Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 45 / Солиқ солиш

Чет эллик мутахассисга тўловларнинг солиқ оқибатлари

Биз ускунани ўрнатиш учун 3 ой ишлашга Хитойдан икки мутахассисни таклиф қилмоқчимиз. Чет эллик мутахассислар билан шартномада авиачипталар, яшаш, овқатланиш қийматини тўлаш, шунингдек иш ҳақи тўлаш назарда тутилган.

Корхона норезидентларнинг даромадлариданавиачипталар қиймати, уларнинг яшаш, овқатланиш, иш ҳақи учун харажатлардан солиқлар ва ажратмалар тўлаши керакми?

Р.Ким, МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Саволингизга жавоб чет эллик мутахассис билан шартнома қандай расмийлаштирилганлигига боғлиқ.

 

МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ТУЗганда

Агар чет эллик мутахассис билан меҳнат шартномаси тузилса, унинг барча қоидалари ва юридик шахс – иш берувчининг чет эллик шахс – ходим билан ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон Қарорига 2-илова, бундан кейин – 408-сон Низом) билан тартибга солинади. МКнинг 11-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича Ўзбекистонда ишлаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади.

Саволингиздан чет эл фуқаролари 3 ойга ишга қабул қилиниши англан­япти. Муддатли меҳнат шартномаси бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари туфайли номуай­ян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномасини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилади (МКнинг 76, 104, 105-моддалари). У муддати тугаши билан бекор қилинади.

Меҳнат шартномасини тузиш чоғида юридик шахс хорижий ишчи кучини жалб этишга рухсатнома, чет эллик мутахассис эса мамлакатимизда меҳнат фаолиятини юритиш ҳуқуқига тасдиқнома олиши лозим. 408-сон Низом ва Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомни қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома1 нормаларига кўра, рухсатнома иш берувчи сифатида чиқадиган ўзбекистонлик юридик шахсларга берилиши мумкин. Чет эллик ходимларнинг меҳнат фаолияти давомийлиги рухсатноманинг амал қилиш давридан ошмаслиги керак. Рухсатнома олиш ва тасдиқлаш учун ҳар бир ҳужжатга ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади (меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 16.08.2004 йилда 1398-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи).

Чет эллик шахснинг даромадларига солиқ солганда қуйидагиларга эътибор бериш керак:

● иш берувчи корхонанинг авиачипталарни харид қилиш харажатлари меҳнат шартномаси тузилгунгача (ёки тугагандан кейин) вужудга келади. Тегишинча, корхона раҳбарининг фармойиши бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилишини хизмат сафарига киритиб бўлмайди (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқнома2). Жисмоний шахснинг мазкур даромадлари моддий наф тарзида олинган даромадларга киради (Солиқ кодексининг 177-моддаси);

иш берувчи корхонанинг яшашга доир харажатлари ҳам жисмоний шахснинг моддий наф тарзида олинган даромадларига киради (Солиқ кодексининг 177-моддаси);

● чет эллик мутахассиснинг иш ҳақи ва овқатланиш қиймати унинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 172, 174-моддалари).

Шу тариқа, Ўзбекистон корхонасининг чет эллик мутахассиси олган барча даромадларга (корхона харид қилган авиачипталар, ҳақи тўланган яшаш, овқатланиш қиймати ва иш ҳақига) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиниши керак. Жисмоний шахс – норезидентнинг меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олинган даромадларига, шунингдек бошқа даромадларига 20%лик ставкада солиқ солинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси). Солиқ кодексининг 195-моддасида норезидент Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистондаги манбалардан олган даромадлардан ушланган ва тўланган ЖШДСни қайтариш мумкинлиги назарда тутилган. Бундай норезидент тўланган ЖШДСни солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати мобайнида бюджетдан қайтариш ҳуқуқига эгадир. Солиқ кодексининг 38-моддасига мувофиқ, ушбу муддат 5 йилни ташкил қилади.

Чет эллик мутахассиснинг кўрсатилган даромадлари бир қисмига Солиқ кодексининг 306-моддасига асосан ягона ижтимоий тўлов солинади. Улар жумласига иш ҳақи ва ҳақи тўланган овқатланиш суммалари киради, чунки улар Солиқ кодексининг 172-моддасида назарда тутилган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар ҳисобланади. Агар чет эллик мутахассис ЎзРда доимий яшовчи деб эътироф этилса, ушбу даромадларга суғурта бадаллари солинади. Ўзбекистонда доимий яшаш учун рухсатномага ва истиқомат жойидаги Ўзбекистон ички ишлар органлари берган, Ўзбекистон ҳудудида доимий пропискадан ўтиш ҳуқуқини берадиган яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эллик шахс ЎзРда доимий яшовчи деб эътироф этилади (Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низом3).

 

ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ ШАРТНОМА тузилганда

Агар чет эллик мутахассис билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилса, юридик шахс билан жисмоний шахс ўртасидаги муносабатларни фуқаролик қонун ҳужжатлари тартибга солади. Фуқаролик кодексининг 2-моддасига мувофиқ, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фуқаролик қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидалар чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эллик юридик шахслар иштирокидаги муносабатларга қўлланилади.

Чунки 408-сон Низомга кўра меҳнат фаолиятига рухсатнома фақат чет эллик шахс билан меҳнат шартномаси (битими) тузилган тақдирдагина берилади, фуқаролик-ҳуқуқий шартномани имзолаганда бундай рухсатнома талаб қилинмайди. Бундай шартномага чет эл фуқароси томонидан хизматлар импортига доир шартнома сифатида қаралади.

Солиқ кодексининг 207-моддасига кўра ушбу ҳолда резидент юридик шахсда хизматлар импортига ҚҚС тўлаш мажбурияти вужудга келади, чунки Ўзбекистон норезиденти (жисмоний ҳамда юридик шахс) томонидан бажарилган ишлар, тақдим этилган хизматлар, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, уларни олувчи ЎзР солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган обороти ҳисобланади. Солиқ кодексининг 202-моддасига мувофиқ Ўзбекистон ҳудуди товарларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади, агар ишлар, хизматлар монтаж қилиш билан ҳам боғлиқ бўлса. Норезидент даромадларининг бутун суммаси ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база бўлади.

Агар чет эллик мутахассислар ЎзР ҳудудида 183 кундан кўп фаолият юритсалар, улар Ўзбекистон резиденти мақомига эга бўладилар. Бунда резидент корхонада хизматлар импортига ҚҚС тўлаш мажбурияти вужудга келмайди.

Хорижий жисмоний шахснинг фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича олинган даромадлари меҳнат ҳақи тусидаги даромадларга киради (Солиқ кодексининг 172-моддаси) ва, тегишинча, уларга ЖШДС солинади.

Овқатланиш, авиачипталар ва яшаш қиймати сингари даромадларга, меҳнат шартномаси бўйича олинган худди шундай даромадларга бўлганидек тартибда ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади.

 

ХИЗМАТ КЎРСАТИНГ – ХОДИМ ЮБОРИНГ

Резидент корхона ходим тақдим этишга жисмоний шахслар билан эмас, балки норезидент юридик шахс билан шартнома тузиши мумкин. Бу ҳолда резидент корхона Солиқ кодексининг 305–307-моддаларига кўра шартноманинг бутун суммасидан норезидентдан олинадиган даромад солиғини (агар халқаро шартномада иккиёқлама солиқ солишдан озод қилиш назарда тутилмаган бўлса), хизматлар импортига ҚҚС (реализация қилиш жойи деб ЎзР ҳудуди эътироф этилган бўлса) ва ЯИТни ушлаб қолиши керак. Шуни ҳисобга олиш лозимки, ЯИТ солиш объекти бўлиб Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсга Ўзбекистонда ишлаш учун чет эллик ходимларни тақдим этиш хизматларини кўрсатиш шартномаларига кўра тўланадиган чет эллик ходимларнинг даромадлари ҳисобланади. Улар бўйича ЯИТни ҳисоблаш учун база чет эллик ходимларга тўланадиган даромадлар суммаси сифатида белгиланади, бироқ у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимларни тақдим этиш хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича харажатлар умумий суммасининг ­90%идан кам бўлмаслиги керак.

Қонун ҳужжатларининг таҳлили чет эллик мутахассиснинг меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича олган даромадларига солиқ бир хил солинишини кўрсатади. Бироқ меҳнат шартномасини тузиш чоғида корхонада, меҳнатга ҳақ тўлашдан ташқари, чет эл фуқаросини ишга жойлаштиришга рухсатнома ва чет эллик учун тасдиқнома олиш харажатлари вужудга келади. Айни вақтда норезидент 183 кундан кам муддат хизматлар кўрсатадиган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузиш резидент корхонада хизматлар импортига ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базанинг ҳосил бўлишига олиб келади.

 

1Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 20.11.1996 йилда ­285-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3Президентнинг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонига 2-илова.


Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

Прочитано: 2044 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика