Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 44 / Замонавий технологиялар

Барча хизматлар кафтда тургандек

Яқин-яқингача арзимаган бир иш учун «отангга бор, онангга бор» принципи ҳукмронлик қилар, бирон юмушни уддалайман десангиз идорама-идора юриб сарсон бўлардингиз. Ҳозир фуқаролар ва бизнес аҳли учун «бир дарча» тамойили амал қилмоқдаки, бу ҳамманинг оғирини енгил қилиб бормоқда.

«Бир дарча» – бу фуқаролар ва бизнес учун хизматларни тақдим этиш технологияси мазмунини билдирадиган атама. Мазкур технологиянинг мақсади фуқаролар ва тадбиркорларнинг мажбурий мурожаатларига кетадиган вақт сарфини камайтиришга қаратилган бўлиб, ҳар қандай хизматлар – ариза топширишдан тортиб, ижроия ёки бошқа органнинг қарорлари натижасини тақдим этишгача – ҳаммаси бир жойда жамланган бўлади.

«Бир дарча» технологияси айниқса давлат бошқаруви амалиётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) қўллаш эвазига кенг жорий этиб борилмоқда, сабаби кўп миқдордаги курьерлар, давлат ҳокимиятининг қуйи лавозимдаги ишчиларини сақлаб туриш давлатга ҳам, хусусий секторга ҳам қимматга тушади; барча давлат ҳокимияти органларини (солиқ, божхона, коммунал тизим ва ҳ.к.) битта яхлит бинога жойлаштириш эса амалда мумкин эмас.

АКТ давлат хизматлари доирасида нисбатан қиммат бўлмаган идоралараро ахборот алмашинувини ташкиллаштириш ҳамда «бир дарча» тамойилини арзонлаштириш имкониятини беради. Миллий матбуот марказида пойтахтимиз ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматларини ташкил этиш сифатини янада яхшилаш, уларни давр талабларига мос равишда такомиллаштириш ҳақида сўз борди.

 

Мамлакатимиз Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) ҳамда «Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (28.09.2015 йилдаги ПҚ-2412-сон) ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда тадбиркорларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати, улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш хусусида мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги компьютерлаштириш маркази директори Маҳмуд Асомов тадбиркорлар мурожаатларининг тезкор ва сифатли ижро этилишини кўзлаб, «бир дарча» марказларини зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, мутахассисларнинг билим ва тажрибасини ошириш устида муайян ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Бундай марказларни юқори тезликда ишловчи интернет тармоғи ҳамда бепул фойдаланиш асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига улаш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Ушбу марказлар тадбиркорларга «бир дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш билан бирга давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиши, аризачиларга ёрдам кўрсатиш, давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат бериш билан шуғулланиши кўзда тутилган.

ПҚ-2412-сон Қарорга асосан тадбиркорлик тузилмаларига замонавий АКТдан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этиладиган бўлди. Шу билан бирга 2016 йил 1 январидан бошлаб вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд «ягона дарча» хизматларининг фаолияти тўхтатилиши белгиланган. Бинобарин, «ягона дарча» орқали кўрсатиладиган хизматлар сони босқичма-босқич оширилиб боради. Биринчи босқичда тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишлари, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат бериш сингари 16 турдаги давлат хизматларини жорий этиш белгиланганлиги матбуот анжуманида таъкидланди.

 

Кўрсатиладиган хизмат ва бериладиган ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

  • Муҳандислик-коммуникация тармоқларига «тугалланган ҳолда» уланиш
  • Сув таъминоти ва сув-оқава тармоқларига «тугалланган ҳолда» уланиш
  • Газ таъминоти тармоқларига «тугалланган ҳолда» уланиш
  • Иссиқлик манбаи тармоқларига» тугалланган ҳолда» уланиш
  • Телекоммуникация тармоқларига» тугалланган ҳолда» уланиш
  • Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасад таъмирини) келишиш
  • Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома
  • Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома
  • Ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома
  • Бино ва иншоотлар, кўп йиллик ўсимликларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома
  • Юридик шахслар бино ва иншоотлари ипотекаси тўғрисидаги шартномалари ва ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш
  • Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига рухсат гувоҳномаси
  • Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат гувоҳномаси
  • Сайёр савдога рухсатнома
  • Ташқи рекламани жойлаштиришга рухсатнома
  • Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома
  • Ер ости бойликларидан фойдаланилганда бузилган ерлар рекультивациясини ўтказиш тўғрисидаги хулоса
  • Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва бута ўсимликларини кесишга рухсатнома
  • Махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмол қилишга рухсатнома
  • Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатнома.

 

Шуни қайд этиш керакки, тадбиркорлик субъектларига фақат «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларининг юқорида келтирилган рўйхати тугал рўйхат эмас. У давр тақозоси ва талабидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ тўлдириб борилаверади.

 

Сардор ТУРОБОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
4-курс талабаси.

Прочитано: 3380 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика