Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 49 / Статистика–2016

Давлат статистика қўмитаси хабар қиладики...

 

Давлат статистика қўмитаси ўтказган матбуот конференциясида интерактив хизматлар, турли соҳаларда статистик тадқиқотларнинг ривожланиши, шунингдек 2016 йил январидан бошлаб статистика ҳисоботларининг янги шакллари жорий этилиши тўғрисида ахборот берилди.

 

– Фирма номларини электрон тарзда захирага олиш ва статистика ҳисоботларини электрон шаклда йиғиш тизимлари Қўмитанинг энг оммавий интерактив хизматлари ҳисобланиб келмоқда, – деб қайд этди матбуот конференциясида ахборот тизимлари, идоралараро ҳамкорлик ва портал ечимлари бошқармасининг бошлиғи Константин Кан. – Жорий йил бошидан 48 мингдан ортиқ фирма номлари захирага олинди. Бугунги кунда барча статистика ҳисоботлари электрон шаклда қабул қилинмоқда, бу эса корхоналарнинг вақти ва маблағини анча тежайди. Келгуси йилда ушбу хизматларни Давлат хизматлари ягона порталида амалга оширишни режалаштиряпмиз – мутахассисларимиз ҳозир бунинг устида ишлашяпти.

Ушбу оммавий хизматлардан ташқари Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида турли тармоқлар бўйича долзарб маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, жорий йилда Қўмита 16 та ихтисослаштирилган статистика тўпламини чоп этди.

 

ТАНЛАБ ОЛИБ ТЕКШИРИШ ТЎҒРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Журналистларга кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорларни танлама статистик текшириш тўғрисида ҳам сўзлаб берилди, улар 2013 йил 1 январдан бошлаб мажбурий статистика ҳисоботларининг ўрнини босади. Кичик бизнес субъектлари ҳар чоракда, фермер ва деҳқон хўжаликлари эса ­йилда 2 ­маротаба танлаб олиб текширилади. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилда иқтисодиётнинг турли соҳаларида ана шундай 13 та текширув амалга оширилган. Статистика ахборотини йиғишнинг бундай шаклини тадбиркорлар ижобий баҳолашмоқда.

– Биз респондентларимизга улар орасида ўтказиладиган сўров шаклларини электрон тарзда тўлдириш ва топшириш имкониятини берамиз, – деб қайд этдилар матбуот кенференциясида Давлат статистика қўмитаси вакиллари. – Бундай анкеталарда йўл қўйилган хатолар ҳеч қандай жарима санкцияларига олиб келмаслиги ҳам муҳим. Текширилаётганлар тақдим этадиган маълумотлар эса иқтисодиётнинг у ёки бу сектори ҳолатининг тўлиқ манзараси ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун етарлидир.

Давлат статистика қўмитаси вакиллари статистик тадқиқотлар кўлами кичик бизнес билан чекланмаганлигини маълум қилишди. Чунончи, ўтган йили Давлат статистика қўмитаси туризм соҳасини текшириш чоғида чет эллик туристлар орасида сўров ўтказди.

– Йўлланмаларни улар ўзларининг хориждаги туроператорларидан олганликлари тушунарли. Бизни эса уларнинг Ўзбекистондаги саёҳатлари давомидаги харажатлари қизиқтирди. Бу хил текшириш республикага бундай пул оқимларига баҳо бериш ҳамда ушбу маълумотлардан турли прогнозлар ва дастурларни ишлаб чиқиш пайтида фойдаланиш имкониятини беради, – деб изоҳладилар Давлат статистика қўмитаси мутахассислари.

Уларнинг маълумотларига кўра, 2016 йилда яна бир муҳим текширув ўтказиш режалаштириляпти, у республикада электрон тижоратнинг қанчалик ривожланганлигини баҳолаш имконини беради.

2016 йил январдан бошлаб юридик шахслар статистика ҳисоботини янгиланган шакллар бўйича топширадилар.

– Биз статистика ҳисоботи шакллари ўзгаришини хоҳламаган бўлардик. Бироқ ҳозирда ҳаёт доимий тарзда ўзгармоқда. Бинобарин, статистика ҳам барча янгиликларга ўз вақтида муносабат билдириш учун мослашувчан бўлиши ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тўлиқ ва холисона манзарасини акс эттириши керак, – дея шарҳлади Давлат статистика қўмитасининг статистика ишларини ташкил этиш ва методология бошқармаси бошлиғи Елена Кияткина.

Унинг қайд этишича, статистика ахборотини йиғиш тизими 2012 йилдан бошлаб доимо ислоҳ қилиб келинмоқда. Мазкур вақт ичида катта иш қилинди. Ҳисоботлар сони анча қисқарди. Танлаб олиб текшириш жорий этилди. Ҳисоботлар топшириш электрон шаклга ўтказилди. Елена Кияткина жорий йил октябрида янги шаклларнинг лойиҳалари танишиш ва муҳокама қилиш учун Интерактив давлат хизматлари ягона порталига киритилиб, бу ерда 3 ҳафта турганини эслатиб ўтди. 2016 йилги ўзгартиришлар унчалик катта эмас. Ўтган йилги ҳисоботларга яна бир янги ҳисобот қўшилади, уни фақат тугалланмаган қурилиш объектларига эга бўлган корхоналар топшириши керак бўлади.

Ҳозир янги шакллар Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш босқичида турибди. Рўйхатдан ўтказилгандан кейин улар Давлат статистика қўмитасининг stat.uz сайтида жойлаштирилади. Бундан ташқари, янги шакллар «Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари» АҚТ ва norma.uz портали фойдаланувчиларига ҳам кўчириб олиш учун тақдим этилади.

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 3001 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика