Ўтган йилнинг ноябрида Рим шаҳрида ХIХ Умумжаҳон бухгалтерлар конгресси World Congress of Accountants (WCOA) бўлиб ўтди. Унга «2020 йилга назар: ўтмиш сабоқлари, истиқбол режалари» мавзу қилиб олинди.
Анжуман 1904 йилдан буён ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. Бу галги анжуманга 140 делегация, 4 000 иштирокчи йиғилди. Мазкур анжуман соҳани ривожлантиришнинг яқин тўрт йилга мўлжалланган йўналишлари белгилаб олинадиган энг йирик профессионал тадбирлардан биридир. Тадбирдаги энг кўп делегат Нигериядан эди. Сон жиҳатдан Италия делегацияси иккинчи ўринда. Шундан кейинги ўринларни Бразилия, Хитой, Япония, Гана, Малайзия, Мўғулистон, Буюк Британия ва АҚШ делегациялари эгаллади. Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Аудиторлар палатаси ҳамда Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (ҳар иккила ташкилот Халқаро бухгалтерлар федерациясининг уюшган аъзосидир) иштирок этди.
Анжуман бухгалтерия ҳисоби, аудит, молия, стандартлаштириш ва бизнес соҳаси мутахассислари, халқаро корпорациялар раҳбарлари учун айниқса қизиқарли бўлди. У ерда инвесторлар, тадбиркорлар ва бизнес аҳлини қизиқтирувчи масалалар муҳокама этилди. Асосий эътибор кредитлардан, солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятларидан баҳрамандлик даражасига, давлат ва хусусий сектордаги ҳисобдорликка қаратилди. Молия ҳисоботи ва аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартлари, жумладан уларни миллий тилларга таржима қилиш ва жаҳон миқёсида бир хил қўлланиш зарурлиги муҳокама этилди. Конгрессда бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятининг жаҳон тараққиётига хос долзарб масалалари ҳам муҳокама этилди.
Халқаро бухгалтерлар федерацияси директорининг ўринбосари Келли Анеруд (Kelly Anerud) раислиги остида ўтган «Халқаро стандартлар ва маълумотномаларни таржима қилиш: илғор тажриба ва таржима сифатини ошириш механизмлари» деган мавзудаги сессияда халқаро стандартларни миллий тилларга таржима қилишда юзага келаётган мураккабликлар муҳокама этилди. Турли мамлакатлардан келган экспертлар стандартларни ўз мамлакатларида пухта таржима қилиш ва амалиётга жорий этиш тажрибасини конгресс иштирокчилари билан ўртоқлашдилар. Халқаро бухгалтерлар федерацияси сиёсати, техник воситалар ҳам муҳокама қилинди. Стандартларни жорий этиш масаласининг бу тахлит, атрофлича муҳокама этилиши таржима сифатли бўлиши учун зарур ресурслар ва ваколатлар тўғрисида тўлиқ ҳамда аниқ тасаввур берди. Миллий сарҳадлар доирасидан четга чиқадиган профессионал масалаларни расамадга солиш ва ҳал этиш учун маълумотнома йўсинидаги материаллар тариқасида кўпинча халқаро низомларга доир стратегиялар ва ёндашувлар стандартларини қабул қилишга ихтисослашган органлар томонидан ишлаб чиқилган йўлкўрсаткич ҳамда воситалардан фойдаланадилар. Дарвоқе, Халқаро бухгалтерлар федерациясига аъзо ташкилотлар ҳам уларни қўллаб келмоқда. Мазкур семинар таржима жараёни билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ва бу борадаги ишларни расамадга солиш учун керакли ахборот билан уларни таъминлайди.
Эслатиб ўтиш жоизки, аудит бўйича 2012 йил таҳриридаги халқаро стандартлар ўзбекистонлик мутахассислар жалб этилган ҳолда ўзбек тилига таржима қилиниб, Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси томонидан 4 жилдда нашр этилган. Мамлакатимизда уларнинг таржима этилиши Ўзбекистон Президентининг «2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Қарорига (26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон) асосланган ташаббус туфайли амалга оширилди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга (9.12.1992 йилдаги 734-XII-сон, 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда) мувофиқ миллий ёки халқаро аудит стандартларига асосланиб фаолият юритиш мумкин. Мазкур стандартлар бир қанча мамлакатларда молиявий ҳисобот бўйича миллий стандартлар тариқасида қабул қилинган.
«Истиқбол технологиялари ва молия фаолияти», «Ҳукуматнинг масъулиятини ҳамда фаолияти очиқ-ошкоралигини ошириш: иқтисодий тараққиёт йўли», «Комплекс тафаккур юритиш: унумдорликни кўтариш ва капиталлашувни ошириш калити» мавзуидаги ялпи сессияларда молиявий ҳисобот ва комплекс тафаккур қилиш, бизнес соҳасидаги ахборотлар ишончлилигини тасдиқлаш, қонунийлик ва корпоратив одоб қоидалари, таълим ва салоҳиятни мустаҳкамлаш, бизнес борасидаги маслаҳат хизматлари сингари соҳани ривожлантиришнинг глобал масалалари муҳокама этилди.
Ахборот Ўзбекистон Аудиторлар палатаси
томонидан тақдим этилди.