Стажим атиги 10 йил, лекин яхшигина иш ҳақи оламан.
Яхши пенсия олишимга умид қилсам бўладими?
– Бундай бўлмаса керак.
Биринчидан, тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида (Қонуннинг 8, 18 ва 22-м.) пенсия мавжуд стажга мутаносиб равишда тайинланади (Қонуннинг 29-м.). Яъни дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади; ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади, олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (592-сон Низомнинг 118-б.).
Сизнинг ҳолатингизда, агар эркак бўлсангиз, тўлиқ пенсия миқдори 300 ойга бўлинади (25 йил х 12), кейин эса 120 ойга кўпайтирилади. Аёлларга пенсия тайинлашда – тўлиқ пенсия миқдори 240 ойга бўлинади (20 йил х 12), кейин эса 120 ойга кўпайтирилади.
Иккинчидан, иш ҳақи қанчалик юқори бўлмасин, пенсияни ҳисоблаш учун пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн икки бараваридан ошмайдиган суммадаги ўртача иш ҳақи қабул қилинади (347 минг х 12 = 4 164 минг сўм).