Тармоқнинг ўзига хос хусусиятларига қараб (қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, мелиоратив ва сув хўжалиги қурилиши, уй-жой-коммунал хўжалиги ва ҳ.к.) муддатли шартнома бўйича ишларда банд бўлган ходимлар бор. Уларга пенсия қандай ҳисобланади?
– Мавсумий ишларда банд бўлган шахсларнинг ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқи ўрнатилган умумий қоидалар бўйича белгиланади (Қонуннинг 7-м.). Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади (29-модда).
Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили давомидаги исталган кетма-кет 5 мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (Қонуннинг 31-м. 5-қ.).
Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар фақат иш стажини ҳисоблаб чиқариш учун назарда тутилган имтиёзга эга бўладилар. Масалан, саноатнинг мавсумий тармоқларининг ташкилотларида банд бўлган ходимларга тўлиқ мавсум давомида ишланган давр 1 йил учун, тўлиқ банд бўлинмаган мавсумда – ҳақиқий давомийлиги бўйича иш стажига ҳисобланади.
Бироқ ушбу имтиёз барча мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга ҳам татбиқ этилмайди. Мавсумий ишлар рўйхатига (Низомга 5-илова, 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган), мувофиқ тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган қуйидаги ишлар мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари ҳисобланади:
1. Пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ишлар:
а) пахтани қуритиш;
б) пахтани тозалаш;
в) пахтани юклаш, тушириш;
г) пахтани пневмотранспортга ортиш;
д) қуритиш-тозалаш цехини йиғиштириш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб ташлаш.
2. Саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги ишлар.
3. Ипакчилик тармоғи корхоналари ва фермер хўжаликларидаги ишлар.
МИСОЛ. Ишчи пахтани тозалаш ишларида 7 та тўлиқ мавсум банд бўлган. Ушбу вақт 7 йил учун пенсияни ҳисоблашдаги сингари иш стажига қўшилади.