Norma.uz

Тунги вақтдаги ишни расмийлаштириш тартиби

 

Тунги вақтдаги ишни расмийлаштириш тартиби

 

Тунги вақтдаги ишга жалб этиш тартиби қуйидагиларда белгиланиши мумкин:

• ички меҳнат тартиби қоидаларида;

• смена жадвалларида;

• жамоа шартномасида.

Уларда тунги вақтда ишларга жалб этиладиган мутахассислик(лавозим)лар рўйхатини қайд этинг.

Шунингдек тунги вақтдаги иш шартларини ходим билан тузилган шартномада кўрсатиб ўтишингиз мумкин.

Тунги вақтдаги ишга тайинлашни буйруқ билан расмийлаштиринг ва ходимни унга имзосини қўйдириш йўли билан таништиринг.

Қуйидагилар тунги вақтдаги ишларга жалб этилганда улардан ёзма розилик хатини олинг:

• ҳомиладор аёллардан;

• 14 ёшга тўлмаган (16 ёшга тўлмаган ногирон) боласи бор аёллардан;

• ногирон ходимдан.

Агар ҳомиладор аёлларни, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ёки ногирон ходимларни тунги ишларга жалб қилсангиз, унда уларнинг розилигидан ташқари бундай иш уларга тақиқланмаганлигини тасдиқлайдиган тиббий хулоса олинг (МК 220-м. 5-қ., 228-м.). 

 

МИСОЛ. Ногирон тунги вақтдаги ишга жалб этилди

Ишлаб чиқариш зарурияти туфайли бошлиқ II гуруҳ ногирони чилангар С.Икромовдан, тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмагани боис, авария ҳолатини бартараф этиш учун бир кун тунги вақтда ишга чиқишини сўради. Ходимнинг ёзма розилик-аризасига кўра буйруқ расмийлаштирилди.

 

ВАЗИЯТ. Тунги вақтдаги ишга ҳомиладор аёл тайинланди 

Ташкилот кийим-кечак тикиш билан шуғулланади. Тикувчи-мотористларнинг бири ҳомиладор бўлиб, ишни давом эттирмоқда. Ҳомиладорлик ва туғруқ таътилигача бир неча ой қолди. Цех бўйича иш графиги сменали бўлиб, тунги смена ҳам мавжуд.

Ҳомиладор аёлни тунги ишга жалб этиш мумкинми?

  •  Мумкин, фақат бунда унинг розилиги ва бундай иш унга ва болага салбий таъсир этмаслигини тасдиқлайдиган тиббий хулоса мавжуд бўлиши керак (МК 228-м.). Акс ҳолда ишга жалб этманг. Агар рози бўлмаса, тиббий қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда ҳам, у фармойишни бажармаслик ҳуқуқига эга. Бу меҳнат интизомининг бузилиши ҳисобланмайди, рад этганлиги учун унга нисбатан интизомий чора кўриш тақиқланади.

 

Қолган ҳолларда ходимнинг розилиги шарт эмас.

18 ёшга тўлмаган ходимларни, хатто уларнинг розилиги билан ва ўз ихтиёрига кўра ҳам тунги вақтдаги ишларга жалб этманг (МК 245-м.). Бу тақиқланган ва директорга нисбатан жавобгарликни юзага келтириши мумкин.

 

 

 

 

Тунги сменада иш вақтини ҳисоблаш

Соат 22-00 дан 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (МК 122-м. 1-қ.). Агар ходим учун белгиланган иш вақтининг давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, унда сменани тунги деб ҳисобланг.

 

МИСОЛ. Тунги вақтни аниқлаш

Ходим 8 соатлик иш кунида ишлайди. Уни 20.00 дан 3.00 гача ишга жалб этишди. Бу тунги смена ҳисобланади, чунки унинг 5 соати (яъни ярмидан кўпи) тунги вақтга тўғри келади (22.00 дан 3.00 гача).

Ушбу ҳолатда ходимнинг кейинчалик ишлаб беришисиз, тунги иш вақти муддатини 1 соатга, иш ҳафтаси муддатини ҳам шунга мувофиқ равишда қисқартиринг.

 

МИСОЛ. Тунги сменаларда иш вақтининг ҳисоб-китоби

Ходимлар смена жадвалига мувофиқ ҳафтада 5 тунги сменада ишлаб беришлари лозим. Уларнинг ҳафталик иш вақти муддатининг меъёри 40 соатни эмас, 35 соатни ташкил этади, чунки ҳар бир смена 1 соатга қисқаради. 

 

Қуйидаги ҳолларда тунги вақтдаги ишни кундузги вақтдаги ишга тенглаштиринг ва уни давомийлигини қисқартирманг, агар:

• ходим тунги вақтда ишлаш учун махсус қабул қилинган бўлса (масалан, тунги қоровул, тунги электрик ва б.);

• ишлаб чиқариш узлуксиз бўлса ва уни тўхтатиш мумкин бўлмаса (масалан, буғ қозонида навбатчи ходимнинг сменали иши);

• ходимлар олти кунлик иш ҳафтасида бир кунлик дам олиш билан сменали меҳнат қилишса.

Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (МК 158-м. 1, 3-қисмлар). Ҳақ миқдорининг аниқ ҳажмини жамоа шартномасида белгиланг, ёки ходимларнинг вакиллик органлари билан ёзма равишда келишинг.

Тунги вақтда ишланган ҳар бир соат учун меҳнат ҳақини асосий тўловлардан алоҳида равишда ҳисобланг.

 

Александр Навотний, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи,

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 121 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика