Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 5 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ўзгартишлар киритиш таомиллари қандай?

Корхоналарнинг хўжалик юритиш жараёнида хилма-хил ҳолатлар туфайли доимо муайян ўзгаришлар юз бериб туради. Кимнингдир манзили ўзгаради, кимдир хизмат кўрсатувчи банкни ўзгартиради, яна кимдир умуман қайта ташкил этишни ўтказиш, номланишни ўзгартириш ёки таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар киритишга қарор қилади. Шу муносабат билан кўпинча ўзгартиришлар киритиш таомилининг қандайлиги ва улар тўғрисида хабардор қилиш керак ёки керак эмаслиги хусусида саволлар вужудга келади. Баъзан бу ҳақда ўйламайдилар ёки унутадилар.

Бундай вазиятларда нималарни билиш ва ёдда тутиш лозим? Уларнинг баъзиларини кўриб чиқамиз.

 

ТАЪСИС ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛАДИ...

Қуйидаги ҳолларда корхонанинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар, баъзан қўшимчалар ҳам киритилиши мумкин:

унинг фирма номи ўзгарганда;

унинг устав фонди кўпайганда ёки камайганда;

улуш (ҳисса) ёки акция ўтганда;

унинг иштирокчилари таркибига янги шахслар кирганда ёки ундан бирор-бир шахс чиққанда;

у турли шаклларда қайта ташкил этилганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар мавжуд бўлганда.

 

МИСОЛ. МЧЖ муассисларидан бири корхона устав фондидаги ўз улушининг бир қисмини беғараз равишда (текинга) учинчи шахсга берди, тегишинча, муассислар таркибида ўзгариш ҳамда устав ва таъсис шартномасида ўзгаришлар юз берди.

 

Мазкур ҳолда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг1 (бундан кейин – ПҚ-357-сон Низом) 33-банди ва Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг2 (бундан кейин – 357-сон Низом) 72-банди талабларига амал қилиб, МЧЖ ваколатли бошқарув органи (иштирокчиларнинг умумий йиғилиши) томонидан тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 1 ой мобайнида уни рўйхатдан ўтказган органга ўзи келган ҳолда, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

ариза;

МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарори;

ўзгартиришлар матнининг ваколатли шахс томонидан имзоланган ва МЧЖ муҳри билан тасдиқланган 2 нусхаси;

давлат божи белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақида банк тўлови ҳужжати;

ушбу улуш (ҳисса) бошқага ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шартнома, хат ва шу кабилар).

Умуман олганда, рўйхатга олувчи органга тақдим этиладиган ҳужжатлар пакети юз бераётган ўзгартиришларга боғлиқлиги аён.

 

КОРХОНАНИНГ МАНЗИЛИ ЎЗГАРДИ

Кўпчилик бундай ҳолатда корхона рўйхатга олувчи органни ёзма равишда хабардор қилиши етарли деб ҳисоблайди. Бу умуман олганда қуйидагиларда мавжуд бўлган меъёрий қоидалардан келиб чиқади:

Фуқаролик кодексининг (ФК) 46-моддаси тўртинчи қисми;

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг3 (бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун) 3-моддаси тўққизинчи қисми;

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 6-моддаси еттинчи қисми;

«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.2012 йилдаги ЎРҚ-327-сон, бундан кейин – ЎРҚ-327-сон Қонун) 12-моддаси иккинчи қисми еттинчи хатбошиси.

ПҚ-357-сон Низомнинг 36-банди ва 357-сон Низомнинг4 74-бандида кўрсатилганидек, корхона ўз манзили ўзгарганлиги ҳақида 10 кун муддатда хабарнома бериши керак.

Бу ҳолат барчага аёндек кўринади. Бироқ ҳаммаси ҳам унчалик оддий эмас, чунки манзилнинг ўзгариши таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришга ҳам олиб келиши керак. Қуйидаги қонун қоидалари бундай таъкиднинг тўғрилигидан далолат беради.

ФКнинг 46-моддаси бешинчи қисмида белгиланишича, юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили) унинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 13-моддасида таъкидланганидек, жамият уставида бошқа қоидалар билан бир қаторда унинг почта манзили тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Бу шуни билдирадики, жамият уставида (баъзи корхоналарда5 эса таъсис шартномасида) ҳар доим унинг аниқ манзили тўғрисидаги ахборот бўлиши керак: манзил ўзгарса – ушбу қисмда устав (ёки таъсис шартномаси) ҳам ўзгаради.

Энди МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 11-моддаси бешинчи қисмига эътибор қаратамиз, унда айтилишича, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга киради. Ваколатхоналар ва филиаллар ташкил этилиши, шунингдек жамиятнинг почта манзили ўзгариши билан боғлиқ ўзгартишлар киритилган ҳолларда  – рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган пайтдан бошлаб. Жамият манзили ўзгариши билан боғлиқ ўзгартириш унинг уставига киритилиши кераклиги тушунарлидир.

Албатта, шуни ёдда тутиш лозимки, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган барча ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 11-моддаси тўртинчи қисми).

Ниҳоят, яна бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилсак, у тадбиркорлик субъектининг манзили ўзгариши муносабати билан унинг таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш шартлиги хусусидаги барча шубҳаларни батамом йўққа чиқаради. Бу – Банк устав капитали миқдорини, акциядорлар таркибини, банк номи ва манзилини ўзгартириш, уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом6. (Банклар тижорат ташкилотлари сифатида одатда акциядорлик жамияти шаклида барпо этилади. Демак, улар ҳам тадбиркорлик субъектларидир). Юқорида тилга олинган Низомнинг 5-бўлими банк жойлашган жой (почта манзили) ўзгарганлигини рўйхатга олиш тартибигагина бағишланган. Рўйхатга олиш, унинг 5.4-бандига кўра, бу ҳақда бир ойдан кечиктирмасдан банк томонидан Марказий банкка (рўйхатга олувчи органга) тақдим этиладиган илтимоснома (бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда) асосида амалга оширилади.

Шу тариқа, юқорида баён этилган ҳуқуқий меъёрларнинг таҳлили қуйидаги хулосага келиш имконини беради:

биринчидан, корхона иштирокчилари умумий йиғилиши ёки ягона иштирокчисининг қарори асосида, бу ҳақдаги ўзгартиришни устав ёки таъсис шартномасига киритиш йўли билан унинг манзилини ўзгартириш мумкин;

иккинчидан, корхона устави ёки таъсис шартномасига унинг манзили ўзгариши муносабати билан киритилган ўзгартириш давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Корхона манзили ўзгарганда, юқорида таъкидланганидек, у рўйхатга олувчи органни хабардор қилиши шарт. Корхона бундай ўзгартириш тўғрисида солиқ органлари ва бошқа давлат органларини хабардор қилиши керакми?

Йўқ, бироқ айрим субъектлар бундан мустасно. Шуни такроран қайд этамизки, ўз манзили ўзгарганда корхона бу ҳақда рўйхатга олувчи органни тегишли қарор қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида ёзма равишда хабардор қилиши шарт (бундай 10 кун ичида хабардор қилиш тижорат банкларига тааллуқли эмас). Шунингдек бир ой ичида ўша органга рўйхатдан ўтказиш учун таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар матни тақдим этилиши керак. Агар рўйхатга олувчи органга бундай ўзгартириш матни 10 кун ичида тақдим этилса, у бир вақтнинг ўзида манзил ўзгарганлиги тўғрисидаги хабарнома деб ҳисобланади. Бунда давлат божи олинмайди.

Кўпчилик юридик шахслар учун рўйхатга олувчи орган томонидан солиқ органлари ва бошқа давлат органларини хабардор қилиш таомили амал қилади. Чунончи, Солиқ кодекси (Кодекс) 84-моддасининг биринчи қисмига кўра рўйхатга олувчи орган давлат солиқ хизмати органига (бундан кейин – ДСХО) бундай ўзгартишлар тўғрисида улар киритилган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт. Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга (бундан банклар мустасно) нисбатан ПҚ-357-сон Низомнинг 36-банди ва 357-сон Низомнинг 74-банди уларнинг почта манзили ўзгарганлиги ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни кўрсатилган субъектлардан хабарномани олгандан бошлаб 2 кун муддатда ДСХО ва давлат статистика органини (бундан кейин – ДСО) мажбур этади.

Биз юқорида тилга олган истиснони давлат рўйхатидан ўтказиш бир вақтнинг ўзида уларни ДСХО ва ДСОда ҳисобга қўймасдан амалга ошириладиган юридик шахслар ташкил этади. Улар Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилган юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентларидир. Улар ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органларига ҳисоб маълумотларидаги (буларга жойлашган ери (почта манзили)7 киради) ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида, улар бошланган кундан бошлаб маълум қилишлари шарт (Кодекснинг 83-моддаси учинчи қисми).

Худди шундай мажбурият тижорат банклари зиммасига ҳам юкланади, улар ҳам, норезидент юридик шахслар сингари, айтилган органларда ҳисобга қўйишни мустақил равишда амалга оширадилар8.

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари ҳисобланган юридик шахсларнинг жойлашган ери (бундан ташқари, фирма номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли) ўзгарган тақдирда, бу ҳақда махсус ваколатли давлат органини (Молия вазирлигини) хабардор қилишлари шарт9.

Давлат корхоналари тўғрисида низомнинг10 11-банди иккинчи хатбошисини ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак, унда айтилишича, бундай корхона (давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат корхонаси) уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда бу тўғрида тегишли равишда Давлат рақобат қўмитасини ёки унинг ҳудудий органини хабардор қилиши шарт.

Қонун ҳужжатлари юридик шахсга мижоз манзили ўзгарган тақдирда хизмат кўрсатувчи банкларни хабардор қилиш мажбуриятини юклайди. Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқноманинг11 (бундан кейин – Йўриқнома) 37-банди учинчи хатбошисига мувофиқ ҳисобварақ эгаси ўз манзилининг ўзгарганлиги тўғрисида ўзининг ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка 5 иш куни давомида ёзма хабар бериши шарт.

Агар корхона бу ҳақда рўйхатга олувчи органни хабардор қилмаса, унинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгариши муносабати билан қандай муаммолар юзага келиши мумкин?

Масалан, хўжалик юритувчи субъект муайян туманнинг бир манзили бўйича рўйхатдан ўтказилган, бироқ амалда худди шу туман ёки  бошқа туман ҳудудидаги бошқа манзилда жойлашган. Ушбу ҳолда суд ДСХОнинг тегишли аризасига кўра корхонанинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин (Кодекснинг 96-моддаси иккинчи қисми).

Олий суд ва Олий хўжалик судининг қўшма Пленуми тушунтиришича, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш давлат органларидаги мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ талаблари бажарилишини таъминлаш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир12.

Бироқ банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар фақат харажат қисмида тўхтатиб қўйилиши мумкин, бундан тўловларни бюджетга ўтказиш ҳамда иш ҳақи, нафақалар, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида соғлиқ ва ҳаётга етказилган зарарни қоплашга маблағлар берилиши мустасно. Фикримизча, бундай қоида билан Солиқ кодексининг 96-моддасини ҳам тўлдириш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 1762-моддасида корхона томонидан почта манзили ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотларни 10 кунлик муддат ичида тақдим этмаслик мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Мазкур жазо чорасини солиқ органлари корхонани бошқаришнинг ижро органи вакили бўлган шахсга нисбатан қўллашлари мумкин (МЖТКнинг 264-моддаси). Агар шахс ҳуқуқбузарлик фактини инкор этса, маъмурий ишлар бўйича судья бевосита жазо чораларини қўллайди (МЖТКнинг 245-моддаси).

 

БАНК РЕКВИЗИТЛАРИНИ ЯНГИЛАШ

Амалиётда корхонанинг банк реквизитлари ҳам ўзгариб туради. Яъни унинг асосий банк ҳисобварағи мазкур ҳисобварақни бошқа банкка ўтказиш йўли билан очилиши мумкин.

Банклар хўжалик юритувчи субъектлар тегишли солиқ органида рўйхатга олинганликларини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган тақдирдагина улар учун ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисобварақлар очишлари мумкин ва бу ҳисобварақлар очилганлиги ҳақида улар очилган куннинг эртасидан кечиктирмай мазкур органга хабар берадилар (Кодекснинг 84-моддаси ўнинчи қисми; 29.08.1997 йилдаги «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474-I-сон Қонуннинг 7-моддаси тўртинчи қисми 1-банди).

Бундай ҳужжат бўлиб солиқ органи томонидан корхонага СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳисобланади. Корхона бир вақтнинг ўзида ДСХО ва ДСОда ҳисобга қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказилган тақдирда – давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (Кодекснинг 77-моддаси тўртинчи қисми).

Яқин вақтгача хўжалик юритувчи субъект асосий ҳисобварағини бошқа банкка ўтказиши учун ДСХОга солиқлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиши шарт эди. Акс ҳолда ҳисобварақни бошқа банкка ўтказишга йўл қўйилмасди (Йўриқноманинг 42-банди). Бугунги кунда ушбу меъёр ўз кучини йўқотди13.

Банк тўғрисидаги қонун ҳужжатларидан хўжалик юритувчи субъектнинг ўзининг ҳисоб-китоб ва касса хизмати кўрсатилиши учун банкларни мустақил равишда танлаш ва республиканинг исталган минтақаси ҳудудида бир ёки бир нечта банкда миллий ҳамда чет эл валютасида турли хил ҳисобварақлар очиш ҳуқуқи келиб чиқади. Бироқ айрим субъектлар учун ҳудудий чеклаш мавжуд.

Масалан, Йўриқноманинг 3-бандига мувофиқ ЯСТ тўловчиси бўлган улгуржи савдо корхоналари (улгуржи дорихона ташкилотлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси тизимига кирувчи ихтисослаштирилган улгуржи база-идоралар бундан мустасно) миллий валютадаги асосий ва иккиламчи ҳисобварақларини улар юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган туман (шаҳар)даги тижорат банклари ва (ёки) уларнинг филиалларида очадилар.

Улгуржи савдо корхоналари улар томонидан миллий ва чет эл валютасидаги иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очилган тақдирда улар рўйхатга олинган жойдаги солиқ органини хабардор қилишлари керак (Йўриқноманинг 5-банди).

Эслатиб ўтамизки, МЖТКнинг 1762-моддаси, бошқа жиҳатлардан ташқари, хўжалик юритувчи субъект томонидан банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотларни 10 кунлик муддат ичида тақдим этмаслик ёхуд ёлғон маълумотларни тақдим этиш учун ҳам юқорида берилган жазо чорасини назарда тутади.

 

АСОСИЙ ФАОЛИЯТ ТУРИ ЎЗГАРГАНДА

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига ўзгартириш киритишни тақозо этувчи корхонанинг фаолияти тури ва (ёки) унда ишловчиларнинг ўртача йиллик сони ўзгарса, статистика органлари тақдим қилинадиган йиллик статистик ҳисобот асосида тегишли ўзгартиришлар киритиб, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органлар, солиқ органлари ҳамда корхонани хабардор қиладилар (ПҚ-357-сон Низомнинг 36-банди иккинчи хатбошиси; 357-сон Низомнинг 74-банди иккинчи хатбошиси). Мазкур ҳолда хабардор қилиш таомили тескори тартибга эга, яъни ваколатли орган (ДСО) бу ўзгартишлар тўғрисида корхонани хабардор қилади.

 

1Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова.

326.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.

4Банкларга иккала низом татбиқ этилмайди.

5ЎРҚ-327-сон Қонуннинг 9-моддаси иккинчи қисми бешинчи хатбошиси; «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 308-II-сон) 4-моддаси иккинчи қисми тўртинчи хатбошисига қаранг.

6МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 19.12.1998 йилда 573-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

7Солиқ кодексининг 82-моддаси биринчи қисми тўртинчи хатбошисига қаранг.

8Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида низомнинг (МБ бошқарувининг АВ томонидан 8.10.2009 йилда 2014-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 85-бандига қаранг.

9«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (5.04.2002 йилдаги 358-II-сон) 81-моддаси учинчи қисми олтинчи хатбошисига қаранг.

10ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон Қарорига 1-илова.

11МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

12Олий суд ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 22.12.2006 йилдаги 12/149-сон Қарори 15, 15.1 ва 15.2-бандларига қаранг.

13МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2014 йилда 1948-8-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илованинг 3-бандига қаранг.


Камол МУЗАФФАРОВ,

Наталья ЗУЕВА,

экспертларимиз. 

Прочитано: 5564 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика