея таъкидлайди president.uz.

 

Бугунги кунда 15 минг кўп квартирали уйнинг атроф ҳудудлари расмийлаштирилмаган, шунинг учун бошқарувчи ва хизмат кўрсатувчи компаниялар хизмат кўрсатадиган участкалар чегаралари аниқланмаган. Видеоселектор йиғилишида Президент томонидан бундай участкаларни аниқ белгилаш, уларни бошқарувчи компанияларга бириктириш, кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича топшириқ берилди. Яшил ҳудудлар бўйича шартномавий муносабатлар ва нормативларни қонунда мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

 

Прочитано: 17 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика