Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 44 / Устуворликлар

Устувор йўналишларни амалга ошириб

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар жаҳон иқтисодий инқирози давом этаётган шароитда жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатимизда мустаҳкам иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берди.

 

Шу йилнинг бошида қабул қилинган 2015–2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг ижроси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур дастур хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда унинг улуши ва аҳамиятини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия истеъмоли ҳажмини камайтириш ҳамда энергия тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган 7 та ўзаро боғлиқ стратегик дастурий ҳужжатни ўз ичига олган.

 

Етакчи саноат тармоқларини таркибий ўзгартиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, модернизация қилиш ва фаол диверсификациялаш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш

Мамлакат ташқи савдо айланмасининг 217,8 миллион долларлик ижобий сальдоси таъминланди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан бажарилди. Солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 16,8 фоиздан 16,6 фоизгача изчил камайишига эришилди.

Жорий йил бошидан буён Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкасининг 10 фоиздан 9 фоизга туширилиши тижорат банкларининг иқтисодиёт реал секторига кредит ажратиш ҳажмини 30,1 фоиз кўпайтириш имконини берди. Бунда, умумий кредитларнинг 79,7 фоизини инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди.

Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли муҳим ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топширишни тезлаштириш, шунингдек, ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши самарасида жорий йилнинг тўққиз ойида ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 28,5 триллион сўмни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 9,9 фоиз ошди.

 

Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари 

(2014 йилнинг шу давридагига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар

 

Ўсиш суръатлари

 

Ялпи ички маҳсулот

 

108,0

 

Саноат маҳсулотлари

 

107,3

 

Истеъмол товарлари

 

110,1

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари

 

106,6

 

Ўзлаштирилган инвестиция ҳажми

 

109,9

 

Қурилиш ишлари

 

118,7

 

Чакана савдо айланмаси

 

115,0

 

Пуллик хизматлар

 

110,4

 

Жами хизматлар

 

112,9

 

 

Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 2,4 миллиард доллари ёки 21,1 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар (ўсиш 11 фоиз), жумладан, 1,8 миллиард долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ўсиш 7,4 фоиз) ташкил қилди. Иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 514 миллион доллардан ортиқ маблағи ўзлаштирилди.

Капитал қўйилмалар таркибида нисбатан кўп улушни хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ташкил қилди (30,5 фоиз) ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 20,7 фоиз ўсди. Бу эса корхоналар 2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш ҳудудий дастурлари ижросига фаол жалб қилинаётганидан далолат беради.

Жорий йил бошидан буён 3 440 янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва замонавий инфратузилма объектларини барпо этишга қаратилган умумий қиймати 888 миллион доллардан зиёд 76 йирик инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилди.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларнинг турини кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида жорий йил бошидан буён истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга технологик ускуна харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун тижорат банклари томонидан 3,4 триллион сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар кўп кредит ажратилди. Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 10,1 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 20,9 фоиз кўпайди.

Жорий йил тўққиз ойида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган енгил саноат (ўсиш 17,7 фоиз, жумладан, трикотаж маҳсулотлари 14, тикувчилик 19,6 ва чарм маҳсулотлари 22 фоиз), озиқ-овқат саноати (16,7 фоиз) ва қурилиш материаллари саноати (15,9 фоиз) саноат маҳсулотлари кўпайишига катта ҳисса қўшди.

Шу йил бошидан буён йирик корхоналарда 2,1 мингдан зиёд маънан ва жисмонан эскирган ускуналар алмаштирилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ўртача 10,4 фоиз камайтирилди ва саноатда меҳнат унумдорлиги 5,6 фоиз оширилди.

 

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш

Жорий йил бошидан буён Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида 667 лойиҳа бўйича қиймати 2,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1 миллиард доллардан ошди.

Янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида 785 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташкил қилинди.

Тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан жорий йилнинг тўққиз ойида импорт ҳажмини 299,4 миллион долларга қисқартиришга эришилди.

Ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кўпайтириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 830 корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди.

Жаҳон бозорида беқарорлик ва экспорт қилинадиган асосий товарлар нархининг номувофиқ конъюнктураси сақланиб қолаётган шароитда ташқи бозордаги ўрнини сақлаш мақсадида 2015 йил бошидан буён автобус, оқ цемент, суюқ ва газсимон аргон, травертин ва сопол кошинлар, маиший газ, электр ва комбинацияланган плиталар, автомобиль ўриндиқлари, автомобилларнинг штампаланган деталлари, пайвандлаш ускуналари, янги турдаги консерваланган маҳсулотлар ва бошқа турдаги қиймати 102 миллион доллардан зиёд 199 турдаги янги товарлар экспортга етказиб берилди.

Бундан ташқари, Африка ва Жанубий Американинг илгари савдо муносабатлари ўрнатилмаган 13 давлатига (Ангола, Уганда, Бенин, Чад, Либерия, Камерун, Маврикия, Мадагаскар, Сомали, Марказий Африка Республикаси, Доминикан Республикаси) минерал ўғит, каолин, енгил автомобиллар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш бюроси томонидан йил бошидан буён ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш бўйича 1 133 корхонага маслаҳат хизматлари кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулот экспорти ва халқаро талабларни жорий этиш бўйича 29 халқаро шартнома тузилди.

 

Ривожланган инфратузилма, ахборот-коммуникация тизимларини ташкил этиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш

Жорий йилнинг ўтган даврида 2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига киритилган лойиҳалар жадал амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида 1 триллион сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилди.

Узунлиги 194,3 километрлик темир йўл қайта тикланди, 1 258 юк вагони таъмирланди ва қайта тикланди, 460 юк ва 17 йўловчи ташиш вагони тай­ёрланди.

Умуман, жорий йилнинг тўққиз ойида барча турдаги транспорт воситаларида юк ташиш ҳажми 4,3 фоиз, жумладан, темир йўл орқали 2,6, автомобилда 4,8, ҳаво транспорти ёрдамида ташилаётган юк ҳажми 1,5 фоиз кўпайди.

Жорий йил бошидан буён замонавий технологиялар асосида 1,5 минг километрдан зиёд кенг полосали оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди. Айни пайтда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 757 провайдер ва оператор хизмат кўрсатмоқда, 294 корхона дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритмоқда.

Шу йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича 24 акциядорлик компанияси, бирлашма ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув жараёнларини автоматлаштиришга ­доир 48 лойиҳа амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталини модернизация қилиш ва кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Ягона порталга давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 990 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари уланган.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат органларига ҳисобот топширишнинг электрон тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида солиқ ва статис­тика ҳисоботларини тўлиқ электрон шаклда топширишга эришилди. Бундан ташқари, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг контактсиз электрон шакллари татбиқ этилиши самарасида жорий йил бошидан буён Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 36,3 минг тадбиркорлик субъекти интернет орқали рўйхатга олинди.

Олий хўжалик суди 2015 йил бошидан буён электрон шаклда тақдим этилган 46 мингдан ортиқ даъво аризаси ва илтимосномаларни кўриб чиқди, суд иши иштирокчиларининг 37 мингдан зиёд хабарномаси ва суд ҳужжатлари электрон шаклда юборилди, 2,7 мингта суд мажлиси видеоконференция режимида ўтказилди. Бу, ўз навбатида, хўжалик субъектларига 1,7 миллиард сўмни тежаб қолиш имконини берди.   

 

Иқтисодиётда давлат иштироки даражасини қисқартириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури доирасида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва кафолатларини кучайтиришни назарда тутадиган норма ва тартиб-таомилларни жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ва кичик бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш ишлари амалга оширилди.

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қонун асосида тасдиқланди ва мазкур рўйхатда кўзда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди. Белгиланган тартибга мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорларга юридик шахсни ташкил этмасдан фаолият турига қараб, биттадан учтагача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.

Хусусий тадбиркорликнинг қонуний ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга доир чора-тадбирлар доирасида Бош прокуратура томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига оид масалалар юзасидан мурожаатларни узлуксиз (туну кун) қабул қилиш тизими жорий этилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва кичик ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойида кичик бизнес субъектларига 9,6 триллион сўм кредит, бу 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 марта кўп ва 2 триллион сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Халқаро молия институтларининг 134,8 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 53,6 фоизгача (2014 йилнинг шу даврида 52,9 фоиз бўлган), саноатда 34,6 фоизгача (31,1 фоиз), пуллик хизматларда 49,3 фоизгача (47 фоиз) ва бандликда 77,5 фоизгача (77,1 фоиз) ошди.

Оммавий ахборот воситаларида «ноль» харид қиймати бўйича сотувга қўйилган 512 объектга доир танлов савдоларини ўтказиш шартлари эълон қилинди ва бирламчи савдолар якунига кўра, 490 объект 11,7 миллион доллар ва 559,6 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан сотилди.

Хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, давлат мулкини хусусий мулкка сотиш бўйича аввал қабул қилинган дастурлар инобатга олинган ҳолда, шу йилнинг тўққиз ойида умумий қиймати 89 миллиард сўм бўлган 729 давлат активи ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун 24 миллион доллардан зиёд ва 621 миллиард сўмлик инвестиция киритиш мажбурияти билан хусусий мулкдорларга сотилди.

 

Аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини ошириш учун зарур шароитлар яратиш

Жорий йилнинг тўққиз ойида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 748,7 минг янги иш ўрни яратилди. Бунда 451,6 мингта янги иш ўрни (умумий миқдорнинг 60,3 фоизи) қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Яратилган иш ўринлари умумий сонининг 163,7 мингтаси мақсадли дастурларни амалга ошириш, 213,5 мингтаси кичик корхоналар ва микрофирмаларга тижорат банклари томонидан кредит ажратиш, 82,7 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, 176 мингтаси касаначиликни ташкил этиш, 112,8 мингтаси фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобидан ташкил қилинди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 7,7 минг уруш ва меҳнат фронти фахрийси, шунингдек, ёлғиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож қарияларнинг яшаш шароитлари яхшиланди, коммунал хизматлар бўйича 2,6 миллиард сўмлик компенсация тўловлари тўланди.

Юқори даражадаги иқтисодий фаоллик аҳоли бандлигини кенгайтириш ва фаровонлигини юксалтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар билан биргаликда ўртача иш ҳақини 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 17,1 фоиз, пенсияни 20,7 фоиз ошириш имконини берди.

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган давлатлар орасида бешинчи ўринни банд этиб турибди ва бу жаҳон ҳамжамияти ҳамда халқаро молия институтлари томонидан кенг эътироф этилмоқда. 2015 йилнинг сентябрида Халқаро валюта жамғармасининг IV Моддага мувофиқ маслаҳатлари якунлангач, жамғарманинг Ижрочи директорлари баёнотида «Ўзбекистон сўнгги йилларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини намоён этиб, ҳукумат макроиқтисодий сиёсатни эҳтиёткорлик билан амалга ошираётгани ва улар бюджетнинг соғлом мувозанатини, ташқи захиралар юқорилигини ҳамда давлат қарзининг паст даражасини таъминлаётгани»ни юқори баҳолади. Шунингдек, «фаол давлат инвестициялари Ўзбекистон Республикасини минтақанинг бошқа мамлакатлари бошдан кечираётган суст ривожланишдан ҳимоя қилгани» таъкидланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва
Давлат статистика қўмитасининг материаллари асосида.

Прочитано: 2058 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика