Эндиликда тадбиркорлар ноқонуний текширишлар устидан реал вақт режимида шикоят қилиш имкониятига эга бўлдилар.
2000 йилдан бошлаб амалиётга киритилган Текширишларни рўйхатга олиш китоби ўтган давр мобайнида назорат органларининг масъулиятини сезиларли равишда оширди. Адлия органларининг тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган ҳар қандай текширув устидан назорат ўрнатиш, бу жараёндаги қонунбузарликларни аниқлаш, ваколатини суиистеъмол қилган текширувчиларни фош этиш ва уларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш имкониятини берди. Ҳозирда республикамиз бўйича 350 мингга яқин Текширишларни рўйхатга олиш китоби хусусий сектор вакилларига тарқатилган. Унга кириш etk.minjust.uz электрон манзил орқали амалга оширилади.
Бунинг учун фойдаланувчи электрон рақамли имзога эга бўлиши кифоя, унга киритилган ҳар бир ёзув шу заҳотиёқ Адлия вазирлигига келиб тушади. Шу тариқа текшириш устидан тўлиқ назорат ўрнатилиб, ноқонуний текширишлар бўйича айбдор шахсларнинг қонун олдида жавобгарлиги таъминланади.
Ушбу тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш механизмининг таъсирчанлигини янада кучайтиради, хусусий секторнинг эмин-эркин тараққий этишига қулай шароит яратади.
Адлия вазирлиги Ахборот хизмати материали асосида.