Республика вилоятларида рўйхатга олишни расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?
– Фуқаро вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
• Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 1-илова) 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза;
• Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти ёки ID-картаси;
• контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
• уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
• уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);
• никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
• доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.