Norma.uz

Пенсияга чиқиш вақти келди

 

Ҳар бир инсон вақти келиб пенсия ёшига етганда иш берувчи–ходим муносабатларини тўхтатиш фурсати келади. Бўлғуси пенсионер меҳнат фаолиятини давом эттирса муаммолар бўлмайди. Бироқ кўпинча шундай вазият бўладики, пенсияга ёшига тўлган ходим ишдан бўшатиш учун номзодга айланади. Бундай тартиб-таомилларни амалга оширишда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя этилиши ҳақида «Norma» МЧЖ эксперти Валерия Ляндрес сўзлаб берди. 

 

– Иш берувчи пенсия ёшига тўлган ходимни ишдан бўшатишга қарор қилди. У, биринчи навбатда, нима қилиши керак?

– Маълумки, эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-м.).

Иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинганда уни меҳнатга оид муносабатларнинг келгусида бекор қилиниши тўғрисида камида 2 ой олдин огоҳлантириши ёки тарафларнинг келишувига биноан унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши шарт (МК 102-м.).

Таъкидлаб ўтиш жоизки, агар ходим пенсияга ёшига тўлган бўлса, бироқ унда давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда, иш берувчи бундай асосга кўра ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.

 

– Мазкур ҳолатда пенсионерга бирор-бир қўшимча тўловлар берилиши лозимми?

– Давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган ходим пенсия ёшига етганда у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида иш берувчи қуйидаги тўловларни тўлаши шарт:

• ҳақиқатда ишланган кунлар, шу жумладан меҳнат муносабатлари бекор қилинган кун учун иш ҳақи;

• фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация (фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлган тақдирда);

• меҳнат шартномаси бекор қилинган корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча тўловлар;

• огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация (томонларнинг келишувига кўра);

• ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);

• МКнинг 104-моддасига мувофиқ муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги учун неустойка (меҳнат шартномасида шундай шартлар мавжуд бўлган тақдирда).

Пенсионерларни ишдан бўшатишда МКнинг 67-моддасида белгиланган иш қидириш даврининг 2 ва 3-ойлари учун ўртача иш ҳақининг сақланиши назарда тутилмаган.

 

– Қандай ҳолатларда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлмайди?

– Ходим таътилда бўлганда, шу жумладан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги сабабли уни ишдан бўшатиш мумкин эмас (МК 100-м.).

Шунингдек 2019 йил 1 майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли:

• улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар;

• муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади (7.03.2019 йилдаги ПҚ-4235-сон қарорнинг 1-б.).

Юқорида таъкидланганидек, иш берувчида пенсияга ёшига етган, давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ходим билан тузилган шартномани бекор қилиш учун асос мавжуд эмас.

Бунда таъкидлаш жоизки, агар жамоа шартномасида ёки жамоа келишувида бундай асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмалари қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, розилик олинмаган тақдирда пенсионер билан меҳнат муносабатларининг бекор қилиниши ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

 

Маълумот учун!

2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:

• ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 565 000 сўм;

• болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 622 000 сўм;

• зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 440 000 сўм;

• иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 440 000 сўм;

• белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – ойига 623 000 сўм.

Прочитано: 340 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика