Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 49 / Раҳбар нималарни билиши лозим

Сотиб олиш пайти келди!

 

ҲУЖЖАТЛАР ПАКЕТИНИ ШАКЛЛАНТИРАМИЗ

 

Харид тадбиркорлик субъекти хўжалик фаолиятининг ажралмас қисмидир. Уни амалга ошириш учун муқаррар равишда товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш зарурати туғилади. Харид тизимининг аудиторлик текширувлари ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш тажрибасининг кўрсатишича, таъминот бўлимларининг ходимлари ҳамда бошқа мутахассислар харид қилиш чоғида кўп ҳолларда солиқ ва ҳуқуқ соҳасида жиддий хатарларни юзага келтириши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар ва хатоларга йўл қўядилар. Мазкур материалда харид қилишга доир ҳужжатлар пакетини расмийлаштириш чоғида содир этиладиган энг кўп учрайдиган хатолар кўрсатилади.

 

ЛОКАЛ ҲУЖЖАТЛАРДА НАЗАРДА ТУТИЛГАН ҲУЖЖАТЛАР

Товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилинишидан аввал тузиладиган ва уларнинг мақсадга мувофиқлигини асослайдиган ички ҳужжатларни расмийлаштириш зарурати хўжалик юритувчи субъектнинг махсус локал ҳужжати билан белгиланиши мумкин. Масалан, у раҳбарият томонидан тасдиқланган харидлар тўғрисидаги низом ёки ушбу таомилнинг регламенти, бошқа шунга ўхшаш ҳужжат бўлиши мумкин.

Одатда бундай локал ҳужжатлар кўп даражали ташкилий тузилмага эга бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқилади. Уларда кўпинча махсус комиссия тузиш назарда тутилади, у белгиланган муддатларда хўжалик юритувчи субъект манфаатдор хизматларининг (ишлаб чиқариш бўлинмаларининг) товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш мақсадида киритган, уларга бўлган ишлаб чиқариш ва бошқа хил эҳтиёжларни асослайдиган буюртмаларини кўриб чиқади.

Харид қилиш бўйича барча ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилиши исталган тадбиркорлик фаолияти субъектининг манфаатларига жавоб беради. Шу боис ишни локал ҳужжатда назарда тутилган бошланғич ҳужжатларни расмийлаштиришдан бошлаш лозим. Бунда йўл қўйиладиган хатолар турли даражадаги хатарларга: муҳим бўлмаган, масъул ижрочини интизомий тарзда жазолаш билан чекланадиган хатодан тортиб жиддий бўлган, ишлаб чиқаришда йўқотишга ва раҳбариятнинг ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишига қадар хатарларга олиб келади. Сўнгги ҳолат одатда давлат активларига эга бўлган корхоналар ва йирик бизнес учун хосдир.

 

ИЧКИ ЛОКАЛ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ БУЗИЛИШИ

Ички локал ҳужжатларнинг талабларида назарда тутилган ҳужжатларни расмийлаштириш чоғида энг кўп йўл қўйиладиган  ҳуқуқбузарликлар қайсилар.

 

1. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича ҳаракатларнинг кетма-кетлигини бузадиган саналар хронологияси.

 

1-МИСОЛ. Товарни харид қилишга буюртманома 2015 йил 15 майда расмийлаштирилган, турли етказиб берувчилар томонидан уларни етказиб бериш шартлари тўғрисидаги ахборот қайд этилган рақобат варақлари эса 2015 йил 30 апрелда имзоланган. Бу товар етказиб берувчи амалда харид қилишга буюртманома берилган ва тасдиқланган пайтдан аввал танлаб бўлганидан далолат беради.

 

2-МИСОЛ. 2015 йил 31 июлда ўтказилган, товар харид қилишга буюртманомани кўриб чиққан комиссия мажлисининг баённомасида шу йилнинг августида ўтказилган нарх экспертизаси далолатномасига ҳавола мавжуд.

 

Бундай номувофиқликлар корхона мансабдор шахсларининг локал ҳужжатлар талабларини лозим даражада бажармаганлиги ва расмийлаштириладиган ҳужжатларга ишончсиз маълумотларни киритганликлари тўғрисида гувоҳлик бериши мумкин. Буни харид қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга расмият учун ёндашиш ҳам, ахборотни қасддан бузиш кўзланганлиги ҳам келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

 

2. Ҳужжатларда масъул мансабдор шахслар ва улар ижрочилари резолюцияларининг йўқлиги

 

Одатда харид қилиш таомилини тартибга соладиган локал ҳужжатларда у билан боғлиқ ҳужжатларни тасдиқлашга ваколати бўлган мансабдор шахслар кўрсатилади. Чунончи, корхона стандартларида товарни харид қилишга буюртманомани кўриб чиқиш чоғида унга бўлган эҳтиёжни тасдиқлаш учун корхона омборида бундай товарнинг йўқлиги хусусида ахборотнинг бўлиши зарурати белгиланиши мумкин, бунинг учун омбор мудирининг резолюциясини олиш лозим.

Бир қатор ҳолларда буюртманомада битта ёки бир нечта имзонинг йўқлиги лозим даражада ёзма тасдиқлашсиз харидни амалга оширган ижрочилар ва мансабдор шахсларнинг суиистеъмолликлари тўғрисида гувоҳлик бериши мумкин. Чунончи, агар импорт товар корхона омборида кўп бўлишига қарамай хорижий валютага харид қилинган бўлса, хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахслари валюта маблағларидан оқилона фойдаланмаганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортилишлари мумкин.

 

3. Ҳужжатларда харид қилинаётган товарнинг сони ёки бошқа тавсифлари ҳақидаги маълумотларнинг номувофиқлиги.

 

1-МИСОЛ. Раҳбарият томонидан тасдиқланган режалаш бўлимининг далолатномасига кўра ойна заводининг қумга бўлган бир йиллик эҳтиёжи 10 000 тоннани ташкил этади. Биринчи чорак учун буюртманомада эса 12 000 тонна қум сўраляпти.

 

2-МИСОЛ. Лифт эшиклари учун электр юритмалар харид қилишга буюртманомада двигатель айланишининг номинал частотаси 1 425 айл./дақ.ни ташкил этиши кераклиги кўрсатилган. Махсус комиссиянинг баённомасида эса айланиш частотаси 950 айл./дақ. бўлган электр юритмаларни харид қилишга буюртманома тасдиқланади.

 

Бундай тафовутлар нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин: харид қилинган товарлар талаб қилинмайди, ҳисобот даври тугагач омборда қолади, брак маҳсулот ёки хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот ишлаб чиқарилишига олиб келади.

 

ТАНЛОВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШДАГИ ХАТОЛАР

Корхона танлов савдоларини ўтказиш қоидаларини тасдиқлаши ва уларда танлов ҳужжатларига талабларни назарда тутиши мумкин. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳар бирида улар ўзига хос бўлиши мумкин, бироқ албатта қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак. Танлов ҳужжатларини расмийлаштиришда кўп учрайдиган хатоларни кўриб чиқамиз.

 

1. Эҳтимолий етказиб берувчиларга юбориладиган харидга доир сўровномаларда товарнинг аниқ ишлаб чиқарувчисини кўрсатиш

 

МИСОЛ. Учта етказиб берувчига «Қорпарча» русумидаги кондиционерларни харид қилишга сўровнома юборилди. Келиб тушган тижорий таклифларнинг таҳлили етказиб берувчиларнинг бири «Қорпарча» компаниясининг расмий дистрибьютори эканлигини аниқлаш имкониятини беради. «Аёз» ва «Шамол» компанияларининг ишлаб чиқарувчилари ва дистрибьюторлари бўлган бошқа икки компания харидорга «Қорпарча» кондиционерларини таклиф эта олмайди. Улар бошқа русумлардаги кондиционерларни харид қилишни таклиф этадилар. Якунда келиб тушган тижорий таклифларни кўриб чиқиш чоғида корхона махсус комиссияси энг мақбул етказиб берувчини танлайди, у, албатта, сўралаётган русумдаги кондиционерларни таклиф қилган «Қорпарча» компаниясининг дистрибьютори ҳисобланади.

 

Танлов асосида танлаб олишга бундай ёндашув назорат органлари эътиборидан четда қолмайди ва, чамаси, уларнинг ҳуқуқий баҳосини олади. Агар рақобатни чеклаш далили белгиланиши билан вазиятга нуқта қўйилса, яхши. Текширувчиларда корхона раҳбариятининг аниқ етказиб берувчи билан битим тузишдан моддий манфаатдорлиги хусусида шубҳаланиш учун асос бўлса, номақбулдир.

 

2. Чет эл компанияларининг ваколатхоналари расмийлаштирган хорижий товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларнинг тижорий таклифлари

 

Ваколатхоналар норезидент томонидан Ўзбекистонда тижорат фаолиятини амалга оширилишида иштирок эта олмайдилар1. Айни шу сабабли ваколатхона муҳри билан тасдиқланган, норезидентнинг тижорий фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар бўлганда корхона ва унинг мансабдор шахслари хорижий компания билан шартнома муносабатларини муқобил текшириш иштирокчиларига айланиши ва унинг натижалари бўйича ваколатхонанинг мансабдор шахсларини фош этиш жараёнига тортилиши мумкин.

 

3. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишга сўровномаларни йўналтириш, тижорий таклифлар олиш ва етказиб беришнинг энг фойдали шартларини таклиф этган етказиб берувчини танлаш бўйича ҳаракатлар хронологиясини бузиш

 

МИСОЛ. Хўжалик юритувчи субъектнинг 3 та тижорий таклифни кўриб чиққан махсус комиссияси мажлисининг 2015 йил 2 сентябрда расмийлаштирилган баённомасида хорижий етказиб берувчи А билан унинг 2015 йил 28 августдаги таклифида кўрсатилган шартларда тўғридан-тўғри шартнома тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги қайд этилган. Бироқ етказиб берувчининг факс орқали юборилган таклифининг ўзида факсограммани олиш вақти ва санаси тўғрисида автоматик босма белги – «03.09.2015 й.» қўйилган.

 

Тўғри, саналардаги бундай тафовут фойдаланилаётган алоқа аппаратининг иши нотўғри созланганлиги оқибатида юз берган бўлиши мумкин. Бироқ шу билан бирга унда, расмий ҳужжатларга атайин ишончсиз маълумотларни киритиш билан боғлиқ бўлган, товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида рақобатни қасддан чеклаш ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин. Бундай ҳуқуқбузарликни содир этиш усули эса текширувчига монополияга қарши қонун ҳужжатларининг қоидалари билан чекланмаслик имконини беради.

 

ЕТКАЗИБ БЕРУВЧИЛАР БИЛАН ШАРТНОМАДАН АВВАЛГИ ЁЗИШМА

Товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилари билан ёзишмага хўжалик юритувчи субъектларнинг ходимлари етарлича масъулият билан ёндашиб, харид бўйича ҳужжатларнинг шакллантирилаётган пакетига етказиб берувчидан олинган ёки унга юборилган ҳар бир хатни илова қиладилар. Бироқ бунда корхонага пул чегирмаларини бериш тўғрисидаги хатлар алоҳида эътиборни тақозо этади. Амалиётнинг кўрсатишича, ушбу хатлар кўпинча хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтериясига етиб бормайди.

Олди-сотди шартномасида товар нархи берилган чегирмани ҳисобга олган ҳолда кўрсатилганлиги тўғрисидаги ахборотга эга бўлмаган бухгалтерия ходимлари ТМБ таннархини нотўғри акс эттирадилар. Кейинчалик тайёр маҳсулот реализация қилинаётганда бу солиқ солинадиган базаси товарлар реализациясидан даромадларни ўз ичига оладиган солиқларни қўшимча ҳисоблашга олиб келиши мумкин.

Шу боис локал ҳужжатда харидларнинг масъул ижрочиларини қуйидаги қоидага риоя этишга мажбур этиш тавсия қилинади: чегирмага эришдингизми – бухгалтерияга хабар қилинг.

 

 

ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ ВА ИЖРО ЭТИШДАГИ ХАТОЛАР

 

1. Корпоратив харидларга2 тўғридан-тўғри шартномани (биржадан ташқари) расмийлаштириш

 

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 11.06.2013 йилдаги 166-сон Қарорига 2-илова, бундан кейин – 166-сон Низом) мувофиқ, махсус Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланадиган рўйхат бўйича 300 дан 100 минг АҚШ долларига эквивалент суммада (бир контракт бўйича) товарлар (ишлар, хизматлар)нинг корпоратив харидлари ЎзРТХБ ташкил этадиган алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида амалга оширилади. Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича корпоратив харидларни амалга оширишга фақат узайтирилган биржа савдолари бўлиб ўтмаган деб эътироф этилган тақдирда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда йўл қўйилади3.

Корпоратив харидларни амалга ошириш тартибини бузиш корхонанинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортган ҳолда тузилган битимларни давлат манфаатларига зид бўлган битимлар деб эътироф этиш хатарига олиб келади.

 

2. Биржада илгари рўйхатдан ўтказилган контрактларга қўшимча битимлар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида биржа белгисининг йўқлиги

 

МИСОЛ. Биржа савдоларида нархни пасайтиришга шартнома тузилгандан кейин корхона ва савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи ўзаро қўшимча битим тузишади. Унга кўра материаллар қийматининг ошиши муносабати билан тузилган биржа контрактининг нархи ошади. Кейинроқ тарафлар шартномани унга киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда ижро этадилар.

 

Бундай ҳолда қуйидагиларни эътиборга олиш керак:

биринчидан, биржа шартномаларига қўшимча битимларни биржада рўйхатдан ўтказиш лозим4;

иккинчидан, корхонанинг мансабдор шахслари ва етказиб берувчининг ҳаракатларида рақобатни чеклаш, биржа савдолари таомилларини бузиш ва бошқаларга йўналтирилган тил бириктириш назарда тутилган бўлиши мумкин.

Зеро ушбу таомилда назарда тутилишича, ғолиб чиққан етказиб берувчи электрон биржа савдоларида рўйхатдан ўтказилган, нархни пасайтиришга доир шартномани бажаришдан бош тортган тақдирда корхона биржа буюртманомасида эълон қилинган харид шартларида товарларни сотиб олиш юзасидан таклифларни камида уч нафар хўжалик юритувчи субъектга юбориш йўли билан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида бундай товарларни сотиб олиши мумкин5. Бундан ташқари, савдолар ғолибининг биржа шартномасида назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши харидорга бундай етказиб берувчидан баъзи бир «пул қоплами»ни олиш ҳуқуқини беради6.

Шартномани ўзгартирилган, ҳақиқатда оширилган нархда бажариш эса, фикримизча, текширувчи тузилмаларда корхона раҳбариятининг етказиб берувчига бунчалик лоял муносабатда бўлиши сабабларига қизиқиш туғдиради.

 

3. Хўжалик шартномаларида кўрсатилган товарларнинг уларга расмийлаштириладиган ҳисобварақ-фактуралардаги товар позициясига номувофиқлиги

 

МИСОЛ. Корхона етказиб берувчи билан ядролари частотаси 2,4 G hz бўлган ноутбуклар учун икки ядроли процессорларнинг олди-сотди шартномасини тузди. Расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурага кўра шартномавий нархга кўра кам самарали бўлган, ядролари частотаси 1,7 G hz бўлган икки ядроли процессорлар харид қилинди. Шу тариқа, корхона товарни бозорда худди шундай, бироқ техник кўрсаткичлари ва тавсифлари анча юқори бўлган товарлар учун хос бўлган нархда сотиб олган. Товарларни қабул қилиш далолатномаси бўйича корхона шартнома шартларидан тафовутлар йўқлигини тасдиқлаганлиги сабабли, лозим даражада бўлмаган товарни етказиб берганлиги учун етказиб берувчига нисбатан жарима санкциялари ҳам қўлланмади.

 

Текширувчи органларнинг бундай битимларни содир этишнинг аниқланган сабаблари ва мақсадларига боғлиқ ҳолда ушбу далилларга берадиган ҳуқуқий баҳоси корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят ишларини қўзғатиш учун асос бўлиши мумкин.

 

4. Биргина шартномага бир хил реквизитлар билан бир нечта ҳисобварақ-фактураларнинг мавжудлиги

 

Кўпинча товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилари ёзиб берадиган ҳисобварақ-фактураларда юклаб жўнатилган товар (бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар) тури, унинг миқдори ёки қийматини кўрсатишда хатолар мавжуд бўлади. Бундай ҳолда шартнома тарафлари бу ҳужжатни бекор қиладилар. Бироқ, амалиётнинг кўрсатишича, буюртмачининг «янада эҳтиёткор» ходимлари харид бўйича ҳужжатлар пакетига барча ёзилган ва расмийлаштирилган, шу жумладан етказиб берувчи бекор қилган, улар ўрнига бошқалари ёзилган ҳисобварақ-фактураларни соладилар. Агар улардан бири (айтайлик, амал қилинадигани) текширув пайтида йўқолиб қолса нима бўлади?

 

МИСОЛ. Етказиб берувчининг бухгалтерияси шартнома бўйича амалда берилганидан ортадиган товар сонига ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Ушбу хатони аниқлаб, етказиб берувчининг мутахассислари илгари ёзилган ҳисобварақ-фактурани бекор қилишди ва бошқасини лозим тарзда расмийлаштиришди, уни харидорнинг масъул ходими ушбу товар харидини расмийлаштириш учун ҳужжатлар пакетига қўшиб қўйди. Бироқ корхонани режали текшириш пайтида охирги ўзгартирилган ҳисобварақ-фактура ҳужжатлар пакетида «тасодифан» йўқ бўлиб чиқди. Ҳисобварақ-фактура ва кирим ордерида товар сонининг тафовут қилиши сабаблари тўғрисида савол берган текширувчи органларнинг хулосаси эса равшан: камомад... Агар бошланғич ҳужжатлари бўйича вазиятни тиклаш мумкин бўлган етказиб берувчи тугатилмаганда эди, ундан қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ қўшимча ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш орқали маълумотларга тузатиш киритишни талаб қилиш етарли бўлар эди.

 

5. Омборга келиб тушмаган товарга кирим ордерларини расмийлаштириш

 

МИСОЛ. Корхона етказиб бериш шартномасига кўра хом ашё олди, уни алоҳида шароитда сақлаш керак эди. Алоҳида шароит қўшимча ресурсларни талаб қилиши боис тарафлар товар ишлаб чиқарувчида сақланади деб келишиб олишди. Ундан ишлаб чиқаришда фойдаланилишига қараб корхона хом ашёни етказиб берувчининг омборидан олади. Бироқ текширув чоғида аниқланишича, шартномада назарда тутилган етказиб бериш кунида ушбу товар корхона омборида кирим қилинган ва кейинчалик олиб ўтилмаган. Бироқ мол-мулк инвентарланганда у омборда топилмади. Айни шу сабабли назорат қилувчи органлар камомадни қайд этишди.

 

Ушбу вазиятда корхона ўзининг ҳамкори – етказиб берувчига ҳам панд бериши мумкин. Зеро унга муқобил текширув билан келишлари эҳтимолдан холи эмас. Омборда «олиб чиқилган» товарни топишади. Агар шартнома иккала тарафининг мансабдор шахсларига фақат сохта ҳужжатларнинг келиб чиқиш далили юзасидан тушунтириш бериш билан чекланилса, нур устига аъло нур бўлади... Аммо текширувчилар бу билан чекланмасликлари ҳам мумкин.

 

6. Импорт товарга кирим ордерларини муддатидан аввал расмийлаштириш

 

МИСОЛ. Божхона омбори ва унга ДБҚ лицензиясига эга бўлган корхона импорт контракти бўйича келиб тушган товарни ИМ-74 режимида расмийлаштирди. Кирим ордерига биноан ушбу товар бир ҳафтадан кейин цех омборига қабул қилинди ва ишлаб чиқаришга берилди. Товарни божхонада тозалаш ва уни эркин муомала режимига чиқариш эса, БЮДга кўра, кейинроқ амалга оширилди.

 

Бундай тафовутларнинг мавжудлиги корхонанинг айбдор мансабдор шахсларини божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (муайян божхона режимида жойлаштирилган товарлар билан ғайриқонуний операцияларни амалга ошириш7, уларни божхона назоратини четлаб олиб ўтиш8) жавобгарликка тортиш хатарига эга, шунингдек лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш9 учун асос бўлиши мумкин.

 

Материалимизда келтирилган, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишда содир этиладиган хатоларнинг рўйхати, шубҳасиз, батафсил эмас. Бироқ уларнинг кўпчилиги ижрочиларнинг харид таомилларига риоя этишга бефарқ муносабатда бўлишлари, зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирмаслик, харид олдидан самарасиз тайёргарлик кўрилганлиги ва бошқалар боис содир этилганлигини тушуниш учун ушбу мисолларнинг ўзи ҳам етарлидир.

Шу сабабли ташкилотлар ва таъминот бўлинмаларининг раҳбарларига харид бўйича мутахассисларни тайёрлаш, тегишли бўлим фаолиятининг қонун-қоидаларини батафсил ишлаб чиқиш йўли билан харид фаолиятини мақбуллаштириш, унинг ходимларининг корхонадаги бошқа бўлинмалар билан ҳамкорлик қилиш, мустақил аудитни вақти-вақти билан ўтказиш билан биргаликда етказиб берувчилар билан ишлаш қоидалари ва харид фаолияти устидан назорат қилиш механизмини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор бериш тавсия қилинади.

 

 

Екатерина АДЕЕВА,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялари аудиторлик-консалтинг гуруҳининг юридик амалиёт раҳбари ўринбосари.

 

 


1Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низом (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон Қарорига 1-илова).

2Устав фондидаги давлат улуши 50%дан кўп бўлган табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари томонидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари.

3166-сон Низомнинг 38-банди бешинчи хатбошисига қаранг.

4ФКнинг 384-моддаси биринчи қисми; Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб беришга шартномаларни Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекциясида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.05.2014 йилдаги 117-сон Қарори билан тасдиқланган) 4-банди учинчи хатбошиси.

5166-сон Низомнинг 44-банди еттинчи хатбошиси.

6«ЎзРТХБ» АЖнинг биржа битимлари бўйича ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатиш қоидалари («ЎзРТХБ» АЖ бошқарувининг 11.05.2015 йилдаги 75-сон баённомаси билан тасдиқланган) 105–111-бандлари; Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида биржа савдоси қоидалари («ЎзРТХБ» АЖ кузатув кенгашининг 27.04.2015 йилдаги қарори билан тасдиқланган) 14-бўлими.

7Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-18-моддаси.

8МЖТКнинг 227-21-моддаси ва Жиноят кодексининг 182-моддаси.

9«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 71-II-сон) 23-моддаси; Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомнинг (ВМнинг 20.11.2003 йилдаги 523-сон Қарорига 1-илова) 60-бандига қаранг.

 

Прочитано: 2562 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика