Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 44 / Солиқ маслаҳатчиси тушунтиради

Валюта маблағларини сотишга мажбурмизми?

Мен якка тартибдаги тадбиркор сифатида 2015 йилда рўйхатдан ўтганман. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга контракт асосида эркин конвертация қилинадиган валютага экспорт қилмоқчиман.

Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 245-сон Қарорига мувофиқ микрофирма ва кичик корхоналар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортидан келадиган валюта тушумларининг 25%ини мажбурий сотиши белгиланган.

Мен қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга экспорт қилишдан тушадиган валюта маблағларимнинг 25%ини ҳам мажбурий сотишим керакми ёки йўқми?

Комилжон Ўринбоев,

якка тартибдаги тадбиркор.

Олтиариқ тумани.

 

– Дарҳақиқат, республикамизда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2000 йилдаги 245-сон Қарори билан тартибга солинади. Ушбу Қарор билан тасдиқланган Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг (кейинги ўринларда – 245-сон Тартиб) 1-бандида мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) хорижий валютадаги тушумни мажбурий тартибда сотиши белгилаб қўйилган.

 

Корхоналар мажбурий сотишни товарлар ва хизматлар экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумдан амалга оширадилар. Бунда хорижий валютадаги тушум деганда экспорт қилинган товарлар ва хизматлар учун корхоналарнинг ваколатли банклардаги ҳисобрақамларига ва кассаларига амалда тушган хорижий валютадаги пул маблағлари тушунилади.

Аввало «хўжалик юритувчи субъект» деганда кимлар тушунилишига тўхталиб ўтсак. Бир қанча меъёрий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, фақатгина Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 20.08.2013 йилдаги 230-сон Қарори билан тасдиқланган) хўжалик юритувчи субъект деган атамага изоҳ берилганига гувоҳ бўлдик.

Мазкур Низомда хўжалик юритувчи субъект деганда – устав фонди (устав капитали) акцияларга (улушларга) бўлинган, товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш, олиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахс тушунилиши қайд этилган бўлса, Жиноят кодексининг махсус қисми саккизинчи бўлимида хўжалик юритувчи субъект деганда мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар тушунилиши кўрсатилган.

Ўз навбатида, Солиқ кодексининг 18-моддасида якка тартибдаги тадбиркор деганда тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахс тушунилиши белгиланган.

 

Юқоридаги меъёрий ҳужжатлардан кўриниб турибдики, хўжалик юритувчи субъект юридик ёки жисмоний шахс тушунчасидан нисбатан кенгроқ тушунча бўлиб, у корхоналар ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни ўз ичига олади.

Шунинг учун ҳам 245-сон Тартибнинг 1-бандидаёқ «барча хўжалик юритувчи субъектлар» дейилиб, ноаниқликлар келиб чиқмаслиги учун алоҳида «кейинги ўринда корхоналар деб аталади» деб мазкур тартиб фақатгина корхоналар томонидан, яъни, юридик шахслар томонидан хорижий валютадаги тушумларни мажбурий сотиши шартлиги кўрсатилган.

Чунки корхоналар дейилганда жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларни истисно қилган ҳолда фақатгина юридик шахслар тушунилади.

 

Шунингдек, 245-сон Тартибнинг 15-бандида корхоналар ўзлари жойлашган жойдаги солиқ органларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва ваколатли банкларга мажбурий сотилиши керак бўлган валюта тушуми миқдори ҳисоб-китобини ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача ҳар ойда 245-сон Тартибнинг 4-иловасига мувофиқ тақдим этишлари шартлиги белгиланган (хорижий валютанинг ҳар бир тури бўйича алоҳида варақларда, 100 ва 50 фоиз мажбурий сотиш бўйича алоҳида).

Бунда хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинган тадбиркорлик субъектлари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга олиш мақсадида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечикмасдан мажбурий сотилиши керак бўлган валюта тушумлари суммасининг ҳисоб-китобини белгиланган шакл бўйича тақдим этадилар.

 

Энди 245-сон Тартибнинг 4-иловасида белгиланган ҳисобот шаклига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур ҳисоботда ҳам фақатгина юридик шахслар томонидан тўлдириладиган маълумотлар сўралган бўлиб, ҳисобот корхона раҳбари ва бош бухгалтери томонидан имзоланиши белгиланган.

Ўз навбатида, якка тартибдаги тадбиркор ушбу ҳисоботга на директор ва на бош бухгалтер сифатида имзо чека олади.

Тўғри, Солиқ кодексининг 374-моддасида савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қатъий белгиланган солиқни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган бўлиб, унда якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига:

савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, бундан тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарлар олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно, – йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг ­10-кунидан кечиктирмай;

тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ҳар ойнинг якунлари бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ­10-кунидан кечиктирмай тақдим этишлари белгиланган.

Лекин, Солиқ ҳисоботининг шаклларида (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам тегишли ҳисобот шакллари белгиланган бўлса-да, улар томонидан маҳсулот экспорт қилинишидан тушган валюта тушуми бўйича бирон-бир ҳисобот топшириши кераклиги белгиланмаган.

Мазкур ҳисобот шаклларида фақатгина тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун четдан олиб келинган, тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарлар ҳаракати тўғрисида ҳисобот шакли мавжуд холос.

 

Демак, меъёрий ҳужжатлар нормаларининг таҳлилидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

1. Солиқ кодексига асосан тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар – ҳар ойнинг якунлари бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳисобот тақдим этишлари белгиланган.

2. 245-сон Тартибда хўжалик юритувчи субъект деганда корхоналар тушунилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

3. 2439-сон Қарор билан тасдиқланган ҳисобот шаклларида якка тартибдаги тадбиркорлар учун улар томонидан маҳсулот экспорт қилинишидан тушган валюта тушуми бўйича бирон-бир ҳисобот топшириш кўзда тутилмаган.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 245-сон Тартиб якка тартибдаги тадбиркорлар учун татбиқ этилмайди, ўз навбатида, якка тартибдаги тадбиркорда товарларни экспорт қилишидан тушган валюта маблағларининг 25%ини сотиш мажбурияти юзага келмайди.

 

Жавобни солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2619 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика