Norma.uz

Чиқим кўп бўлмаслиги мумкин эди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

МЧЖ (Сотувчи) ва хусусий фирма (Сотиб олувчи) 20 млн сўмлик товарларнинг олди-сотдиси юзасидан шартнома тузишди. Шартномага кўра, товар олдиндан тўлов тўланган кундан эътиборан, 10 кун ичида етказиб берилиши керак. Шартнома шартларига мувофиқ, Сотиб олувчи шартнома имзоланган кундан эътиборан 5 кунлик муддат ичида шартномада кўрсатилган умумий сумманинг 50%и миқдорида олдиндан тўлов тўлашни амалга ошириши, қолган 50%ини эса, маҳсулот етказиб берилган кундан эътиборан 30 кун ичида тўлаши лозим. Сотиб олувчи 50%ли олдиндан тўлов тўлашни шартномада назарда тутилган муддатларда амалга оширди. Сотувчи товарни вақтида етказиб берди, бироқ орадан 30 кун ўтган бўлса-да, Сотиб олувчи қолган суммани ўтказмади. Маҳсулот етказиб берилган кундан 60 кун ўтгач, Сотувчи қарзни тўлаш талаби билан Сотиб олувчига даъво билан мурожаат қилди. Сотиб олувчи даъвога жавоб бермади. Ана шунда Сотувчи 10 млн сўм (асосий қарз суммаси), 2,4 млн сўм (тўлов муддати ўтказиб юборилгани учун пеня), 124 минг сўм (давлат божи) ва 7 200 сўм (почта харажатлари) ундириш талаби билан хўжалик судига даъво аризаси киритди.

Хўжалик суди ўзининг ҳал қилув қарори билан МЧЖ даъво талабларини қисман қаноатлантирди. Мазкур иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўриб чиқилмаган.

 

МЧЖ ПОЗИЦИЯСИ

Сотувчи шартномада белгиланган мажбуриятларини тўлиқ бажарган ва маҳсулотни вақтида етказиб берган. Аммо Сотиб олувчи товар учун тўловни тўла ҳажмда тўламаган. Шу сабабли ҳам у 10 млн сўмни тўлаши, шунингдек олди-сотди шартномасига биноан, пеня ва суд чиқимларини тўлаши шарт.

 

ХФ ПОЗИЦИЯСИ

Олди-сотди шартномасига кўра, Сотиб олувчи олдиндан тўлов тариқасида 10 млн сўм тўлаган. ХФ вақтинча молиявий қийинчилик туфайли ҳозирги вақтда қолган 10 млн сўмни тўлай олмайди ва қарзни 2 ой мобайнида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини сўрамоқда.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб чиқиб, даъвогарнинг важ-далилларини ҳамда жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама этиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил этгач, қуйидаги фактларни тасдиқлади:

1) МЧЖ билан ХФ ўртасида 20 млн сўмлик товар юзасидан олди-сотди шартномаси тузилган;

2) ХФ 10 млн сўм миқдоридаги олдиндан тўловни вақтида амалга оширган;

3) МЧЖ 20 млн сўмлик товарни вақтида етказиб берган;

4) судга даъво киритилгунига қадар Сотувчи Сотиб олувчига тўловни амалга ошириш талаби билан мурожаат этган, бироқ Сотиб олувчи эътирозга эътибор қилмаган;

5) Сотувчи 10 млн сўмдан иборат асосий қарзни, тўлов муддати ўтказиб юборилганлиги учун 2,4 млн сўм миқдордаги пеняни, 124 минг сўм давлат божини ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириб бериш тўғрисидаги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат этган;

6) олди-сотди шартномасида тўловни вақтида амалга оширмаганлик учун Сотиб олувчи Сотувчига тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,4% миқдорида, аммо тўланмаган сумманинг 50%идан ошиб кетмайдиган миқдорида пеня тўлаши назарда тутилган.

Фуқаролик кодексининг (бундан буён ФК деб юритилади) 14 ва 324-моддаларига амал қилиб, қарз Сотиб олувчи томонидан эътироф этилгани муносабати билан, шунингдек ёзма далиллар билан тасдиқланган даъво талаблари асосли эканлигини ҳамда жавобгар важ-корсонларининг асоссизлигини инобатга олиб, суд шундай қарор қилади:

асосий қарзга доир даъво талаблари тўлиқ ҳажмда қаноатлантирилсин ва жавобгардан даъвогар фойдасига 10 млн сўм ундирилсин;

суд харажатлари жавобгардан тўла ҳажмда ундирилсин.

2,4 млн сўм миқдордаги пеняни ундириш борасида суд, бу талаб ФКнинг 324 ва 333-моддаларига мувофиқ асосли деб топди. Шу билан бирга, суд ФК 326-моддасининг қоидаларини эътиборга олган ҳолда пеняни камайтириш ва уни 1 млн сўм этиб белгилаш мумкин деб ҳисоблади. Бинобарин, МЧЖ даъво аризаси қисман қаноатлантирилди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 236-моддасига биноан, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Олди-сотди шартномасига кўра, тарафлардан бири (Сотувчи) ўз товарини иккинчи тарафнинг (Сотиб олувчининг) мулкига бериш мажбуриятини олган, Сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиб олиш ва унинг учун муайян пул суммасини тўлаш мажбуриятини зиммага олган. Сотиб олувчи товар учун тарафлар келишуви билан белгиланган нархда ҳақ тўлаши шарт. Шу сабабли ҳам, асосий қарзни тўлаш ҳақидаги даъво талаби батамом асослидир.

ФК 333-моддасининг биринчи қисмига асосан қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, жавоб беради. Мажбуриятларни ижро эттириш усулларидан бири неустойкадир. Мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда қарздор кредиторга тўлаши лозим бўлган, қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгилаб қўйилган пул суммаси неустойка деб эътироф этилади. Неустойка жарима ёки пеня шаклида ифодаланади.

Мажбуриятнинг ижро муддати ўтказиб юборилганда қарздор томонидан тўланадиган ҳамда мажбуриятнинг ижро этилмаган қисмига нисбатан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун фоиз нисбатида ҳисобланадиган неустойка пеня дейилади. Олди-сотди шартномасида тўлов вақтида тўланмаганлиги учун Сотиб олувчи Сотувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,4% миқдорида, лекин тўланмаган сумманинг 50%дан ошиб кетмайдиган миқдорда пеня тўлаши назарда тутилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қуйидаги ҳолатларни эътиборга олган ҳолда неустойка миқдорини камайтиришга ҳақлидир:

қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги;

мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи;

кредиторнинг манфаатлари.

Бунда суд камайтиришга ҳақли бўлган неустойканинг энг кўп ёки энг кам миқдори қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бу миқдор ФК 326-моддаси инобатга олинган ҳолда белгиланади. Шу сабабли суд даъво талабларини қисман қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Шуни эътиборга олиш керакки, агар ХФ МЧЖнинг судловга қадар тартибда арз қилинган даъвосини қаноатлантирганида эди, ХФнинг пеня ва харажатларни тўлашига ҳожат бўлмас эди. Энг аввало, Сотиб олувчи Сотувчига олди-сотди шартномасига етказиб берилган товар учун ҳисоб-китоб қилиш муддатини узайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш хусусида битим тузишни таклиф этиши лозим эди. Қолаверса, мажбуриятларни бажариш ва таъминлашнинг ФКда назарда тутилган ҳар хил усулларидан, шу жумладан қарз олиш, қарз ҳисобига тенг қийматдаги мол-мулкни бериш, кафиллик ва бошқа усуллардан фойдаланиб, ХФ ортиқча чиқимдан бемалол қутилиб қолган бўлур эди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2067 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика