Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 45 / Юрист шарҳи

Учинчи шахслар билан тўловларни ҳисобга ўтказишга тақиқнинг муаммо ва зиддиятлари

 

Тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот, бажарилган ишлар ва хизматлар учун ҳақни бевосита етказиб берувчиларга тўлашлари, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасликлари шарт. Бу ерда қандай муаммолар яширинган? Ушбу талаб ҳали ҳам долзарбми ёки эҳтимол, уни бекор қилиш вақти келгандир?

«Norma» компаниясининг юридик масалалар бўйича эксперти Олег ЗАМАНОВ вазиятни шарҳлаб берди. 

 

– Президентнинг «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон) 5-бандида шундай дейилади: «Тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун ҳақни бевосита маҳсулот етказиб берувчиларга тўласинлар, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасинлар, товарларни (хизматларни) электрон тижорат орқали реализация қилиш ҳолатлари бундан мустасно. Белгилаб қўйилсинки, ушбу тартибни бузиш даромадни яшириш деб баҳоланади ва айбдорларга нисбатан қонунларда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилади».

Энг аввало, «тижорат банклари ҳақни тўласинлар» ифодасини шарҳлаш лозим. Олди-сотди, етказиб бериш, бепул хизмат кўрсатиш ёки пудрат шартномаларига асосан ҳақни битим иштирокчиси – сотиб олувчи, буюртмачи тўлайди. Банк фақатгина ўз мижозининг тўлов топшириқномасини бажаради – унинг ҳисобварағидан топшириқномада кўрсатилган олувчининг ҳисобварағига муайян суммани ўтказади.

Ушбу норма билан боғлиқ биринчи жиддий муаммо – уни амалга ошириш механизми ноаниқдир. Банк топшириқномада кўрсатилган маблағларнинг олувчиси етказиб берувчи эканлигига ишончи комил бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун унга мижоз билан битим тузишда расмийлаштирилган ҳужжатлар, шунингдек – реализация қилиш бўйича айланмани тасдиқловчи ҳужжатлар зарур бўлади. Масалан, шартнома ва ҳисобварақ-фактура. Банк мазкур ҳужжатларни тўлов топшириқномаси билан солиштириб, етказиб берувчи ва маблағларни олувчи – айнан битта субъект эканлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин пулларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Яъни банк бу ерда амалда назорат қилувчи орган функциясини бажармоқда. Бинобарин, қонун ҳужжатларида банк ваколатларининг ҳажми, чегараси ва уларни амалга ошириш тартиби баён этилиши керак. Хусусан, қуйидагиларни белгилаш зарур:

● мижоз тўлов топшириқномаси билан бирга тақдим этиши лозим бўлган тасдиқловчи ҳужжатларнинг рўйхати – ҳозирги кунда ушбу масала охиригача очиб берилмаган (Низомнинг 37-б., АВ рақами 3229, 13.04.2020 й.);

● мижоз томонидан уни тақдим этиш шакли, тартиби ва муддатлари ва банк томонидан ўрганиб чиқилиши. Шу муносабат билан тўловни ўтказиш учун ажратиладиган энг кўп муддатни ҳам белгилаш зарур (ФК 778-м.);

● етказиб берувчига эмас, балки ўрнатилган талабни бузган ҳолда учинчи шахсга ҳақ тўлашга уринишни аниқлаган банк ҳаракатларининг алгоритми;

● таърифланган контекстда банк ва мижознинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва ҳ.к.

Ҳали ушбу жиҳатлар аниқ регламентланмаган экан, банклар ва мижозларда келишмовчилик ва бир-бирларига муқобил эътирозлар юзага келаверади.

Ушбу бандга 2018 йилнинг июль ойида киритилган қўшимча нормага фақат зиддиятларни қўшди (12.07.2018 й. ПФ-5476-сон Фармонга илованинг 2-б.). Унда умумий қоидадан истиснони баён этишди – маҳсулот (хизматлар) электрон тижорат орқали реализация қилиш ҳолатлари бундан мустасно.

Тузатиш Президентнинг «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (14.05.2018 йилдаги ПҚ-3724-сон) ижроси юзасидан киритилган бўлиб, у тадбиркорлик субъектларига Е-тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб беришда учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилишга рухсат беради (ПҚ-3724-сон қарор 2-б. 2-х.).

Келинг, қайд этайлик:

● инкассация ҳақидаги шарт мутлақо бир нарсани билдиради – нақд пулда тўлаш назарда тутилмоқда. Бу мантиққа эга: Е-тижорат доирасида нақд шаклда ҳақ тўлашга йўл қўйилади, юридик шахслар ҳам нақд пулда тўлашлари мумкин – БҲМнинг 100 бараваригача бўлган суммада (ПҚ-3724-сон қарор 1-б. 3-х.; 8.03.2019 й. 201-сон ВМҚ);

● бу ерда хизматлар ҳеч ҳам қатнашмайди, фақат товарлар – бу ҳам мантиққа эга, сабаби гап етказиб бериш борасида бормоқда.

Бироқ пировардида банкларга учинчи шахслар учун Е-тижорат орқали реализация қилинган товарлар ва хизматлар учун тўловларни (нақдсиз ҳисоб-китоб) ўтказишга рухсат берилди. Бу:

а) биз ойдинлаштириб олганимиздек, ПҚ-3724-сон қарордан келиб чиқмайди ва унга тўғри келмайди;

б) бу иккита мутлақо бир хил операциялардан бири қонуний, иккинчиси – ноқонуний деб эътироф этилишини англатади. Бу аниқ техник жиҳатга – шартнома тузиш усулига боғлиқ:

● электрон шаклда (Е-тижорат) – учинчи шахслар учун ҳақ тўлашга рухсат берилган ва банк томонидан ўтказилади;

● оддий ёзма шаклда – учинчи шахслар учун ҳақ тўлашга йўл қўйилмайди.

Гарчи шуниси ойдинки, ушбу мезон дастлаб кўзланган мақсад – даромадни яширишни бартараф этиш учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни жорий таҳририда норма мантиқсиз ва моҳиятан, камситувчи.

Ва ниҳоят, асосий муаммо – ушбу банд айбсизлик презумпциясига кўндаланг қўйилган. Моҳиятига кўра, бунда гап юридик жавобгарлик тўғрисидаги норма ҳақида кетмоқда. У қуйидагиларни белгилайди:

● ҳуқуқбузарликнинг объектив томонини, яъни ноқонуний қилмиш – етказиб берувчини четлаб ўтиб, кейинчалик ҳисобга ўтказиш билан учинчи шахс фойдасига ҳақ тўлаш (Е-тижоратдан ташқари);

● ҳуқуқбузарлик субъектларини, яъни жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахслар – тижорат банки, шунингдек даромадни яширишда айбдор бўлган шахслар;

● санкциялар – қонун ҳужжатларида назарда тутилган даромадларни яширганлик учун жавобгарлик чоралари (СК 223-м.; МЖТК ­174-м.; ЖК 184-м.).

Бироқ шу билан бирга:

а) учинчи шахс номига ҳақ тўлаш далилининг ўзи даромадни яшириш деб ҳисобланиши мумкин эмас. Етказиб берувчи сотиб олувчидан тўловни талаб қилиш ҳуқуқидан ўзи қарздор бўлган учинчи шахс фойдасига воз кечишга ва мажбуриятларни ҳисобга ўтказишга ҳақли. Бу мутлақо қонунийдир (ФК 345-м.). Тўлиқ рўйхати СКнинг 223-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳаракатлар даромадни яшириш деб эътироф этилади;

б) фақат қуйидаги ҳолларда банк ҳуқуқбузарликка шерик ҳисобланади:

● даромадларни яшириш ҳолати мавжуд бўлса – яъни СКнинг ­223-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳаракатларнинг биттаси ёки бир нечтаси содир этилган бўлса;

● банк ходимлари учинчи шахс номига тўлов даромадларини яшириш учун амалга оширилаётганлиги билишган бўлса ва уни ўтказган ҳолда ҳуқуқбузарлик содир этилишига кўмаклашишган бўлса.

Бошқача айтганда, ноқонуний фаолият ҳолати, иштирокчилар доираси ва уларни айби ҳар бир алоҳида ҳолатда ўрнатилиши ва исботланиши керак. Акс ҳолда ҳеч ким жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Август-сентябрь ойларида ҚҲТБТ порталида тузатишлар билан қонун лойиҳаси, шу жумладан Фуқаролик кодексига тузатишлар муҳокама қилинди. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар орасида – ПФ-1504-сон Фармоннинг ­5-банди 1-хатбошисида назарда тутилган нормани сўзма-сўз ФКнинг ­794-моддасига ўтказиш. Шу тариқа, унинг юридик кучини оширишни ва катта эҳтимол билан, унинг ижроси устидан назоратни кучайтиришни режалаштиришмоқда. Бу қандай муаммоларга айланиши юқорида баён этилди.

Параллель равишда ФКнинг янги таҳрири («Йўл харитаси»нинг 30-б., 22.06.2020 й. ПФ-6012-сон Фармонга 2-илова) устида иш ниҳоясига етказилиши керак эди. Умид қиламизки, ишлаб чиқувчилар барча маънода низоли бўлган ушбу нормани унга қўшишмаган. ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-бандини эса танқидий қайта кўриб чиқиш керак: аниқроқ ифодалаш ёки бутунлай бекор қилиш лозим.

Прочитано: 514 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика