Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 45 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини амалга оширувчи вазирликлар ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

вазирликлар ва идораларнинг расмий веб-сайтларида мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функциялари амалга оширилаётган давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарининг (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) устав фонди (устав капитали), давлат улуши, ҳар чорак ва йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, иш ўринлари сони, корхоналар бошқарув ва назорат органлари таркиби тўғрисидаги маълумотларни (чекланган ҳолда тарқатиладиган ва тижорат сири мавжуд бўлган маълумотлар бундан мустасно) (кейинги ўринларда – асосий маълумотлар) жойлаштириш;

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти бўлиши, унда иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик маълумотларнинг, шу жумладан, ҳар чоракда йиллик бизнес-режанинг (лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари бажарилиши ва мақсадларга эришиш инобатга олинган ҳолда) бажарилиши ва ривожланиш стратегияларида назарда тутилган дастурларнинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни жойлаштириш таклифлари маъқуллансин.

2. Агентлик:

бир ой муддатда «Давлат мулки» ахборот тизимига давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш орқали тақдим этиш имкониятини жорий этсин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2021 йил 1 январга қадар халқаро молия институтлари ва чет эл экспертларини жалб қилган ҳолда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти натижалари тўғрисидаги йиғма ҳисобот шаклини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Белгилансинки:

давлат иштирокидаги корхоналар бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, ташқи қарздорлик, маҳаллийлаштириш ва инвестиция лойиҳалари бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 25 февралига қадар электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда Агентликнинг махсус ахборот тизимида жойлаштириб боради;

давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбарлари тегишли расмий веб-сайтларда жойлаштирилиши белгиланган маълумотларнинг тўлиқ ва тўғри жойлаштирилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;

давлат иштирокидаги корхоналар томонидан улар фаолияти тўғрисидаги маълумот ва тегишли ҳужжатлар «Давлат мулки» ахборот тизимига электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш орқали тақдим этилиши мумкин.

4. Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш ушбу қарорнинг иловасида кўрсатилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги ­355-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларга қуйидаги мазмундаги 11-банд қўшилсин:

«11. Давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функциялари амалга оширилганда улар томонидан ушбу давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капитали, давлат улуши, ҳар чорак ва йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, иш ўринлари сони, бошқарув ва назорат органлари таркиби тўғрисидаги маълумотлар (чекланган ҳолда тарқатиладиган ва тижорат сири мавжуд бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади».

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х.Бекенов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 30 октябрь

674-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 30 октябрдаги 674-сон қарорига
ИЛОВА

ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ ХЎЖАЛИК ЖАМИЯТЛАРИ ҲАМДА ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ ОШКОР ЭТИШ
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

 

Субъектлар

 

 

Тадбирлар

 

 

Бажариш муддатлари

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

 

Давлат иштирокидаги корхоналар

 

 

Расмий веб-сайтларда бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, ташқи қарздорлик, маҳаллийлаштириш ва инвестиция лойиҳалари бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш.

 

 

Ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 25 февралига қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

 

Мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар

 

 

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капитали, давлат улуши, ҳар чорак ва йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, иш ўринлари сони, бошқарув ва назорат органлари таркиби тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтларида ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг махсус ахборот тизимида жойлаштириш.

 

 

Ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 25 февралига қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги

 

 

Давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар томонидан тақдим этилган маълумотларни «Давлат мулки» ахборот тизимида жойлаштириш.

 

 

Ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 25 февралига қадар

 

Прочитано: 368 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика