Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 45 / Шахсий манфаат

Уй ўрнида – энди йўл...

Мен ер участкаси бўлган уйнинг мулкдориман. Унда болаларим билан прописка қилинганман, бироқ амалда у ерда яшамайман. Бу уйни бузишмоқчи, бироқ унда яшамаслигим сабабли унинг қийматини қопламоқчи эмаслар.

Уй бузилаётганда мулкдорга ва унда прописка қилинган шахсларга уй қийматини қопламаслик қанчалик қонуний?

Ш.Бўрибоев,

талаба.

 

Давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун участкалар олиб қўйилиши муносабати билан уйларимизни бузишлари хусусида кўп йиллардан бери миш-мишлар юради. Тегишли органлар уларга мурожаат қилганда бош режада бузиш назарда тутилганлиги, бироқ молиялаштириш мавжуд эмаслиги боис унинг муддатлари номаълумлиги тўғрисида маълумотномалар берадилар. Ушбу уйда мен (мерос бўйича 3/4 қисмининг мулкдори), синглим (1/4 қисмининг мулкдори), қизим ва набираларим прописка қилинганмиз. Бу уйни таъмирлашимиз мақсадга мувофиқ эмас, бунинг устига кўп йиллардан бери янги (сотиб олинган) квартирада яшаяпмиз. Уй яшаш учун яроқсиз ҳолга келаётганлиги боис унинг бозор қиймати пасаймоқда.

20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан Уй-жой кодексининг 27-моддасига киритилган ўзгартиришларда назарда тутилишича, берилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан 5 йил ичида мулкдор томонидан компенсация қилиниши лозим.

Биз (мулкдорлар) уй бузилган тақдирда янги қоидалар бўйича қиймати, эҳтимол, ҳатто бузилаётган уйнинг ҳозирги бозор қийматидан ошадиган 1 хонали квартира олишга умид қилсак бўладими? Битта квартиранинг синглимга (1/4 қисмининг мулкдори), менга (3/4 қисмининг мулкдори) ва оиламга берилиши тўғри бўладими? Зеро бирга яшайдиган баъзи катта оилалар ижтимоий нормадан кам бўлмаган майдонда берилган уй ва турар жой қийматидаги фарқни 5 йилда тўлай олмайдилар. Ҳатто бу энг кам нормаларга мувофиқ бўлмаса ва турар жой шароитларини яхшилашга олиб келмаса ҳам, бундай ҳолларда берилаётган майдоннинг бир қисмидан воз кечиш қонунийми? Прописка турар жой ёки ер участкасига доир ҳуқуқларни бериш тартибига таъсир кўрсатадими?

Т.Обидов,

пенсионер. 

 

 

Кейинги йилларда шаҳарларимиз жадал қурилиш ишлари олиб борилаётгани эвазига обод бўлаяпти, эски уйлар бузилиб, янги уйлар қад кўтаряпти. Бу жараён уй-жой қонунчилигини ислоҳ қилиш билан бирга кечмаслиги мумкин эмас. Хусусан, у Уй-жой кодексининг (УК) 27, 28-моддаларига ҳам дахлдор бўлди.

УКнинг 27-моддасига кўра, ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўланади.

Илгари ҳуқуқларнинг устунлиги мулкдор тарафида бўлиб, УКнинг 27-моддаси биринчи қисмида бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар жойнинг қийматидан ортиқ бўлган тақдирда фарқ мулкдорга компенсация қилиниши тўғрисидаги норма белгилаб қўйилган эди.

Ушбу моддага киритилган ўзгартишларга кўра, агар берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқни уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан 5 йил ичида мулкдор компенсация қилиши лозим (20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонуннинг 20-моддаси). Шубҳасиз, киритилган ҳуқуқий норма бугунги кун талабларига жавоб беради ва барқарор бозор муносабатларини ривожлантиришга йўналтирилган. Бироқ турар жойнинг бозор қиймати белгиланиши мулкдорнинг ҳуқуқларини бузмаслигига кафолат йўқ. Келинг, гапни бир бошидан бошлайлик...

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари асосида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкасини олиб қўйиш ҳамда уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисида ўз қарорини чиқарадилар. Бунда улар юқори ҳокимият органларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт (Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомнинг1 4-банди, бундан кейин – Низом).

Туман ҳокимлиги қоплаш миқдори ва компенсация турини белгилаш бўйича комиссия (бундан кейин – комиссия) тузади. Ҳокимлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, ер участкаси олиб қўйилаётган ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи), ўзига ер участкаси ажратиб берилаётган корхона, муассаса ёки ташкилот ҳамда ҳокимликлар хоҳишига кўра бошқа ваколатли органлар вакиллари унинг аъзолари ҳисобланади (Низомнинг 9-банди).

 

Низомнинг 8-бандига кўра ер участкаларини олиб қўйиш ва турар жойни (квартирани ва ҳоказо) бузишда компенсациянинг қуйидаги турларидан бири берилади:

фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш;

ер участкасини ўзлаштириш даврига 2 йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ тўланган ҳолда фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ва давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни қоплаш;

ер участкаси давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;

фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш.

 

Ушбу компенсациянинг биринчи тури – мулкдорларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшайдиган фуқароларга ижтимоий нормадан кам бўлмаган майдонга эга бўлган тенг қийматли бошқа қулай уй-жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати ҳам тўланади (Низомнинг 14-банди). Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига 16 квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – 23 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади (УКнинг ­42-моддаси иккинчи қисми).

 

Берилаётган турар жойнинг тенг қийматлилиги нархи бўйича мулкдорнинг бузилаётган турар жойи (квартираси)га тенг миқдор сифатида белгиланади. 2015 йил августдан бошлаб бузилаётган турар жой қиймати билан берилаётган турар жой қиймати ўртасида фарқ юзага келган тақдирда у УКнинг янги таҳрирдаги 27-моддасида назарда тутилган тартибда қопланади.

«Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (19.08.1999 йилдаги 811-I-сон, бундан кейин – Қонун) 11-моддаси иккинчи қисмида баҳолашни ўтказиш мол-мулк мулкдорлардан давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинаётганда ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқача тарзда олиб қўйилаётганда фақат низо мавжуд бўлганда мажбурийлиги белгиланади (Низомнинг 10-банди). Олиб қўйилаётган ер участкаларида бўлган кўп йиллик дов-дарахтлар, турар жойлар (квартиралар), иморат ва иншоотларни баҳолашни баҳолаш ташкилотлари ариза берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширадилар, у ҳақидаги ҳисобот эса комиссияга берилади.

 

Қонун чиқарувчининг эътиборига!

Қонун ҳужжатларининг ушбу қоидалари таҳлилидан кўринишича, қонун чиқарувчи янги қурувчининг (ер участкаси унинг фойдасига олиб қўйилади) бузилаётган турар жойлар (квартиралар)ни баҳолашга бевосита мажбуриятини мустаҳкамламайди. Гарчи мулкдор комиссия томонидан белгиланган бузилаётган турар жой қийматига қўшилмаган тақдирда уни баҳолашга ҳақли бўлса ҳам, бозор қийматини баҳолаш харажатлари унинг зиммасига тушади ва унга ҳеч қандай компенсация тўланмайди.

Яқинда уй-жой қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар муносабати билан амалиётда низолар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. Улар фойдасига ҳосил бўлмаган фарқни тўлашга иқтисодий жиҳатдан қодир бўлмаган фуқаролар комиссия томонидан белгиланган турар жой қийматига қўшилмасликлари мумкин. Фуқароларга уларнинг мулк ҳуқуқи адолатли амалга оширилишини кафолатлаш учун олиб қўйилаётган ер участкаси бериладиган қурувчи шахс ҳисобига бузилаётган ва берилаётган турар жойнинг бозор қийматини баҳолаш мажбуриятини қонун даражасида белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мулкдор берилаётган турар жой қийматининг бузилаётган турар жой қийматидан ошган суммасини тўлашга рози бўлган ҳолларда ушбу фарқни сўндириш муддатини фуқароларнинг тўловга қобиллиги даражасига қараб табақалаштириш маъқулдир. Уни 5 йилдан 10 йилгача белгилаш мақсадга мувофиқ кўринади. Ҳар бир ҳолатда уни комиссия мулкдорнинг йиллик даромади миқдоридан келиб чиқиб белгилаши мумкин. 

 

Энди бузилаётган турар жой ўрнига янги турар жой берилаётган шахслар хусусида сўз юритсак. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра компенсация мулкдорларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшайдиган фуқароларга тўланади. Янги қурувчи бузилаётган турар жой қийматини прописка қилинган, бироқ кўпдан бери бузилаётган уйда яшамайдиган фуқарога компенсациялашни хоҳламаслиги боис қонун ҳужжатларининг мазкур қоидаси ҳам кўп низоларга сабаб бўлади. Албатта, агар киши прописка қилинган, бироқ аслида ўнлаб йил бузилаётган турар жой манзилида яшамаса, унинг компенсация олиши адолатсиз бўлиб кўриниши мумкин. Ушбу ҳолда, фикримча, компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасини қайта кўриш мақсадга мувофиқдир. Ўйлашимизча, мулкдорларга компенсация пропискадан ва бузилаётган турар жойда доимий яшаш шароитидан қатъи назар, албатта берилиши керак. Бошқа шахслар учун доимий яшаш давомийлиги мезонини (масалан, бузилишгача бўлган кейинги 5 йилдан кам бўлмаган) белгилаш мумкин.

Ва, албатта, мулкдор компенсация турини – фуқароларга бошқа турар жойни бериш, бузилаётган уйнинг бозор қийматини тўлаш ёки Низомнинг 8-банди билан белгиланган бошқа турларини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

 

УКнинг 28-моддасида якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилиши кўринишида компенсация алоҳида мустаҳкамланган. Унга киритилган ўзгартиришларга кўра, компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ер участкасини ўзлаштириш даврига 3 йилгача (илгари – 2 йилгача) муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйларнинг (квартираларнинг), иморатларнинг, иншоотларнинг ва кўчириб ташланган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқлар тўлиқ ҳажмда қопланади.

Ушбу моддага киритилган ўзгартиришларда олиб қўйилаётган ер участкасига ҳуқуқлар бозор қийматининг берилаётган участкага ҳуқуқнинг бозор қийматидан ошиши мумкинлиги назарда тутилади. Бироқ қонун чиқарувчи тескари вазият эҳтимолини ҳисобга олмаган: берилаётган ер участкасига ҳуқуқнинг қиймати олиб қўйилаётган ер участкасига ҳуқуқ қийматидан ошиши мумкин.

Юқорида баён этилганлар асосида қонунчиликнинг кўриб чиқилган нормалари вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда бошқатдан ўрганилиши ва қўшимча ишланиши лозим деб ҳисоблаймиз.

 

1ВМнинг 29.05.2006 йилдаги 95-сон Қарори билан тасдиқланган. Низомга ҳозирча ЎРҚ-391-сон Қонунга мувофиқ ўзгартиришлар киритилмади. 


Сабоҳат СУЛТОНОВА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 4307 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика