Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 45 / Почта қутиси

Ўзим, онам ва отамга

Мен Хитойнинг оммавий сайтидан ўзим, онам ва отамга, ­яъни фақат ўз эҳтиёжларимиз учун 3 та телефон буюртирдим. Буюртманинг қиймати $1 000 дан ошмайди. Танишларимнинг айтишича, биздаги қандайдир ёзилмаган қоидага кўра бир йилда фақат 3 та телефон олиш мумкин экан. Шу боис божхонада буюртмамни тутиб қолиб, жўнатмани қайтариб юборишлари мумкин деб айтишди. Бу ҳолда нима қилишим мумкин? Юқоридаги қоида қайд этилган ­меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан танишиб чиқишни хоҳлардим.

А.Ёрхўжаев, талаба.

 

– Уяли телефонларни олиб кириш тўғрисидаги саволларга кўп маротаба жавоб берганмиз. Ўнлаб газетхонларимиз уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш мушкуллиги тўғрисида биз билан ўртоқлашган. Ушбу воқеаларнинг баъзилари божхонадан ўтказиш муаммолари хусусидаги ҳикоялар ортида қандайдир бизнес-ғоялар бор деган фикрга олиб келади. Бироқ уларни шарҳлаб ўтирмаймиз. Сиз сўрагандек аниқ жавоб берамиз.

Танишларингиз бир йилда фақат 3 та телефонни олиб кириш ёки жўнатиш мумкинлиги тўғрисидаги қоидани кўрсата олмайдилар, чунки божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоида мавжуд эмас. Жисмоний шахслар олиб кирадиган товарларни ўтказишда божхона органларининг ходимлари Божхона кодексининг 14-моддасига амал қиладилар. Унга кўра жисмоний шахслар нотижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган соддалаштирилган, имтиёзли тартибда олиб ўтишлари мумкин. Товарларнинг нимага мўлжалланганлиги уларнинг хусусиятлари ва миқдорига, товарларни олиб ўтиш такрорланиб туришига қараб, жисмоний шахснинг сафари қандай вазиятда кечаётганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисида низомга1 мувофиқ белгиланади. Ушбу ҳужжат билан белгиланган мезонлар жумласига қуйидагилар киради:

товарларнинг истеъмол хоссалари, уларни қўллаш ва фойдаланишнинг анъанавий амалиёти ҳисобга олинадиган товарларнинг хусусиятлари (одатда рўзғорда ишлатилмайдиган товарларнинг олиб кирилиши ушбу товарлар тижорат мақсадларида олиб кирилаяпти деб тахмин қилишга асос бўлади, агар товарларни олиб ўтувчи шахс бунинг аксини исбот қилмаса);

товарларнинг сони (товарларни олиб ўтувчи шахснинг ва унинг оила аъзоларининг эҳтиёжидан ошиб кетувчи миқдордаги бир хил товарлар одатда тижорат мақсадларида фойдаланиш учун олиб кирилади);

товарларни олиб ўтиш даражаси (бир хил товарларнинг бир шахс томонидан бир неча марта олиб кирилиши, гарчи улар унчалик катта ҳажмда бўлмаса ҳам, товарлар тижорат мақсадида ишлатиш учун олиб кирилмоқда деб кўрилиши мумкин, агар шахс бунинг аксини исбот қилмаса);

товарлар божхона чегарасидан жисмоний шахснинг ёки унинг оила аъзоларининг шахсий эҳтиёжлари (яъни, шахсий истеъмол ва фойдаланиш) учун олиб ўтилмаётганлигини тахмин қилиш учун асосларнинг мавжудлиги.

 

Маълумот учун! Товарлар уни олиб кирувчи шахс ва унинг оила аъзолари томонидан фақат турмушда фойдаланиш ёки истеъмол қилиш учун олиб кирилаётганлиги ҳамда улардан фойдаланиш даромад олиш билан боғлиқ эмаслигини тасдиқлаш мажбурияти товарларни олиб кираётган шахснинг зиммасига юкланади.

 

Ушбу қоидалар халқаро почта жўнатмаларида келиб тушадиган товарларга ҳам татбиқ этилади.

Ўйлашимизча, агар телефонларни бир неча марта буюртирган бўлсангиз ёки товарга илова қилинувчи ҳужжатда кўрсатилган уларнинг қиймати белгиланган лимитдан ошиб кетса, божхоначиларда бундай товарни олиб киришдан мақсад хусусида шубҳа юзага келиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига2 кўра, жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжлари учун чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан (шу жумладан Хитойдан) умумий қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни божхона тўловларини тўламасдан олиб келишга рухсат берилади.

Шимолий вокзалнинг чап томонида жойлашган «Бош почтамт» божхона постига маслаҳат олиш учун олдиндан мурожаат қилишни тавсия этамиз. Эҳтимол, исбот-далилларингизни тақдим этиб, унинг ходимларини жўнатма орқали келиб тушган уяли телефонлар даромад олиш билан боғлиқ эмаслигига, уларнинг қиймати белгиланган чегарадан ошмаслигига ишонтиришга муваффақ бўларсиз.

 

1ДБҚ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.06.2002 йилда 1147-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МВ ва БББ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2092 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика