Norma.uz

Бўлимингиз керак эмас

Мен ишлайдиган бўлимни қисқартиришни режалаштиришяпти. Мен беваман, ўғлим университетнинг III курсида ўқийди. Мени қисқартиришга ҳақлари борми? Раҳбариятнинг маълум қилишича, бўлим тугатилиши сабабли мени штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатишга ҳақли эканлар. Иккинчи саволим: менга худди шундай маош билан иш таклиф қилишлари керакми ёки бундан кам ҳақ тўланадиган иш бера оладиларми?

Татьяна.

Тошкент шаҳри.

 

– Меҳнат кодексида аёллар ва оилавий вазифаларни бажаришда банд бўлган шахслар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари назарда тутилади (Меҳнат кодексининг 224–238-моддалари, бундан кейин – МК). Хусусан, унда ҳомиладор ва 3 ёшгача боласи бор аёлларга кафолатлар белгиланган. Чунончи, улар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан корхонани батамом тугатиш (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди) ва шартноманинг муддати тугаши (МКнинг 105-моддаси) ҳоллари мустасно. Бундай ҳолларда уларни маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиради.

Ходимлар штатини қисқартиришга келсак, энг яхши, қимматли ходимларни сақлаб қолишдан манфаатдор бўлиши керак бўлган иш берувчининг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади. Штатларни қисқартириш учун юридик асос мавжуд бўлганда корхона раҳбари қисқартириш тўғрисида буйруқ чиқаради ва унга корхона мулкдори берган ваколатлар доирасида янги штатни тасдиқлайди.

Ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади (МКнинг 103-моддаси). Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

1) қарамоғида 2 ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;

2) оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;

3) мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;

4) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда 2 йил мобайнида;

5) мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;

6) уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;

7) атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Ушбу шахслар доираси жамоа шартномасида кенгайтирилиши мумкин.

Иккинчи саволга келсак, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни меҳнат шартномаси ходимлар сони (штати) бекор қилинганда камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт. МКнинг 92-моддасига кўра айни вақтда у ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим ўтишга рози бўлганда у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи йўққа чиқади. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра тегишли тўловлар тўлаган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Шуни эътиборда тутиш лозимки, ташкилотнинг филиали, ваколатхонаси ёки бошқа жойда жойлашган алоҳида таркибий бўлинмасининг фаолияти тугатилган тақдирда, уларнинг ходимлари билан меҳнат шартномалари ташкилотни тугатиш ҳоллари учун белгиланган қоидалар бўйича бекор қилинади. Сизнинг ҳолатингизда эса ходимлар сони ёки штати қисқартирилаяпти.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2185 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика