«Auditreyting» МЧЖ бир неча йилдан буён аудит хизматлари бозори иштирокчилари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида мамлакатимиз аудиторлик ташкилотлари фаолиятини таҳлил этиб келади. Президентимизнинг «2011– 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Қарорида (26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон) бундай ўрганишнинг ижтимоий аҳамияти алоҳида таъкидланади. Мазкур иш корхона раҳбарларига хизматидан фойдаланишни мўлжаллаётган аудиторлик ташкилотини танлаб олишларига ёрдам беради.
Бошқа мамлакатлар рейтинг агентликларининг тажрибаси аудиторлик ташкилотлари фаолиятини баҳолашнинг хилма-хил усулларини намойиш этмоқда. Чунончи, Россиянинг «Эксперт» рейтинг агентлиги тармоқ бўлинмаларидаги аудит ва консалтингдан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар асосида 3 та рэнкинг тузиб борадилар. Йирик аудиторлик-консалтинг гуруҳлари аудиторлик фирмаларини; аффилланган аудиторлик ва консалтинг фирмалари гуруҳларини, шу жумладан шаклланиб бўлган ёки ягона бренд остида фаолият юритиб келаётган ҳамкор аудиторлик компаниялари (мезон кўрсаткичи аудит ва консалтингдан келадиган тушум) ўз ичига олади. Йирик консалтинг гуруҳлари (консалтинг) рўйхатида аудиторлик фирмалари; ҳар қандай шаклдаги (шу жумладан ҳамкорлик тармоғи билан боғланган) аудиторлик-консалтинг гуруҳлари; консалтинг компаниялари ҳамда консалтинг хизматлари кўрсатувчи ахборот технологиялари компаниялари ва гуруҳлари; юридик фирмалар (мезон кўрсаткичи консалтинг хизматлари кўрсатишдан келадиган тушум) бор. Ҳисоб юритиш билан боғлиқ вазифалар аутсорсинги соҳасидаги йирик компаниялар ҳисоб олиб бориш вазифалари аутсорсинги хизматларини кўрсатувчи фирмалардан, шунингдек мижоз ҳисоб юритишини мунтазам равишда таъминловчи аудиторлик ва консалтинг фирмаларидан (мезон кўрсаткичи ҳисоб юритиш аутсорсингидан келадиган тушум) иборат.
Аудиторлик хизматлари бозори глобал даражада ҳам таҳлил этилади. Буюк Британияда чоп этиладиган Бухгалтерларнинг халқаро бюллетени (International Accounting Bulletin – IAB) ҳар йили профессионал тармоқлар ва уюшмалар ўртасида сўров ўтказади. Трансмиллий даражада кенг кўламда профессионал хизматлар таклиф этаётган кўпгина профессионал фирмалар ва тармоқлардан ташкил топган аудит бозорида «катта тўртлик» фирмалари устунлик қилиб келмоқда. Уларга PricewaterhouseCoopers (PwC), DeloitteTouchе'Tohmatsu, Ernst&Young ва KPMG киради. Бу компаниялар Ўзбекистонда ҳам ўзларини намоён этмоқда. «Ўрта бўғин» деб юритиладиган гуруҳ таркибига 20 га яқин халқаро аудиторлик тармоқлари киради. Улар орасида Grant Thornton International (Grant Thornton LLC), BDO Seidman ва Baker Tilly International (Baker Tilly Uzbekistan), Kreston International (Dok-Audit LLC), PKF International (PKF Mak Alyans), HLB International (HLB Tashkent LLC), UHY International (UHY Tashkent), Russel Bedford International (Marikon Audit LLC) ва бошқалар мамлакатимизда ўз ваколатхонасига эга.
Аудиторлик ташкилотларининг халқаро тармоққа киришини мамлакатимиз рейтинги қўшимча тарзда баҳолайди. Бу эса аудиторлик ташкилотларини халқаро даражага кўтарилишга ундайди ва рағбатлантиради. Баъзи аудиторлик ташкилотлари номини ўзгартириб, тармоқ аъзосига айланадилар. Бошқалари эса, ўз номини сақлаб қолади. Аммо улар ҳам, булар ҳам «бош» ташкилот томонидан берилган ишни бажариш сифати жиҳатидан, стандартларга риоя этаётганлиги борасида халқаро компаниялар томонидан муттасил назорат қилиб борилади. Қисқаси, халқаро бозорнинг умумий ҳажмида Ўзбекистон аудиторларининг ҳам ўз улуши бор.
Бухгалтерларнинг халқаро бюллетени тадқиқотлари халқаро аудит индустриясида «ўрта бўғин» роли ошиб бораётганлигидан далолат беради. Кейинги йилларда улар жаҳон миқёсидаги тушумнинг умумий ҳажмида ва мижозларни қамраб олишда ўз улуши салмоғини кўпайтирди. Катта ва хусусий компаниялар аудитларининг, одатда, каттагина қисми «катта тўртлик» улушига тўғри келади. Лекин кейинги йилларда бу тамойил ўзининг бухгалтерлик ва аудиторлик хизмати кўламини кенгайтирган «ўрта бўғин» профессионал фирмалари фойдасига ўзгариб бормоқда. Натижада, ҳисоб юритиш ва аудитнинг халқаро бозорида рақобат кучаймоқда. «Катта тўртлик» компаниялари шунинг тақозоси билан ўз эътиборларини аудиторлик хизматларига нисбатан маслаҳат йўсинидаги хизматларга кўпроқ қаратмоқдалар. Бу жабҳада уларнинг тушуми ҳажми бетўхтов ўсиб бормоқда. Ҳолбуки, бухгалтерлик ва аудиторлик хизматлари секторида бу кўрсаткич пасайиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам «ўрта бўғин» профессионал фирмалари тушуми ва ролининг ўсиб бориш тамойили кўзга ташланмоқда. Уларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари қимматли тажрибага, ишончли ахборот технологияларига ва, энг муҳими, халқаро сертификати бор малакали мутахассисларга эга.
«Ўрта бўғин» ва «катта тўртлик» халқаро тармоғига кирувчи фирмалар мамлакатимиз рейтингида алоҳида-алоҳида баҳоланса-да, уларнинг кўрсаткичларини умумқабул қилинган баҳолар билан қиёслаш мумкин. Уларнинг аксарияти кўп йиллар мобайнида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган барча хўжалик юритувчи субъектлар аудитини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган, барқарор равишда яхши профессионал ва молиявий натижалар кўрсатаётган компаниялар рейтингининг юқори қаторларини эгаллаб келмоқда.
Неъматулла КАРИМОВ,
Ўзбекистон Аудиторлар палатаси
Кенгаши раиси, и.ф.д.