Norma.uz

Стажда узилиш бўлганда

 

Сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятида узлуксиз 5 йиллик стаж мавжуд бўлмаса, пенсия ҳисоблаш учун қайси даврдаги иш ҳақи ҳисобга олинади? 

 

– Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-м. 1-қ.).

Меҳнат фаолиятига танаффуслар турлича бўлиши мумкин. Масалан:

1) меҳнат дафтарчасига ёзув меҳнат фаолиятининг узлуксизлигини кўрсатади, бироқ турли сабабларга кўра айрим даврларда фуқароларга иш ҳақи ҳисобланмаслиги мумкин.

Мазкур ҳолатда иш ҳақи ҳисобланмаган даврлар (масалан, иш ҳақи сақланмайдиган таътил), ноль қийматда қабул қилинади ҳамда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинади, яъни ўртача ойлик иш ҳақи миқдорининг камайишига таъсир кўрсатади.

Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаган ҳолларда (масалан, архивда иш ҳақи тўғрисида ёзув яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқолганда) мавжуд бўлмаган даврлар учун иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан, қонун ҳужжатларида тегишли даврлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари қабул қилинади (252-сон Низомнинг 85-б.).

Меҳнат дафтарчасидаги суд тартибида сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) деб топилган ёзувлар меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди (252-сон Низомнинг 88-б.);

2) меҳнат дафтарчасидаги ёзувларда бир ишдан бўшаб бошқасига кирганда узилиш бўлади. Тегишинча, ишдан бўшаган ва бошқа ишга кирган вақт ўртасидаги танаффуслар иш стажининг узлуксизлигини аниқлашда ҳисобга олинмайди. Яъни узлуксизлик тушунчаси ишдан бўшаш ва ишга кириш вақти ўртасидаги танаффусларни ўз ичига олмайди.

Масалан, меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга кўра меҳнат фаолияти қуйидаги даврларга тўғри келади – 1.01.2010 й.–31.12.2013 й. (48 ой), 1.05.2014 й.–31.07.2014 й. (3 ой), 1.01.2016 й.–30.09.2016 й. (9 ой). Умумий меҳнат фаолияти – 60 ой. Айнан ушбу давр узлуксиз 5 йиллик стаж деб тан олинади.

 

Маълумот учун!

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

• 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 2 750 000 сўм белгиланади;

• боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 440 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;

• боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.

Прочитано: 272 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика