Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 45 / 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Ўз сўзига содиқлик – марднинг иши

Конституцияни давлатнинг халққа, халқнинг давлатга берган ваъдалари мажмуи, фаровон жамият барпо этиш йўлидаги бош келишув, деб аташ мумкин. Одамлар юрт манфаати йўлида жон куйдиради, давлат эса халқнинг омонлиги, тинчлиги, дастурхонининг тўкин-сочинлиги, борингки, барча ижтимоий-иқтисодий неъматлар билан таъминланиши учун қайғуради.

 

Айни пайтда Конституция халқ ва давлатнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги ваъдаси ҳамдир. У орқали қандай тараққиёт йўли танлангани, халқаро муносабатлар тизимида қай тарзда фаолият юритилиши дунёга баён қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мамлакатимизнинг бу масалага ёндашуви аниқ-тиниқ баён қилинган ва бугунги кунда ҳеч бир давлат ё халқаро ташкилот Ўзбекистонни ўзининг ана шу, таъбир жоиз бўлса, ваъдасининг устидан чиқмаётганликда айблай олмайди.

Жорий йил Президент сайлови кампанияси доирасида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда, давлат раҳбари лавозимига киришиш маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Ислом Каримов «Биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз», дея таъкидлади. Бу фикр ҳам Конституциямизнинг 17-моддасига тўла ҳамоҳанг бўлиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг туб моҳиятини оддий сўзлар ёрдамида очиб беради.

Биз Асосий қонунимизда бир гапни ёзиб, амалда бошқа иш қилмаймиз. Шу билан бирга, сиёсий обрў орттириш учун қандайдир «хайрли» мақсадлар йўлида баландпарвоз ташаббусларни илгари сурмаймиз. Ваҳоланки, дунёда шундай давлатлар борки, раҳбарлари амалга ошмаслиги аввалбошдан аён бўлган таклифлар тўғрисида жар солади.

 

Ўзбекистон ҳеч қачон ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашмайди, айни пайтда ўз суверенитетининг дахлсизлигини қатъий таъминлайди.

Мисол учун, халқаро иқтисодий муносабатларни олайлик. Ҳеч бир давлат бекордан-бекорга бошқа мамлакатга қарз бермайди. Қарз берганда эса муайян иқтисодий фойда кўришни ўйлашдан ташқари, айрим сиёсий талабларни ҳам илгари суради. Бугун ўзга давлатлардан кредит олиб, тўлай олмай, қайсидир маънода ўз мустақиллигига путур етказаётган давлатлар борлигини яхши биламиз.

Ўзбекистон ўзининг мустақиллигини ҳар томонлама – ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам ўз хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан мустаҳкам ҳимоя қилиб келмоқда.

Биз юртимизнинг бойликларини, иқтисодиётнинг айрим соҳалари учун масъул бўлган бутун бошли ташкилотларимизни бошқа давлатларга сотиб юбораётганимиз йўқ. Шартнома тузаётганда нафақат кредит олиш, нафақат юқори технологияларни қўлга киритиш, балки келгусида ишлаб чиқарадиган маҳсулотимизнинг сотилиши кафолатларини ҳам муҳокама қиламиз. Ўзбекистонга хорижий ҳамкорлар тўлов қобилиятига эга ишончли шерик сифатида қарайди.

Бир мисол. Дунё ипотека инқирозига юз тутиш арафасида турган пайти бир мамлакат банклари орқа-олдига қарамасдан аҳолига катта-катта кредитлар берди. Четдан қараганда қурилиш ишлари жуда авжига чиққандек эди. Хориждан қурилиш маҳсулотлари, лизинг асосида турли техникалар келтирилди. Ипотека кўпиги ёрилгач, аҳоли пулни қайтара олмади, қурилишлар охирига етмай тўхтаб қолди, касодга учраган банклар лизинг қарзларини тўлай олмай, давлат хазинасига, олтин-валюта захирасига катта зарар етказди. Хорижий техника узоқ вақт бекор қолди, ижара пули эса ошаверди. Аслида давлат ипотека кўпиги сунъий равишда ва катта кўламда шиширилаётганини кўра билиши, банклар фаолиятини тартибга солиши керак эди.

 

Бошқа мисол. Табиий бойликлари баҳоси юқорилиги туфайли «иқтисодий тараққиёт»га эришган ва буни кўз-кўз қилиб келган, нарх-наво кескин пасайганда дами ичига тушиб кетган давлатларнинг ҳоли не кечмоқда?

Бу мисоллар тараққиётнинг осон эмаслигига бир ишора, холос. Ўзбекистон бундай осон йўлни танламади. Чет эл сармояси ва энг илғор технологияларни жалб қилиш орқали хомашёни ўз заминимизда, ўз меҳнатимиз билан қайта ишламоқдамиз.

Сиёсат соҳасида ҳам Ўзбекистондек ҳушёр давлат жуда кам. Биз давлатлараро тузилмаларга аъзо бўлар эканмиз, бу аъзоликнинг ўзимизга фойдаси бор-йўқлигини, миллий манфаатларимизга қанчалик уйғун ёки зид эканини чуқур ўйлаб кўрамиз. Давлатлараро тузилманинг ўзи замон талабларидан келиб чиқиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганми ё шунчаки авантюрами, бу томонига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ўзбекистон ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун бирор мамлакатдан ёрдам сўрагани йўқ (дунёда бундай йўл тутган давлатлар йўқ эмас). Сарҳадларимизни, шукрки, ўз ўғлонларимиз ҳимоя қилиб турибди. Бунга фақат ўз кучига ишонган давлат қодир, албатта.

Ўзбекистон доимо хавфсизликнинг узвий эканини таъкидлаб, бу борада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлини ёқлаб келади.

Бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик – Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ғоят муҳим тамойиллардан биридир. Шундан келиб чиққан ҳолда Ислом Каримов ­Президент сайлови кампанияси доирасидаги учрашувларда ҳамда давлат раҳбари лавозимига киришиш маросимида мана бу сўзларни алоҳида таъкидлади: «Биз ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаймиз, Ўзбекистон ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур, деб ҳисоблаймиз».

Бинобарин, Ўзбекистон аллақачон халқаро ҳамжамият олдида ўз сўзига содиқ мамлакат сифатида танилган, дейиш учун барча асослар етарли. Сўзидан қайтмаслик, ваъдасининг устидан чиқиш ҳамиша мардликнинг биринчи белгиларидан бўлиб келган.

 

А.МАШРАБХОНОВ,

ЎзА шарҳловчиси.

Прочитано: 1515 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика