Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 18 / Ташқи иқтисодий фаолият

Сифат GLOBALG.A.P. тизими билан тасдиқлангудек бўлса...

Бугунги кунда фермерга ўз маҳсулотини, агар у озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги халқаро стандартларига мувофиқ бўлмаса, чет элларга реализация қилиш анчагина муаммо туғдиради. Мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ўз товарларини хориждаги ниҳоятда диди баланд, талабчан истеъмолчилар учун жалб этувчан қилиб тайёрлашга GLOBALG.A.P. тизими бўйича халқаро ишбилармонлар ҳамжамияти томонидан эътироф этилган сертификатлаштириш ёрдам бериши мумкин. Бу тизимнинг сертификати кучли рақобат амал қилаётган бозорда ажралиб туриш, экспортни муваффақиятли тарзда амалга ошириш имконини беради, йирик, тузуккина буюртмалар тушиши ва бажарилишини таъминлайди.

 

Яқинда Жаҳон банки гуруҳи «SGS Tошкент» компанияси ҳамда Қишлоқ ҳудудларини таркибий жиҳатдан қайта қуриш агентлиги билан ҳамкорликда Тошкент, Фарғона ва Самарқандда GLOBALG.A.P. бўйича таълим олувчилар учун дастлабки семинарлар туркумини ўтказди. Бу семинарларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича 15 нафар маслаҳатчи ва 60 нафар фермер иштирок этди. Сертификатлаштиришнинг бу тизими хусусиятлари, уни жорий этишнинг афзалликлари ҳақида Халқаро молия корпорациясининг (IFC) Европада ва Марказий Осиёда агробизнес стандартларини жорий этиш бўйича маслаҳат дастурининг раҳбари Ольга Шчербина ва халқаро эксперт, BULG.A.P. тижорат директори, GLOBALG.A.P.нинг Болгариядаги мевалар ва сабзавотлар бўйича Миллий техник ишчи гуруҳининг раҳбари Клемент Петров гапириб берди.

 

– Суҳбатимизни GLOBALG.A.P. билан танишувдан бошласак...

Ольга Шчербина: Тренинглар ўзбекистонлик фермерлар ташаббуси билан ўтказилди. Уларнинг мавзуга қизиқишларини кўргач, биз GLOBALG.A.P. сертификатлаштиришига бағишлаб семинар ўтказишни таклиф этдик. Фермерларнинг аксарияти турли мамлакатлардаги бўлажак мижозларининг GLOBALG.A.P. сертификати билан боғлиқ талабига дуч келганларида, бундай сертификатга эга бўлгач, ўз маҳсулотларини кўпроқ ва қимматроқ сотишлари мумкин эканлигини тушуниб етдилар. GLOBALG.A.P. бўйича сертификатлаштириш рентабелликни оширишга, маҳсулотни ўтказиладиган бозорни кенгайтириш ва экспортни кўпайтириш имконини беради.

Чунончи, IFCнинг Европада ва Марказий Осиёда агробизнес стандартларини жорий этиш маслаҳат дастури Австрия Молия вазирлиги кўмагида 80 дан зиёд корхонага 156 млн доллардан ортиқ инвестицияларни жалб этишга ёрдам берди. Бу эса сотув ҳажми кўпайиб, 323 млн долларга етишини таъминлашдан ташқари корхоналар иши самарадорлигини ошириш, уларнинг харажатларини тежаш, ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳажмини камайтириш, таҳдид-таваккалчиликларни идора этишни яхшилаш ҳамда ўз савдо маркалари капиталлашувини ошириш имконини берди.

Клемент Петров: GLOBALG.A.P. бутун жаҳонда эътироф этилган стандартлар туркуми бўлиб, улар қишлоқ хўжалигини юритиш амалиётини белгилаб беради. Мақсади эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида таҳдид-таваккалчиликларни имкон қадар камайтиришдан иборатдир. Маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш пировард маҳсулотни эмас, уни етиштириш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш технологиясини сертификатлаштиришга қаратилган. Талаб даражасидаги, бошқача қилиб айтганда, рисоладагидек қишлоқ хўжалиги амалиёти етиштирилган маҳсулотда зарарли кимёвий моддалар, механик ва микробиологик ифлосланиш ҳосилалари тўпланиши имкониятини тамомила истисно этадиган шарт-шароит яратиш демакдир. GLOBALG.A.P. бўйича сертификатлаштириш муайян бир маҳсулот барча тавсиялар ва талабларга қатъий риоя этилган тарзда олинганлигининг кафолати бўлади. Бу ҳол ишлаб чиқарувчининг фаолияти GLOBALG.A.P. стандартлари талабларига мувофиқлигини тасдиқлайди.

GLOBALG.A.P. сертификати истеъмолчилар ва чакана савдо корхоналарига маҳсулот хавфсизлик ва сифатнинг керакли даражасига мувофиқ эканлигидан ҳамда экологик нормаларга риоя этилган, ходимларнинг касб бобида соғлиғи ва хавфсизлиги ҳақида, атроф муҳитнинг ҳолати ва жониворларнинг омонлиги ҳақида ғамхўрлик қилинган ҳолда етиштирилганлигидан (тайёрланганлигидан) далолат беради. Бундай тасдиқлов бўлмаса, фермерларга бозорлардан эмин-эркин жой олиш осон бўлмайди.

 

Ихтиёрий сертификатлаштириш илк бор 1903 йили Буюк Британияда қўлланила бошланган. GLOBALG.A.P. тизими бўйича бу иш бошланганига эса йигирма йилча бўлди. 1993 йили Буюк Британияда қорамоллар ялпи ўлатга учраганлиги бу ишга туртки берди. Айни ўша воқеадан кейин ритейлерлар бонг урдилар ҳамда ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари учун стандартларнинг муайян тизимини ярата оладиган ташкилот барпо этилишини молиялаштиришга қарор қилдилар. Шу зайил GLOBALG.A.P. стандартлари пайдо бўлди ва улар маҳсулот етиштиришнинг бутун силсиласини, яъни экишдан тортиб, маҳсулотни истеъмолчига сотишга қадар бўлган бутун бўғинни қамраб олди. Мазкур стандартлар ўз сафида етакчи ритейлерлар, импорт қилувчилар ва маҳсулот етказиб берувчиларни бирлаштирган хусусий уюшма томонидан ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Кейинчалик бу уюшма EUREPG.A.P. (Европанинг аграр соҳадаги фойдали тажрибаси) деган ном олди. 2007 йил сентябрида Осиёдаги кўпгина мамлакатлар ҳам ана шу стандартларни қабул қилганидан кейин атама GLOBAL, яъни «умумжаҳон» деган қўшимчага эга бўлди. Кёльн шаҳридаги FoodPLUS GmbH ташкилотининг етакчи мутахассислари иштирокида махсус ишчи гуруҳлари амалдаги стандартни янгилаш ва янгиларини яратиш билан шуғулланмоқдалар.  

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сертификатлаштириш ва сифатини назорат қилишнинг ўзига хос нодавлат тизими барпо этилганлиги Европа ритейлерларига тежамкорликка эришишдан ташқари таҳдид-таваккалчиликларни камайтириш имконини ҳам берди.

– Фермерларимиз асосан мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилаётганликлари боис, сертификатлаштириш бундай маҳсулотларни етиштиришнинг технологияси устидан тўлиқ назорат олиб боришдан иборат бўлиб қолади. Шундай экан, бу борадаги сертификатлаштиришнинг асосий объектлари нималардан иборат бўлади?

К.П.: Тупроқ, уруғлик ва кўчат материаллари, ўғитлар ҳамда ўсимликларни ҳимоя этишнинг тизими, суғориш, ҳосил йиғиштириб олинганидан кейинги ишлов, маҳсулотни йиғиб-териб олиш ва сақлаш, ходимларнинг малакаси, хавфсизлик техникаси ва меҳнат гигиенаси, ишлатиладиган техника, маҳсулотни кузатиб бориш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бундай сертификатлаштириш объекти бўлиб қолади. Мазкур силсилада кузатиб боришнинг энг оқилона усули бажарилаётган барча юмушларни пухта ҳужжатлаштириб ва қайд этиб боришдир. Шуни таъкидлаш жоизки, айни ана шу жиҳатлар Ўзбекистонда ўтказилган семинарнинг «Ўсимликшунослик» ҳамда «Мева ва сабзавотлар» дастурий модулига киритилган. Биз уларни иштирокчилар билан атрофлича муҳокама этдик. Гап, хусусан, фермер хўжалигининг бутун фаолияти, бинобарин уруғликни танлаш, экишдан тортиб ҳосилни йиғиштириб олиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, ташиш ва пештахталарга жойлаштиришга қадар бўлган барча ишлар регламентга солиниши кераклиги ҳақида борди. Фермер деҳқончилик билан шуғулланар экан, маҳсулот етиштиришнинг даладаги ишлардан тортиб, савдога чиқарилгунга қадар кечадиган жараённинг ҳар бир босқичида GLOBALG.A.P. стандартларига жавоб беришга тайёр турмоғи лозим. Ана шунда истеъмолчи унинг сертификат билан тасдиқланган товарини кўргач, бу маҳсулот кўп босқичли пухта назоратдан ўтиб келганлигига тўла ишонч ҳосил қилади.

О.Ш.: Қайд этиб ўтиш лозимки, таълим 2 кунлик семинар шаклида ўтди. Курс назарий блоклар, суҳбатлар, амалиётдан олинган мисоллар-у, амалиётда учровчи вазиятларни таҳлил этишни ҳам қамровчи бир неча мавзувий бўлимдан ташкил топди. Якуний тест синовлари натижасига қараб семинар иштирокчилари тегишли сертификатлар олдилар.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун GLOBALG.A.P. жорий этилишининг қандай афзалликлари бор?

К.П.: Жараёнлар ва тартиб-таомилларни аниқ, пухта идентификация қилиш ҳар қандай бизнес соҳасида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Хўжалик юритишнинг барча жиҳатларини тўла-тўкис тушунмай ва уларни ўзаро боғламай туриб хўжаликни самарали бошқариб бўлмайди. Шу сабабли ҳам, тизимли ёндашувни GLOBALG.A.P.ни жорий этишнинг асосий афзалликларидан бири дейиш мумкин.

Жаҳондаги кўпчилик мамлакатларнинг озиқ-овқат тармоғида GLOBALG.A.P. тизими хавфсиз маҳсулот етиштириш ва етказиб беришни бошқаришнинг энг самарали воситаси ҳисобланади. Шу сабабли, мазкур тизим бўйича сертификатлаштириш савдо соҳасидаги ҳамкорлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш, истеъмолчиларнинг маҳсулотга бўлган ишончини ошириш йўлларини кенг очиб беради.

Афзаллик жиҳатлари, бир сўз билан айтганда, жуда кўп. Чунончи, таҳдид-таваккалчиликларни идора этиш маҳсулотларнинг ифлосланиши ва зарарланиши имкониятларини камайтиради, бу эса атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқариш гигиенаси ва санитариясини яхшилашга кўмаклашади. Фермернинг масъуллиги эса хавфсиз маҳсулот етиштириш ва етказиб бериш учун қулай шарт-шароит яратиш имконини беради.

GLOBALG.A.P. тизими BRC, IFC, ISO 9001:2008 сингари бошқа менежмент тизимлари билан уйғунлик касб этади. Бу тизим давлат стандарти эмас, миллий қонун ҳужжатларига ҳам зид эмас.

Бугунги кунда Европадаги савдо тармоқларининг аксарияти ана шу тизим бўйича иш олиб бормоқда. Бу ҳол сертификатланмаган маҳсулотни Европа бозорига яқинлаштирмайди ва айни вақтда сертификатланган маҳсулот эмин-эркин ҳаракатланишига ёрдам беради. Шундай қилиб, GLOBALG.A.P. бўйича сертификатлаштириш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, ички ва жаҳон бозорларида муқим, муносиб ўринни эгаллашга интилаётганлар учун рақобатлашув борасида ҳам салмоқли афзалликлар беради.

О.Ш.: GLOBALG.A.P. фермер хўжаликларини сертификатлаштириш бўйича жаҳондаги етакчи тизимлардан бири бўлиб, айни озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Кун талабларига тез мослашувчанлик бу очиқ-ошкора, ишончли комплекс тизимга хос бўлгани сабабли ҳам у бозор талаб-эҳтиёжларига вақтида эътибор қилади ва жавоб беради. Сертификатлаштириш бўйича модуль ва индивидуал ечимлар, аудит ҳамда фермер хўжаликлари салоҳиятини ошириш хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Бугунги кунда GLOBALG.A.P. бўйича сертификатлаштириш тизими билан жаҳоннинг 118 мамлакатидаги 140 000 асосий ишлаб чиқарувчи қамраб олинган.

 

– Ниҳоят охирги савол. Сертификатлаштириш учун ким ҳақ тўлайди?

К.П.: Сертификатлаштириш учун ҳақни уни ўтказишни сўраб мурожаат этган фермер хўжалиги ёки ишлаб чиқарувчи тўлайди. Бу сарф-харажатлар бозорлардан эмин-эркин, муносиб жой олиш самарадорлиги ошиши ва бу борадаги таомил соддалашуви шарофати билан ўзини тўла оқлайди.

О.Ш: Шуни таъкидлаш муҳимки, GLOBALG.A.P. ихтиёрий стандартдир. Бу стандарт давлат даражасида ҳар қандай низолар бўлишини истисно этадиган тарзда таърифланган. Унинг асосий норматив бандларидан бирида айтилишича, бу стандарт миллий қонун ҳужжатларидан юқори, устун туриши мумкин эмас, у давлат стандартлари ролини бажаришга ҳам даъвогарлик қилмайди. Барча низоли ҳолатларда ҳал қилувчи сўз миллий қонун ҳужжатларига тегишли бўлади.

 

Семинар якунлари ўзбекистонлик қишлоқ хўжалик товари ишлаб чиқарувчилар GLOBALG.A.P.ни жорий этишга тайёр эканликларидан далолат бермоқда. Бундан улар кўрадиган наф аниқ-равшан – халқаро стандартлар уларга Европа савдо тармоқлари эшикларини ланг очиб беради.

Махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА
суҳбатлашди.

 

 

Фермер фикри

– Мамлакатимизда маҳсулотлар таъм бобида юқори сифатли эканлигини, туркумдаги жами маҳсулотларнинг саралангандек бир хил кўринишдалиги, ранги, ўрови чет эллик истеъмолчилар буюртмасига мувофиқ ва улар кутганидек эканлигини кўрсатувчи GLOBALG.A.P., яъни жаҳон миқёсидаги номдор рутба жорий этилиши серқуёш Ўзбекистонимизнинг мевалари ва сабзавотларини намойиш этишнинг энг янги ва долзарб йўналишидир. Зотан, GLOBALG.A.P. сертификати маҳсулот энг юксак даражадаги халқаро стандартларга мувофиқ эканлигини тасдиқлайди. Айни чоғда у ходимларнинг соғлиғи муҳофаза этилганлигидан, ишлаб чиқаришда хавфсизлик принциплари ва меҳнат гигиенасига риоя этилганлигидан, қолаверса, сабзавотларни етиштиришда кам миқдорда ўғит ва пестицидлар ишлатилганидан шоҳидлик беради. Ўз маҳсулоти билан чет элларга чиқиш йўлини излаётган фермерлар, шак-шубҳасиз, тўғри йўлни GLOBALG.A.P. бўйича сертификатлаштириш воситасида танлаб оладилар деб ўйлайман.

Раъно ҚУРБОНОВА,

«Kaylasremedygroup» хусусий корхонаси директори.

 

Фермер фикри

– GLOBALG.A.P. бўйича тренингни вақтида ташкил этганлиги учун IFC дан жуда миннатдормиз. Бу Ўзбекистонимизгагина эмас, балки бутун Марказий Осиёга керакли стандарт экан. Биз, фермерлар, маҳсулотимизни сифат ва хавфсизлик борасида жаҳон даражасига етказишга, бу товарлар Европа, Россия ва АҚШ бозорларида рақабатдош бўлишига ҳаракат қилмоқдамиз. Бу эса, маҳсулотимизни воситачиларсиз, янада фойдалироқ тарзда сотиш имконини беради. Тренингда иштирок этган фермерлар номидан бундай семинарлар бошқа минтақаларда ҳам ўтказилса, яхши бўларди деган истакни билдирмоқчиман. Зеро, бу муҳим ахборотлар бошқаларнинг эътиборига ҳам етказилмоғи даркор. Менинг фикримча, шу пайтгача экспорт билан шуғулланмаган фермерлар ҳам GLOBALG.A.P. ни жорий этиб, албатта экспортчилар сафидан жой оладилар. Бу эса, мамлакатимизнинг янада иқтисодий равнақ топишига хизмат қилади.

Абдимурод МУҲАММАДИЕВ, фермер.

Тошкент вилояти.

Прочитано: 2113 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика