● Низолар сайёр суд мажлисларида ҳал этилди
● Тадбиркор ўз ҳудудидан чиқмасдан суд мажлисида иштирок этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кенгайтирилган раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.
Олий хўжалик суди раиси К.Комилов Президентимиз раҳнамолигида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида соҳага тўла эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилаётганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим.
Мазкур йўналишда хўжалик судлари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. 2014 йилда хўжалик судларига келиб тушган 263 мингдан ортиқ ариза ва даъво аризалари кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Кичик бизнес вакиллари, фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 27 мингга яқин иш кўрилиб, 312,4 млрд сўм маблағни улар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Маҳаллий ҳокимият, давлат бошқарув ва назорат идораларининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунга зид чиқарилган 326 ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилган. Тадбиркорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун қулайлик яратиш мақсадида 86 мингдан ортиқ хўжалик иши бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Фаолиятга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш тобора кенгайтирилмоқда. Олий хўжалик судининг веб-сайтида даъво ариза ва мурожаатларни электрон қабул қилиш ҳамда суд ҳужжатлари, бошқа хат-хабарларни ишда иштирок этувчи шахсларга электрон юбориш тизими жорий этилди. Ҳисобот даврида хўжалик судларига электрон шаклда юборилган мурожаатлар сони аввалги йилга нисбатан 20 бараварга кўпайиб, 37 мингдан ошди. Айни пайтда суд муҳокамаси иштирокчиларига 52 мингдан ортиқ хабар ва суд ҳужжатлари судлар томонидан электрон воситалар орқали юборилган.
Олий хўжалик судининг веб-сайтида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қиладиган янги «Электрон кутубхона» дастурий таъминоти ишга туширилди. Унда тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида фойдаланадиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Олий хўжалик суди Пленуми ва раёсати қарорлари, суд амалиёти умумлашмалари, суд ҳужжатлари ва уларнинг намуналари ва бошқа ҳуқуқий китоблар доимий жойлаштирилмоқда.
2014 йил 1 сентябрдан бошлаб хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тизими ишга тушди. Бу эса судда иштирок этувчи шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг вақт ва маблағини тежаб, уларнинг ўз ҳудудидан чиқмасдан бошқа ҳудуддаги суд мажлисларида қатнашиш имконини бермоқда. 2014 йилнинг сўнгги чорагида мингдан зиёд суд мажлиси мазкур режимда ўтказилган. 2 160 нафар суд иштирокчиси ўз ҳудудида видеоконференцалоқа режимида бошқа ҳудуддаги суд жараёнларида қатнашди.
Йиғилишда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда хўжалик судларининг масъулиятини янада ошириш, ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, қонун ижодкорлиги ишларида фаол қатнашиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Тадбирда хўжалик судларида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш, фуқаролар, хусусан, тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, янги қонунлар ва бошқа ҳужжатларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш мақсадида Олий хўжалик суди томонидан ўтказилган «Адолат – қонун устуворлигида» танлови ғолибларига диплом ва мукофотлар топширилди.
ЎзА материали асосида.