Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 45 / ҚҚС ҳақида

ҚҚС: Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган юридик шахсга хизматлар

 

Ўзбекистон корхонаси Ўзбекистонда фаолиятни амалга оширмайдиган чет эл компаниясига унинг товарларини Ўзбекистон бозорида илгари суриш учун ўқитилган ва тайёрланган ходимларни тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатади. Ушбу хизматларга ҚҚС солинадими? 

 

– Бошқалар жумласида, товарларни, хизматларни реализация қилувчи ва (ёки) республика ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи қуйидаги юридик шахслар ҚҚС тўловчилар ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;

2) товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл юридик шахслари, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилса;

3)   фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари (СК 237-м. 1, 3, 4-бандлари).

Қуйидагилар ҚҚС солиш объекти ҳисобланади:

1) реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма;

2) Ўзбекистон ҳудудига товарларни олиб кириш (СК 238-м. 1-қ.).

Умумий қоидага кўра, башарти бундай хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (СК 241-м. 1-қ.).

Айрим хизмат турлари бўйича реализация қилиш жойи алоҳида тартибда аниқланади. Масалан, хизматлар у билан боғлиқ бўлган кўчмас мулкнинг жойлашган жойидан ёки ҳақиқатда хизматлар кўрсатилган жойдан келиб чиқиб (СК ­241-м. 3-қ.). Бироқ ходимларни тақдим этиш бўйича хизматлар ушбу рўйхатга кирмайди. Бинобарин, уларни реализация қилиш жойи умумий қоидага биноан аниқланади.

Агар хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида юридик шахсни (унинг филиалларини ёки ваколатхоналарини) ёки жисмоний шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, мазкур ҳудуд харидорнинг фаолиятни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, харидорнинг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиши юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой ёки уни бошқариш жойи, унинг ДМ жойлашган ер (агар хизматлар ушбу ДМ орқали олинган бўлса), жисмоний шахснинг яшаш жойи асосида белгиланади (СК 241-м. 2-қ.).

Чет эл юридик шахси Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ ёки қисман қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой чет эл юридик шахсининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деб эътироф этилади (СК 36-м. 1-қ.).

Ўзбекистонда ДМни ташкил этишга олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эл юридик шахси СКнинг 130-моддасида белгиланган тартибда солиқ органида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши шарт (СК 36-м. 16-қ.).

Мазкур вазиятда хизматларнинг харидори Ўзбекистонда фаолиятни амалга оширмаётганлиги ва турмаслиги боис, реализация қилиш жойи республика ҳудуди деб эътироф этилмайди. Бинобарин, мазкур вазиятда ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма юзага келмайди.

 

Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ,

Молия вазирлиги Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи.

Прочитано: 349 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика