Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 45 / Қарор ва ижро

«Ноль» қиймати имконияти

Мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, соҳага давлат аралашувини камайтириш иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялашнинг муҳим шарти этиб белгиланган. Давлат тасарруфидаги зарар кўриб ишлаётган корхоналар, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган биноларни «ноль» харид қийматида сотишнинг жорий этилиши хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, хориж инвестициясини жалб этиш, тадбиркорларга молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш имкониятини янада кенгайтирмоқда. 

 

Давлатимиз раҳбари 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида бу жараёнга алоҳида эътибор қаратиб, иқтисодиётда давлат иштирокини ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш, бунда зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор, маҳсулотларига талаб йўқлиги сабабли тўла қувват билан ишламаётган давлат ­корхоналарини инвесторларга «ноль» қийматида сотиш бирламчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Президентимизнинг шу йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа ташкилотларга қарашли 512 объект инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан шундай тартибда ошкора савдоларга чиқарилиши белгиланди.

– Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг 2015 йил 25 майдаги қарорига асосан, инвесторларга бепул бериладиган корхона ва объектларни танлов савдоларида сотиш шартлари, жумладан, киритилиши белгиланган инвестиция миқдори, муддати ва яратиладиган иш ўринларининг энг кам сони белгиланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Карим Маматов. – Унга мувофиқ мазкур объектларда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан камида 1 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиши ҳамда 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши мўлжалланаётир.

● Давлат мулкини хусусийлаштиришда берилаётган бундай имтиёзлар мамлакатимизга чет эл инвестицияларининг ортишига хизмат қилмоқда. Сирдарё вилоятидаги улгуржи бозорнинг бўш турган биноси текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 500 миллион сўм ва 6 миллион доллар инвестиция киритиш шарти билан хитойлик инвесторлар томонидан таъсис этилган «Gulistan Bingeu Тextile» хорижий корхонасига сотилди. Икки ярим йилга мўлжалланган ушбу лойиҳа самарасида 100 киши иш билан таъминланади.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидан «ноль» харид қийматида савдога чиқарилган улгуржи савдо базасининг эски биноси жанубий кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликдаги «Eastern Root Andijon» қўшма корхонаси фаолиятини бошлашда қўл келди. Икки йил муддатда 1 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 150 иш ўрни яратишни зиммасига олган корхонага хорижлик ҳамкорлар томонидан 125 минг долларлик замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди ва ширинмия ўсимлигининг илдизини қайта ишлаш йўлга қўйилди. Корхона тўлиқ қувватда ишга тушиши ҳар ойда 200-250 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имконини яратади.

● Мамлакатимизга хорижлик ишбилармонлар томонидан қизиқиш ортиб бориши туризм инфратузилмасининг тараққий этишига хизмат қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, «Туркистон» ишлаб чиқариш тижорат фирмаси Навоий шаҳридаги «Навоий» меҳмонхонасини мазкур объект фаолиятини замонавий талабларга мос тарзда ташкил қилишга 5 миллиард сўм инвестиция киритиш, 40 янги иш ўрни ташкил этиш шарти билан бепул ўз тасарруфига олди.

● Айрим йирик объектларнинг қисмларга бўлинган ҳолда берилаётгани ҳам тадбиркорларга қулайлик яратмоқда. Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Конизар қишлоғида жойлашган гепатитга қарши кураш бўлимининг собиқ биноси «Барака Жаҳон» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, «Муҳтарам Бековна» ҳамда «Сармед Невро» хусусий корхоналарига тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун бўлиб берилди. Улар томонидан бир ярим йил мобайнида киритиладиган 1 миллиард сўмдан зиёд инвестиция самарасида 31 янги иш ўрни яратилади.

Самарқанд вилояти Нарпай тумани Оқтош шаҳридаги собиқ 60-умумтаълим мактабининг бўш турган биноси ҳам шу тартибда хусусийлаштирилди. Танлов натижаларига кўра, объектнинг бир қисми 856,4 миллион сўмлик инвестиция киритиб, тикувчилик цехи ташкил этиш бўйича бизнес-режа тақдим этган «Davlatbek-Diyorbek servis» оилавий корхонасига, иккинчи қисми 750 миллион сўмлик инвестиция киритиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборхонасини қуриш таклифи билан чиққан «Narpay Xolod» хусусий корхонасига берилди.

Қарорга кўра, ижара шартномаси бўйича ўзларининг мажбуриятларини тегишли равишда бажариб келаётган давлат мулки объектларининг ижарачилари ижарага олинган ишлаб чиқариш майдонларини харид қилишда, жумладан, тасдиқланган шартларда «ноль» қийматида сотиб олишда устун ҳуқуққа эга бўлади.

Мухтасар айтганда, давлат мулки объектларининг хусусий сектор вакилларига бепул берилиши мулкдорлар сафини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни янада кенг жалб этиш, пировардида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Беҳзод БОЗОРОВ,
ЎзА мухбири.

Прочитано: 2058 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика