Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 5 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚИСҚАРТИРИШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР МАЪҚУЛЛАНДИ  

Вазирлар Маҳкамасининг 22.01.2015 йилдаги 8-сон Қарори билан саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга ва маҳсулот таннархини пасайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар назарда тутилди.

Ҳужжат билан уюшмалар, акциядорлик компаниялари ва йирик саноат корхоналари томонидан Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган 2015 йилда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини ўртача 10%га пасайтириш бўйича таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар ҳисобига ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш амалга оширилади:

энергия ресурслари истеъмолини қисқартириш ва ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш;

технологик жараёнларни ҳамда материал-хом ашё ресурсларини сарфлаш нормаларини, фойдаланиш ва ноишлаб чиқариш харажатларини АКТларни жорий этиш йўли билан рационализация қилиш;

меҳнат унумдорлигини ошириш, бошқарув ҳамда саноат-ишлаб чиқариш ходимлари сонини мақбуллаштириш, шунингдек бошқа омиллар.

Қарорга мувофиқ Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 21.07.2010 йилдаги 154-сон Қарори билан тасдиқланган) тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида технологик жараёнларни рационализация қилиш ҳамда материал-хом ашё ва энергия ресурсларини сарфлаш нормаларини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш, сотиб олинаётган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар қийматини пасайтириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, ходимларнинг йиллик сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш натижасида маҳаллийлаштириш даражасини пасайтиришга доир қисми 2015 йилда бузилиш деб ҳисобланмайди.

 

САНОАТ ВА ҚУРИЛИШ КОРХОНАЛАРИ ПАСПОРТЛАРИ РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 26.01.2015 йилдаги 11-сон Қарори билан мулкчилик шаклларидан қатъи назар, микрофирмалардан ташқари саноат ва қурилиш соҳасидаги барча корхоналар бўйича улар фаолиятининг асосий ишлаб чиқариш ва молиявий параметрларини акс эттирувчи корхоналар паспортларини намунавий шаклларга биноан ҳар йили расмийлаштириш тартиби жорий этилди.

Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда корхоналар фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг паспортини тўлдириш методологиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш; саноат ва қурилиш соҳасидаги корхоналарга паспортларнинг намунавий шаклларини ва уларни тўлдириш методологиясини етказиш топширилди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг таркибига кирмайдиган корхоналар 2014 йилги маълумотлар киритилган паспортларнинг 2015 йил 1 апрелгача бўлган муддатда расмийлаштирилишини ҳамда Интернет тармоғи орқали, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг дастурий-технологик воситаларидан фойдаланган ҳолда статистика органларига тақдим этилишини, шунингдек ўзларининг мавжуд расмий веб-сайтларида уларнинг жойлаштирилишини таъминлайдилар.

Келгусида янгидан ташкил этилган корхоналар ҳамда ишлаб турган корхоналар бўйича паспорт расмийлаштирилиши ҳар йили 1 апрелгача амалга оширилиши лозим.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда корхоналар раҳбарлари зиммасига корхоналарнинг паспортларида белгиланган ишлаб чиқариш тавсифномаларига мувофиқ қувватлардан юқори даражада фойдаланилишини ва корхоналарнинг барқарор молиявий-хўжалик фаолиятини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юкланади.

Устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган корхоналардаги акцияларнинг (улушларнинг) давлат пакетлари ушбу корхоналар акциядорлари (муассислари) билан келишган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Қарори асосида хусусий мулкдорларга «ноль» харид қиймати бўйича, уларнинг негизида ишлаб чиқариш фаолиятини ва иш ўринларини тиклашга доир инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан сотилади. Республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналар бундан мустасно.

 

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ МАЛАКА ТОИФАСИ ОЛИШ УЧУН АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИЛАДИ

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (АВ томонидан 19.01.2015 йилда 2649-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур Низом талаблари тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларда фаолият юритадиган врачлар, фармацевтлар, «Олий ҳамширалик иши» мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (кейинги ўринларда – тиббиёт ходимлари) нисбатан татбиқ этилади.

Малака тоифаси олиш ихтиёрий бўлиб, тиббиёт ходимининг мурожаатига кўра амалга оширилади. Тиббиёт ходимларига учинчи, иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

Учинчи малака тоифаси керакли назарий билимга эга бўлган, лекин иккинчи малака тоифасини олиш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қуйидаги тиббиёт ходимларига берилади:

умумий стоматология мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган врачларга — фақат умумий стоматология мутахассислиги бўйича;

магистратурани тамомлаган ёки қайта тайёрлашдан ўтган врачларга — олган тор мутахассислиги бўйича.

Ушбу тоифа врачларнинг хусусий тиббиёт муассасаларига ишга кириши ва ушбу муассасалар фаолиятини лицензиялашга шароит яратиш мақсадида берилади. Учинчи малака тоифасига эга давлат тиббиёт муассасалари врачларига малака тоифасига эга бўлмаган врачлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қўлланилади.

Иккинчи малака тоифаси мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига ҳамда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган тиббиёт ходимларига берилади. Бунда учинчи малака тоифасининг бўлиши талаб қилинмайди.

Биринчи малака тоифаси мутахассислиги бўйича камида 7 йил иш стажига, яхши назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ходимларига берилади.

Олий малака тоифаси мутахассислиги бўйича камида 10 йил иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ходимларига берилади.

Иш стажини ҳисоблаб чиқишда турдош мутахассисликлар бўйича иш стажи ўзаро ҳисобга олинади (Низомда уларнинг рўйхати кўрсатилган).

Малака тоифаси 5 йил муддатга берилади. Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимига у фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномасига асосан муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида 2 йилдан кейин навбатдаги малака тоифаси берилиши мумкин. Тиббиёт ходимларига берилган малака тоифалари (учинчи малака тоифасидан ташқари) уларга табақалаштирилган ҳақ тўлаш учун асос бўлади.

Аттестация Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда – аттестациядан ўтказувчи органлар) ҳузурида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари томонидан ўтказилади. Йиғилишлар аттестациядан ўтказувчи орган томонидан тасдиқланадиган йиллик жадвал асосида ўтказилади.  Жадвал уларнинг расмий веб-сайтларида 15 январга қадар эълон қилинади.

Талабгорлар аттестациядан ўтишлари учун ариза тақдим этишлари ва Низомда белгиланган ҳужжатларни унга илова қилишлари (электрон шаклда ҳам жўнатишлари) мумкин ҳамда ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида тўлов тўлайдилар. «Олий ҳамширалик иши» мутахассислигига эга бўлган талабгор ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан тўлов ундирилмайди.

Аттестация икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда талабгор компьютер воситасида мутахассислиги бўйича 50 та тест саволига жавоб бериши керак. Талабгорнинг танловига кўра тест он-лайн режимида ўтказилиши мумкин. Иккинчи босқич 5 та саволдан иборат билет асосида суҳбат шаклида ўтказилади.

Тўпланган баллардан келиб чиқиб аттестация комиссияси малака тоифасини бериш ҳақидаги масалани ҳал этади. Иккинчи босқич тугаган кундан бошлаб 10 кун ичида аттестациядан ўтган талабгорларга малака тоифаси берилганлиги тўғрисида сертификат (Низомда белгиланган шаклда) расмийлаштирилади.

Низомда малака тоифаси берилганлиги тўғрисида сертификатнинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш учун асослар, унинг дубликатини бериш тартиби, шунингдек бошқа масалалар белгиланган.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 26.01.2015 йилдаги 3 (659)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

КОМПЬЮТЕР ДАСТУРЛАРИ ЭКСПОРТИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛАДИ

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банки Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 28.01.2015 йилда 2549-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Дастурий таъминот воситалари экспорти ва импорти тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Низом илгари Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 21.07.2014 йилдаги 199-сон Қарорга мувофиқлаштирилмоқда, унда экспорт битимларини хизмат кўрсатувчи банкларда ҳисобга олишни бекор қилиш назарда тутилган.

Энди экспорт шартномасига эга бўлмаган миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси Интернет тармоғидаги онлайн магазинлар орқали дастурий таъминотни хорижий валютага сотиш, экспорт операцияларини амалга ошириш учун электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига маълумот киритади (илгари ишлаб чиқувчилар хизмат кўрсатувчи ваколатли банкка мазкур битимни ҳисобга олиш учун ариза топширар эдилар).

Шунингдек экспорт битимларини ҳисобга олишни тартибга солувчи меъёрлар ўз кучини йўқотди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 2.02.2015 йилдаги 4 (660)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 3720 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика