Аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (Молия вазирлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг АВ томонидан 3.11.2009 йилда 2035-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) қабул қилинганлигига ўтган йилнинг охирларида роппа-роса беш йил бўлди. Мазкур Қоидалар Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисобини юритиш юзасидан профессионал хизматлар кўрсатувчи аудиторлик ташкилотларига татбиқ этилади.
Қоидалар аудиторлар зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритишдаги шубҳали операцияларни аниқлаш мажбуриятини юклайди. Қоидаларда шубҳали операциялар сирасига кирувчи ҳолатлар ҳамда қонунбузарлик ҳоллари хусусида ваколатли давлат органи – Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига (бундан буён матнда Департамент деб юритилади) хабар қилиш тартиби белгилаб берилган.
Шунга қарамай, Қоидалар амал қилиб келаётган давр мобайнида аудиторлик ташкилотлари шубҳали операциялар ҳақида Департаментга битта ҳам ахборот тақдим этмадилар. Бизнинг Палата бу вазиятни аудиторлар билан бирга муҳокама этди ҳамда профессионал ҳамжамиятнинг мазкур норматив ҳужжатга «совуқроқ» муносабатининг айрим сабабларини аниқлади.
Гап шундаки, аудиторлик ташкилотларининг ўзи Қоидаларнинг моҳиятини тўла-тўкис тушунадилар деб бўлмайди. Шу сабабли ҳам, бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларнинг аутсорсингини кўрсатишдан улар ўзларини олиб қочадилар, аксарияти бу бозорда иш олиб бормасликни маъқул кўрадилар. Ушбу Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахсни мунтазам равишда тайёрлаш ва ўз ходимларини жиноий даромадларни легаллаштиришнинг замонавий технологиялари, усул ва тамойилларидан хабардор этиб бориш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга доир қонун ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча қирраларини тушунтириш билан шуғулланмайдилар (Қоидаларнинг 6-1-банди).
Бундан ташқари, кўпгина аудиторлар илгари бухгалтерлик билан шуғулланганликлари боис, бу борадаги меҳнатнинг машаққати ва мароми жилла ёқинқирамайди. Энди бирмунча жўшқин фаолият билан шуғулланиш асносида ҳисоботни мунтазам равишда, изчил олиб боришни, айни бир хил ҳисоботлар тайёрлайверишни хоҳламайдилар.
Энг муҳими, Қоидалар Департаментга хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операцияларни аудиторлик ташкилотидан тўхтатиб қўйишни талаб қилади. Алоҳида ҳолларда бундай «тақиқ» операция содир этилиши лозим бўлган санадан эътиборан 3 иш кунига белгиланади. Бироқ вазиятни қай йўсинда «алоҳида ҳол» деб малакалаш керак, мижознинг оддийгина хўжалик операциясини янглишиб шубҳали операцияга ўхшатгани учун аудиторлик ташкилотини қандай жавобгарлик кутади – бу хусусда Қоидаларда изоҳ йўқ. Тадбиркор 3 кун қўл қовуштириб ўтирмайди, албатта. Яхшиси шартнома мажбуриятларини вақтида бажармаганлиги учун мазкур компанияни бундан буён ҳам бухгалтерия ҳисобини олиб боришдан шартта четлантиради-қўяди.
Қоидаларда мижознинг операцияларини шубҳали деб топиш мезонлари белгилаб қўйилган. Улар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Департаментга хабар қилинмоғи керак. Таассуфки, аудиторларга бу тартиб ҳозирча аён эмас.
Эътиборли жиҳати шундаки, хўжалик юритувчи субъектлар профессионал хизматларнинг потенциал буюртмачилари ҳисобланади ва улар бухгалтерия фирмалари билан иш олиб боришни маъқул кўрадилар. Биринчидан, бундай фирмалар аудиторлик ташкилотларига нисбатан кўп, шу сабабли катта рақобат таъсирида нархлари арзонроқ. Иккинчидан, аудиторнинг ўзи бухгалтерлик ишларини амалга ошириши ҳам мумкин, аммо бу билан Қоидаларнинг талабларини четлаб ўтган бўлади. Зотан, Қоидалар юқорида айтилган мажбуриятларни аудиторнинг ўзига ёки бухгалтерия фирмасига эмас, балки аудиторлик ташкилоти зиммасига юклайди.
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатларини пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар рўёбга чиқаришининг асосий шартларидан бири ана шу ташкилот ходимларини мазкур йўналишда ўқитиш, уларга таълим беришда бўлса керак. Шу йўсин олган билимлари ички назоратнинг самарали тизимини барпо этишда асос бўлиб қолади.
Жумладан, Қоидаларнинг талабларини бажариш юзасидан услубий ва амалий қўлланма ишлаб чиқиб, муҳим жиҳатларни тушунтириш, намунавий иш ҳужжатларини илова қилиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бу ишни аудиторларнинг республика миқёсидаги профессионал бирлашмалари ҳам бемалол уддалай оладилар деб ўйлаймиз. Аудиторлар палатаси ҳужжат лойиҳасини мутахассислар ёки юридик ташкилотлар ишлаб чиқишини молиялаштириши, аудиторлик ташкилотларининг масъул шахслари учун Қоидаларни ўрганиш юзасидан амалий семинар ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар учун Қоидаларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида, бухгалтерия ҳисобини юритишга айни аудиторлик ташкилотини жалб этиш афзалликлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида тушунтириш йўсинида мақолалар эълон қилиб бориш зарур.
Қоидаларни тушунтириш ва оммалаштириш аввало уларнинг амал қилишини кучайтиради, бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоби юритишга очиқ-ошкоралик, аудиторлар ишига эса сифат бахш этади. Зотан, «алоҳида ҳоллар»га тезкорлик билан муносабат билдириш ва уларни идентификация қилиш жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш учун зарурдир.
Равшан ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг
ижрочи директори.