Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 45 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Аҳолига тақдим этилаётган электрон давлат хизматларини кўрсатишда шахсни тасдиқлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 22 апрелдаги ПФ–5984-сон Фармонида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ–4699-сон қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг қуйидаги қўшимча имкониятлар яратилишини назарда тутувчи «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини (кейинги ўринларда – идентификация тизими) 2020–2021 йилларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида босқичма-босқич модернизация қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

жисмоний ва юридик шахсларни электрон рақамли имзо, мобил телефон рақамлари ҳамда бошқа маълумотлар асосида рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш ва авторизациялаш имкониятларини яратиш;

давлат органлари, банклар, молия ҳамда бошқа субъектлар томонидан электрон хизматлар кўрсатиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларни масофавий идентификациялаш (аутентификациялаш) имкониятларини яратиш.

2. Қуйидагилар:

«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими архитектураси ­1-иловага** мувофиқ;

«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага** мувофиқ;

Идоралараро электрон ҳамкорлик орқали идентификация тизимига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати 3-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

идентификация тизими жисмоний ва юридик шахсларни идентификациялашнинг расмий маълумотлар манбаи ҳисобланади ва у орқали олинган маълумотлар давлат органлари, банклар, молия ва бошқа хизматлардан фойдаланувчи шахсларни масофавий идентификация (аутентификация) қилишнинг асоси ҳисобланади;

идентификация тизимини модернизация қилиш, жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, лойиҳа-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва сервер қурилмаларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар доирасида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

идентификация тизими орқали шахсларни идентификациялаш (аутентификациялаш) хизматлари давлат ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бепул, бошқа хўжалик юритувчи субъектларга белгиланган тартибда тузиладиган шартномага мувофиқ пуллик асосида кўрсатилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази:

а) икки ой муддатда:

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ мобил алоқа операторларига реал вақт режимида жисмоний шахслар – абонентларнинг паспорт маълумотлари асосида жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамини (кейинги ўринларда – ЖШШИР) тақдим этиш бўйича электрон веб-сервис ишга туширилишини;

идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил этиш орқали мобил алоқа операторларига ўзлари киритган ЖШШИРни текшириш (тўғрилигини тасдиқлаш) имконияти яратилишини;

б) 2021 йил 1 сентябрга қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ идентификация тизимига биометрик паспорт маълумотлар базаси маълумотларидан, шу жумладан, жисмоний шахсларнинг суратларидан фойдаланиш имконияти яратилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мобил алоқа операторлари билан биргаликда ахборот хавфсизлигини ­таъминлаш чораларини кўрган ҳолда 2021 йил 1 июлдан:

а) мобил алоқа операторларининг ахборот тизимларида жисмоний шахс бўлган янги ва амалдаги абонентларга ­ЖШШИР жорий этилиши ва юритилишини;

б) мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари ва электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграциялашган платформаси ўртасида реал вақт режимида жисмоний шахслар тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъминласин:

абонентнинг ЖШШИР бўйича – абонентнинг телефон рақами;

абонентнинг телефон рақами бўйича – абонентнинг ­ЖШШИР.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида тажриба-синов тарзида Ўзбекистон Республикасида ID-карта кўринишидаги шахсни тасдиқловчи ҳужжат беришда жисмоний шахсларга электрон давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида:

шахсни электрон тасдиқлаш имкониятини берувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг электрон рақамли имзо калитлари ва сертификатлари автоматик равишда шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2021 йил 1 декабрга қадар тажриба-синов натижалари бўйича ушбу тартибларни республиканинг барча ҳудудларида жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан асосланган таклифлар тайёрланиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Янги технологиялар илмий-ахборот маркази ахборот тизимини:

2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ­ID-карта тизими билан интеграция қилиш бўйича ташкилий-техник чоралар амалга оширилишини;

идентификация тизимида шахсга доир ҳақиқий маълумотлар асосида рўйхатдан ўтган (авторизация қилинган) фойдаланувчиларга электрон рақамли имзо калитлари ва сертификатларини масофавий бериш мақсадида Идентификация тизими билан интеграция қилиш бўйича ташкилий-техник чоралар амалга оширилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиққан ҳолда тижорат банклари томонидан молиявий хизматлар кўрсатилишида идентификация тизими имкониятларидан фойдаланишга оид идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсия этилсин.

9. Белгилансинки, идентификация тизими доирасида муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш, уларга ишлов бериш ва фойдаланиш «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

электрон ҳукумат хизматлари ҳақида ахборот бериш ва хабардор қилиш тизими орқали юборилган электрон шаклдаги маълумот ва (ёки) хабарнома, шунингдек, бошқа электрон ҳужжатлар қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга;

электрон ҳукумат хизматлари ҳақида ахборот бериш ва хабардор қилиш тизими орқали электрон шаклда юборилган электрон ҳужжат, маълумот ва (ёки) хабарнома ушбу тизимнинг тегишли фойдаланувчисига келиб тушган вақтдан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.

11. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги ­365-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2015 й., 50-сон, 628-модда) билан тасдиқланган «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими тўғрисидаги низомга 4-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М.Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 30 октябрь

679-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.10.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–4-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 361 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика