Norma.uz

Бола парвариши бўйича нафақани тайинлаш тартиби

 

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил тугаши билан ишлайдиган аёлларга уларнинг хоҳишига кўра болани 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун таътил берилади. 2020 йил 1 январдан ушбу таътилнинг берилиши ЯММТда рўйхатдан ўтказилиши лозим. 

 

Болани парваришлаш таътили даврида у 2 ёшга етгунига қадар нобюджет ташкилотлари ходимга корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик нафақа тўлаб беришга мажбур. Нафақани тўлаш тартиби Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган (АВ рўйхат рақами 1113, 14.03.2002 й.).

2021 йил 1 сентябрдан нобюджет соҳасида ишловчи оналар учун нафақа миқдори МҲЭКМ га боғланган ва МҲЭКМ нинг 60%ни ташкил этади (16.06.1994 й. ПФ-871-сон Фармоннинг 3-б.; 11.08.2021.й. ПФ-6277-сон Фармонга 1-илова 1-б.)

Аввал нафақа миқдори қатъий белгиланган – 434 000 сўм эди (30.12.2019 й. ПҚ-4555-сон қарорга 2-илова 2-б.).

2021 йил 1 сентябрдан МҲЭКМ 822 000 сўмга тенг (17.08.2021 й. ­ПФ-6279-сон Фармон 2-б.), тегишинча нафақа 493 200 сўмга тенг (822 000 х 60%).

Агар ташкилотингиз бюджет ташкилоти бўлса, нафақани тўламайсиз. Уни олиш учун ходим яшаш жойи бўйича маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиши лозим (12.12.2007 й. ПҚ-744-сон қарор 21-б.).

Ишламайдиган оналарга, ва бюджет соҳасида ишловчи оналарга 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ўрнига «кам таъминланган оила» тоифасига мувофиқ бўлган тақдирда кичик боласининг 3 ёшга тўлгунига қадар бола нафақаси тўлаб берилади (ПФ-6277-сон Фармон 1-б.).

Қоида тариқасида бола парвариши бўйича нафақа боланинг онасига тайинланади ва тўлаб берилади. Бироқ, у боланинг отасига, фарзандликка олганга, васийликка олган ёки туғилган, фарзандликка қабул қилинган, васийликка қабул қилинган болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришини ҳақиқатда амалга ошираётган бошқа қариндошларига тўланиши мумкин.

Бола парвариши учун нафақани тайинлаш учун қуйидаги ҳужжатларни олинг:

• бола парвариши бўйича таътилни бериш ва бола парвариши бўйича нафақани тайинлаш тўғрисида ариза;

• бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Боланинг онаси ўрнига бола парвариши бўйича нафақага даъво қилувчи шахслардан қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиб олинг:

• онаси йўқлиги тўғрисида – боланинг (болаларнинг) онаси вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома;

• онанинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида – суд органлари томонидан берилган маълумотнома;

• боланинг (болаларнинг) онаси томонидан бола парвариши бўйича нафақани олиш имконияти бўлмаганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни.

Олинган ҳужжатлар асосида буйруқни расмийлаштиринг. Қоида тариқасида болани парваришлаш учун таътил бериш ва нафақани тайинлаш тўғрисида битта буйруқ расмийлаштирилади.

Болани парваришлаш учун нафақани парвариш амалга оширилаётган болалар сонидан ҳамда шахснинг меҳнат стажидан қатъи назар ҳар ой тўлаб беринг. Масалан, агар ходима эгизаклар туғса, икки болани парваришлаш учун нафақа бир фарзанд учун тайинланган миқдорда тўланади.

Нафақа уни тайинлашга мурожаат қилинган ойдан бошлаб тўланади, бироқ ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил тугайдиган кундан аввал эмас.

 

Мисол. 2 ёшгача болани парваришлаш учун таътилнинг бошланиш санасини аниқлаш

Ходимга 2 февралдан 5 июнга қадар ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилди. 1 июнда ходим унга 2 ёшгача болани парваришлаш учун таътил бериш ва унга нафақа тайинлаш тўғрисида ариза берди.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил 5 июнда тугатилади, 6 июнь – ишга чиқиш куни. Шу кундан бошлаб ходимга бола парвариши бўйича таътил берилади ва нафақа тайинланади.

 

Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа онанинг ушбу ойдаги таътилда бўлган календар кунларига мос улушда тўланади (1113-сон Низом 3-б.).

 

Мисол. Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа суммаси ҳисоб-китоби

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил 10 сентябрда тугайди. 11 сентябрдан ходимга бола парвариши бўйича таътил берилди ва бола парвариши бўйича нафақа тайинланди.

Нафақа миқдори 2021 йил 1 сентябрдан МҲЭКМнинг 60%ни ташкил этади (493 200 сўм).

Сентябрь ойи учун нафақа суммаси 328 800 сўмни (493 200 / 30 х 20) ташкил қилади.

 

Агар ходима биринчи болани парваришлаш учун таътил даврида иккинчи болани туғса, нафақани бир фарзандга белгиланган миқдорда кичик бола 2 ёшга тўлгунга қадар тўланг. Бунинг учун ходимдан тегишли аризани олинг.

 

Вазият. Ходима бола парвариши бўйича таътилда бўлиб турган пайтда иккинчи болани туғди

2 ёшгача болани парваришлаш учун таътилда бўлиб турган пайтда ходима ходимлар бўлимига иккинчи бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳномани тақдим этди. Бола 2021 йил 9 июлда туғилди. Каттаси 2021 йил ноябрда 2 ёшга тўлади.

Корхона иккинчи болага нафақа тўлаши лозимми?

Нафақа бир фарзанд учун тайинланган миқдорда тўланади. Иш берувчи нафақани 2023 йил 9 июлгача тўлашни давом эттиришга мажбур, яъни кичик боланинг 2 ёшга тўлгунига қадар.

Тўлиқ бўлмаган иш вақти шартларида ёки уйда ишлайдиган оналар бир вақтнинг ўзида бола парвариши бўйича нафақани ва ишлаган даврида иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга.

 

Александр Навотний, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи,

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 164 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика