Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган халқ истеъмоли товарлари тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва ички талабнинг рағбатлантирилаётгани истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг жадал ўсишига хизмат қилаётгани таъкидланди. Бугун ички ва ташқи бозорда ушбу товарларга бўлган талаб ортиб бораётир.
Ҳар йили ўтказиб келинаётган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тақдимоти аҳолининг юртимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар ҳақида хабардорлигини янада ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини ички ҳамда ташқи бозорларга чиқаришга кўмаклашмоқда.
Тақдимот маросимида «Foton», «AZN», «UZTELMASH» масъулияти чекланган жамиятлари, «Roison Electronics», «Alubond Composite Material», «Ўзэлектроаппарат-Электрошчит» ва бошқа корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Тақдимот доирасида ўтказилган кўргазма экспозициясидан муқобил энергетика асбоб-ускуналари, энергия тежайдиган технологиялар, маиший техника, савдо ва совутиш жиҳозлари ҳамда бошқа турдаги халқ истеъмоли товарлари ўрин олди.
Тадбирда компаниялар вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
ЎзА материали асосида.