Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 18 / Солиқ солиш

Мақсадга мувофиқ фойдаланмаслик жарима солиш ва мусодара қилишга сабаб бўлади

Корхонамиз тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаради (ХХТУТ бўйича коди – 19330). Ушбу фаолиятга лицензия олганмиз.

Ишлаб чиқаришда хориждан олиб келинадиган хом ашёдан фойдаланамиз. Уни импорт қилганда қарорга (АВ томонидан 8.05.2009 йилда 1952-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан ҚҚС тўламаймиз.

Ана шу хом ашёдан соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган тиббиёт буюмлари рўйхатига (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2094-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кирмайдиган маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштиряпмиз.

Тиббий мақсадда ишлатилмайдиган, реализация қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун имтиёзли шартларда (ҚҚС тўламасдан) олиб кирилган хом ашёнинг бир қисмидан фойдаланилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

Бундай оқибатларга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак?

Ж.Усмонов,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

Сизнинг ҳолатингизда бундай оқибатлар юзага келиши мумкин. «Имтиёзли» хом ашёдан вазифасига кўра фойдаланмай, сиз унинг божхона расмийлаштируви тартибини бузасиз. Бунинг учун сизга жарима ва пеня тарзидаги санкциялар қўлланиши мумкин.

Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандига кўра дори воситалари ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмлар, шунингдек дори воситалари ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмлар ишлаб чиқариш учун қонун ҳужжатларида белгиланадиган рўйхат1 бўйича олиб кирилаётган хом ашё ҚҚС тўлашдан озод қилинади. Мазкур имтиёз олиб кирилаётган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат2 бўйича Ўзбекистон Республикасида ҳам ишлаб чиқарилаётган тайёр дори воситаларига ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмларга татбиқ этилмайди.

Божхона кодекси (БК) товарларнинг божхона расмийлаштирувида асосий меъёрий ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Унинг 112-моддасига кўра БКга мувофиқ тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилади. Божхона тўловларини қўшиб ҳисоблаш товарлар чиқишига рухсат берилган пайтдан эътиборан 1 йил мобайнида амалга оширилиши мумкин. Юридик шахслар божхона органига хабарнома юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари суммаларини тўлашни, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 6 ой мобайнида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли.

Қарздорлик вақти учун ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун боқимонда суммасининг 0,033%и миқдорида сўзсиз тартибда пеня ҳам ундирилади. Тадбиркорлик субъекти томонидан ортиқча тўланган суммаларга тенг бўлган қарздорлик суммасига пеня ҳисоблаб чиқарилмайди. Пеня миқдори божхона тўловлари бўйича қарздорлик суммасидан кўп бўлиши мумкин эмас. Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товланган ёки тўловчида пул маблағлари бўлмаган тақдирда ундирув қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

БКнинг 165-моддасига кўра бож тўловлари бўйича имтиёзлар берилган, бундай имтиёзлар берилишига сабаб бўлганидан бошқа мақсадларда фойдаланилаётган ёхуд тасарруфдан чиқарилаётган товарлар ва транспорт воситаларини божхона органининг рухсатисиз ташиш, сақлаш ва сотиб олиш, товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиб, улар қийматининг 50%идан 100%игача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жарима жазосига тортилмаслик учун сиз божхона органига тиббий мақсадда ишлатилмайдиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хом ашёнинг бир қисмини такрор декларациялаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишингиз лозим. Бундай ҳолда сизга имтиёзларни қўлламасдан божхона тўловларини қайтадан ҳисоблаб беришади. Корхона қўшимча ҳисоблаб ёзилган суммаларни қўшимча тарзда тўлайди, холос. Божхона тўловлари, Солиқ кодексининг 23-моддасига кўра мажбурий тўловларга тенглаштирилганлиги боис, солиқ тўловчи солиқ текшируви ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно (Солиқ кодексининг 109-моддаси).

 

1Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган хом ашёлар рўйxати (ИВ, МВ, ТИАИСВ, ДБҚ ва ССВнинг АВ томонидан 8.05.2009 йилда 1952-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

2Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар рўйхати (ВМнинг 25.02.2011 йилдаги 49-сон Қарорига 1-илова); Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 11.05.2011 йилдаги 132-сон Қарори билан тасдиқланган).


Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 1536 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика