Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 44 / Амалий бухгалтерия

Янги йилни кутинг

Корхона 2015 йил сентябрида жорий йилнинг март ойида сотиб олинган ва фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш биносини бозор қиймати бўйича қўшимча баҳолаши мумкинми?

А.Нажмиддинов,

бош бухгалтер.

 

– Йўқ, агар корхона бинодан бундан кейин ҳам фойдаланиш ниятида бўлса.

5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг1 21-бандига кўра, асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган қиймати Ўзбекистон қонун ҳужжатларида ва мазкур Стандартда белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда ўзгартирилмайди.

Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган бошланғич қийматини ўзгартиришга улар қуриб битказилган, қўшимча жиҳозланган, реконструкция қилинган, замонавийлаштирилган, техник қайта қуроллантирилган, қисман тугатилган ва қайта баҳоланган ҳолатларда йўл қўйилади.

Қайта баҳолаш – асосий воситалар тиклаш қийматини ҳозирги бозор нархлари даражасига мослаш мақсадида уларни вақти-вақти билан аниқлаштиришдир. 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомга2 (бундан кейин – 1192-сон Низом) кўра, корхоналар мулкида, уларнинг хўжалик юритишида, тезкор бошқарувида бўлган ва молиявий ижара шартномаси бўйича олинган барча асосий воситалар, шунингдек тугалланмаган қурилиш объектлари ва ўрнатиш учун мўлжалланган ускуналар қайта баҳоланиши керак.

Қайта баҳолаш қуйидаги тартибда ўтказилади:

йирик корхоналарда – ҳар йили. Қайта баҳолашни, мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар ўтказиши шарт;

микрофирмалар ва кичик корхоналарда – 3 йилда 1 марта (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарори).

Асосий воситаларни қайта баҳолаш натижалари у 1 февралгача амалга оширилган жорий даврдаги молиявий ҳисоботда акс эттирилади. Ҳисобот йилининг биринчи кунидаги ҳолатга кўра ўтказилган асосий воситаларни қайта баҳолаш якунлари бухгалтерия ҳисобида ­8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағида акс эттирилади.

Корхона қайта баҳолашни мустақил равишда (ҳужжатлар билан тасдиқланган бозор нархлари бўйича индекслаш усули ёки тўғридан-тўғри қайта ҳисоблаш йўли билан) амалга оширади ёки баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган мутахассисларни жалб этади. Танланган қайта баҳолаш усули хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатида қайд этилади.

Асосий воситаларни қайта баҳолаш чоғида олинган:

қўшимча баҳолаш суммаси 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағида захира капитал таркибига қайд этилади;

арзонлаштириш суммаси аввалги ҳисобот даврларида ўтказилган ушбу объектни қўшимча баҳолаш суммалари доирасида 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағида захира капитални камайтиришга киритилади. Объектни арзонлаштириш суммасининг уни қўшимча баҳолаш суммасидан ошиши бошқа операцион харажатларга киритилади.

5-сон БҲМСнинг 25-бандига кўра, қайта баҳолашдан кейин асосий воситалар ҳисоб ва ҳисоботда жорий (бозор) қиймати бўйича акс эттирилади. Уларнинг дастлабки қиймати Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига кўра вақти-вақти билан қайта баҳоланиши ҳам мумкин.

1 январь ҳолатига кўра вақти-вақти билан қайта баҳолашдан ташқари корхона мол-мулки қуйидаги ҳолларда баҳоланади:

1) агар жамиятнинг пулдан ўзга воситалар билан ҳақи тўланаётган акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг номинал қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан кўпни ташкил этса, жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг ҳақи сифатида киритилаётган мол-мулкнинг пулда ифодаланган баҳоси баҳоловчи ташкилот томонидан чиқарилиши зарур («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг3 31-моддаси);

2) баҳолашни ўтказиш давлатга тўла ёки умумий мулк ҳуқуқида қисман қарашли баҳолаш объектлари битим тузишга жалб этилган тақдирда (19.08.1999 йилдаги «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги 811-I-сон Қонуннинг ­11-моддаси), шу жумладан:

баҳолаш объектларини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, ишончли бошқарувга топшириш ёки ижарага бериш мақсадида уларнинг қиймати аниқланаётганда;

баҳолаш объектларидан гаров нарсаси сифатида фойдаланилаётганда;

баҳолаш объектлари сотилаётганда ёки ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилаётганда;

баҳолаш объектлари билан боғлиқ қарз мажбуриятларидан бошқанинг фойдасига воз кечилаётганда;

баҳолаш объектлари юридик шахсларнинг устав фондларига улуш тариқасида берилаётганда мажбурийдир.

Баҳолаш қонун ҳужжатларида ёки шартнома шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам ўтказилади.

Бироқ ушбу барча ҳолларда корхона асосий воситаларнинг баланс қийматини бозор қийматигача кўпайтирмайди, балки улар билан битимларни амалга ошириш учун уларнинг бозор қийматини белгилайди. Бунда улар қийматининг ўзгариши бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

Қонун ҳужжатларининг ушбу қоидаларидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, бинони бозор қийматига қадар фақат кейинги қайта баҳолаш ўтказиладиган йилнинг 1 январидаги ҳолатига кўра қўшимча баҳолаш мумкин. Бунда барча биноларга қайта баҳолашнинг ягона усулини қўллаш керак (1192-сон Низомнинг 5-банди).

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МИСВ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

326.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.


Анжелика НАМ,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 2017 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика