2014 йил 9 декабрда МЧЖда кейинги йил учун штат жадвалини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилди. Унга кўра менинг лавозимим қисқартирилди. Бироқ мени қисқартириш асосида ишдан бўшатишни хоҳлашмаяпти, ўз хоҳишимга кўра ариза ёзишни таклиф қилишяпти. Бунинг устига кадрлар бўлими мени бундан олдиндан хабардор қилмади, шартта айтди-қўйди. Мавжуд бўлган бўш иш жойларини таклиф қилишди, улар мени қониқтирмади. Қандай йўл тутишим кераклигини айтинг.
Искандар.
Тошкент шаҳри.
– Сиз билан ноқонуний иш тутишган.
Мазкур асосга кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат кодексининг (МК) 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандида назарда тутилган. МКнинг 102-моддасига кўра иш берувчи ходимни у билан тузилган меҳнат шартномасини штат қисқариши муносабати билан бекор қилиш нияти тўғрисида 2 ҳафта олдин ёзма равишда (имзо қўйдириб) огоҳлантириши шарт.
Сизни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга мажбур қилиб, иш берувчи МКнинг 99-моддаси талабларини қўпол равишда бузяпти, чунки ариза ходимнинг мазкур корхонадаги ишдан бўшаш тўғрисидаги ҳақиқий хоҳишини акс эттириши керак.
Сиз меҳнат шартномасини ўз хоҳишингизга кўра бекор қилиш тўғрисида ариза ёзмаслигингиз керак. Уни ёзишга мажбур қилишган тақдирда Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ёки ўз туманингиз прокуратурасига қонуний ҳуқуқингиз бузилганлиги тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақлисиз, чунки сиз МК билан белгиланган моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча кафолатларни йўқотаяпсиз.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.