Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 45 / Устуворликлар

Яширин иқтисодиётни соядан олиб чиқиш бўйича аниқ механизм жорий этилди

 

Мамлакатимиз божхона тизимида яширин иқтисодиётнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон АЗИМОВ билан суҳбатлашди.

 

Бутун дунё иқтисодиёти икки томонга бўлинган. Бири қонуний иқтисодий фаолият бўлса, иккинчи томонда соя остидаги норасмий иқтисодий алоқалардир.

Экспертларнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон иқтисодиётининг тахминан 27,8 фоизи соя остида. Жаҳондаги ишчи кучининг 50 фоизга яқини айнан норасмий сектор иши билан банд.

Биз бу борада Давлат божхона қўмитаси раисининг фикрлари билан қизиқдик.

 

– Маълумки, божхона органларининг асосий вазифаларидан бири божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари бузилишлари, шу жумладан, контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳисобланади.

Ушбу йўналишда яширин иқтисодиётни қисқартириш, мамлакатимиз ички бозори ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши ва контрабандага қарши курашиш, шунингдек, божхона органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш каби ишларда ҳам божхона органлари томонидан ишлаб чиқилган ахборот тизимлари республикамизга товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услубларини, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш ахборот тизимлари ёрдамида танлаш принципларига асосланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Шу асосда «Рақамли божхона»га ўтиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бугун божхона органларида қўлланилаётган 56 та ахборот тизими ва 28 та интерактив хизмат мавжуд. Хусусан, божхона органларида «Хавфни бошқариш» тизимининг жорий этилиши натижасида бугунги кунда қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Бу эса товар ва транспорт воситаларининг ялпи божхона назоратидан ўтказишдан воз кечган ҳолда божхона қонунбузилишларини аниқлаш самарадорлигини оширишга олиб келади. Энг муҳими, бу жараёнларда инсон омили сезиларли равишда қисқаради.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди. Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7, импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 62 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

2020 йил 1 январдан «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ишга туширилиб, ташқи иқтисодий фаолият жараёнлари учун зарур бўлган рухсатнома (сертификат) ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнлари электрон кўринишга ўтказилди. Мазкур тизимга 5 та органнинг 16 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатни инсон омилисиз бериш тартиби жорий қилинди.

Замонавий ахборот-коммуникация ютуқлари ва «мантиқий назорат» функцияларини жорий этиш орқали товар ва транспорт воситалари устидан назоратни кучайтириш натижасида жорий йилнинг ўтган даврида давлат бюджетига 18,7 триллион сўм божхона тўлови ундирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 триллион сўмга кўп.

Божхона процедураларини соддалаштириш ҳамда хавф юқори бўлган объектларда назоратни кучайтириш натижасида 461,2 миллиард сўм қўшимча маблағ ундирилди. 104 та хўжалик юритувчи субъект томонидан 67,5 миллиард сўмлик имтиёзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолати фош этилди.

Шунингдек, божхоначилар томонидан 7,7 мингдан ортиқ божхона қоидабузарликлари аниқланиб, қарийб 308 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 262 миллиард қўшимча божхона тўлови ҳисобланди. Ноқонуний товарларни сақлашга мўлжалланган 98 та «яма» аниқланиб, 19,4 миллиард сўмлик товарлар олиб қўйилди.

Сифати кафолатланмаган қўлбола маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 5 та «яширин цех» фош этилиб, 280,8 миллион сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Шунингдек, 237 килограмга яқин гиёҳвандлик моддаси, 2 минг 214 туп гиёҳвандлик ўсимлиги, 6 минг дона таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган таблетка ва 245 минг дона руҳиятга таъсир қилувчи дори воситасининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Шу ўринда барча чегара постларига ўрнатилган замонавий ахборот коммуникация технологияларининг салмоқли ютуғи ҳисобланадиган божхона назорати сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаётган инспекцион кўрик мажмуалари (ИКМ)га алоҳида тўхталмоқчиман. Бугунги муваффақиятларимизнинг бош омилини ҳам ИКМлардан самарали фойдаланишда, деб биламан.

Масалан, «Сариосиё» темир йўл божхона постида қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижга ўтиш мақсадида кириб келган 2 та ёпиқ вагон «Nuktech» русумли инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказилган. Натижада ҳар икки вагоннинг остига махсус темир листлар пайвандланиб, тайёрланган яширин жой топилган. Мазкур жойлар кейинчалик хизмат итлари ёрдамида текширилганда, иккита вагонда қарийб 172,5 кг гиёҳвандлик моддаси яширилганлиги аниқланди.

Транзит билан боғлиқ яқинда аниқланган битта ҳолатда 10 миллиард сўмлик сохта «транзит операцияси»га чек қўйилди. Қорақалпоғистон Республикасидаги «Доут ота» чегара-божхона пости орқали кирган ва Андижон вилояти орқали қўшни давлатга транзит равишда чиқиб кетаётган 2 та юк автотранспорт воситасининг ИКМ тасвирлари Андижон вилоятидаги «Дўстлик» божхона пости ходимлари томонидан солиштирилганда товарлар ўртасида кескин тафовут аниқланди. Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида аниқланишича, юк автотранспорт воситаларига ортилган 6 миллиард 502 миллион сўмлик 24 турдаги 9 минг 113 дона хорижда ишлаб чиқарилган товар Зангиота туманида жойлашган омборда тушириб қолдирилган.

Автотранспортларга эса уларнинг ўрнига божхона қиймати паст бўлган пўкак, елим, иш кийими ва қўлқоплар, резина этик ва болғалар ортилган. Ҳуқуқбузарлардан жами қиймати 9 миллиард 850 миллион сўмдан ортиқ товар ва транспорт воситалари вақтинча сақловга олинди. ИКМ ёрдамида аниқланаётган бундай мисолларни яна кўп келтириш мумкин.

 

– Президентимизнинг жорий йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида Давлат божхона қўмитаси тузилмасида Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси қайта ташкил этилди. Мазкур тизим фаолияти ва амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берсангиз.

– Қисқа давр ичида мазкур тузилма томонидан товарлар чиқариб юборилгандан кейин божхона назорати йўналишида 46 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўлови ҳисобланди ҳамда 6 миллиард сўмлик товар моддий бойликлари якуний суд қарори қабул қилингунга қадар вақтинча сақловга олинди.

Фармон ижроси доирасида ҳалол ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-тамойилларини қўллаш кўламини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида «Божхона аудити» ахборот тизими жорий этилиши белгиланган.

Мамлакатимиз божхона тизимида ҳам мазкур амалиётнинг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси фаолиятини товарлар чиқариб юборилгандан кейин баҳолаш ҳамда ҳисобини текшириш имкониятини яратади. Натижада божхона расмийлаштируви жараёнида юкларни ялпи божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширишлардан буткул воз кечилади. Яъни, «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган тизими орқали импорт қилинган товарлар устидан самарали назорат амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур амалиёт АҚШ, Россия, Канада, Япония, Хитой, Корея Республикаси ва Европа Иттифоқи мамлакатларида кенг қўлланилмоқда.

Ўз ўрнида, товарлар чиқариб юборилганидан кейин хавф принциплари доирасида уларни комплекс текшириш имкониятининг мавжудлиги товарларни божхона чегарасига кириб келиши ва божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнидаги назорат тадбирларининг қисқартиришга олиб келади. Аксинча, қонунчилик талабларини бузишга уринган ноҳалол тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлақонли божхона назоратини назарда тутади. Бу эса ўз ўрнида, яширин иқтисодиётни қисқартиришга ва олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида ўзаро ахборотлар алмашинуви юзасидан ҳамкорлик бўйича имзоланган Меморандум ижроси доирасида импорт товарларининг кириб келиши, божхонадан ўтказилиши ва сотилишини назорат қилиш бўйича ягона базани яратиш юзасидан ҳам аниқ амалий ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ушбу тизимни жорий этилиши натижасида айрим ноҳалол тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан ўз вақтида чора кўриш, товарларнинг ноқонуний айлануви ва импорт товарларининг яширин савдосини қисқартириш ҳамда ҳалол рақобат муҳити шакллантирилишига имконият яратади.

 

– Ҳозирги кунда Ўзбекистонга хориждан олиб келинаётган товарларнинг асосий улуши қайси транспорт орқали олиб келинмоқда, импорт маҳсулотлари устидан қандай божхона назорати ўрнатилган?

– Мамлакатимиз божхона чегаралари орқали импорт қилинган товарларнинг ўртача 60 фоизи темир йўл, 33 фоизи автомобиль ва 7 фоизи авиатранспортда ташилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳозирги кунда республикага хориждан олиб келинаётган товарларнинг асосий улуши айнан темир йўл транспорти орқали ташилмоқда.

Бу эса темир йўл орқали ташилаётган импорт маҳсулотлари устидан самарали божхона назоратини ўрнатиш ва бу йўналишда ҳам янги ахборот тизимини яратиш ҳамда божхона ахборот тизимларига интеграция қилишни тақозо этади.

Бу борада Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан биргаликда маълумот алмашиш ишларини автоматлаштириш масаласида тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

– Яширин иқтисодиётнинг яна бир омили коррупция ҳисобланади. Ушбу йўналишда божхона идораларида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Бундан ташқари, яширин иқтисодиётнинг яна бир омили бўлган коррупцияни қисқартириш масаласида Давлат божхона қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, коррупцияга қарши қаратилган профилактика-тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, бу борада мувофиқлик тизимини такомиллаштириш, божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини қисқартириш, давлат бюджетига божхона тўловлари тушумини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Йўл харитаси» ижроси доирасида халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ, Давлат божхона қўмитасининг Коррупцияга қарши курашиш сиёсати ҳамда божхона қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва коррупция аломатларини фош этишда кўмак кўрсатаётган шахсларни рағбатлантириш механизми ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилади. Шунингдек, тизимда Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик – «compliance control» тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан бизнеснинг «соядан» чиқишини рағбатлантириш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Фармонда белгиланган тартиблар орқали солиқ ва божхона маъмуриятчилиги воситалари ҳисоб ва тушумларнинг тўлиқлигига, шу жумладан, солиқлардан бўйин товлаган жисмоний ва юридик шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортишга эътибор қаратилади. Ўтказиладиган текширувлар натижаларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш йўлга қўйилади.

Яширин иқтисодиётга таъсир қилувчи омил сифатида коррупцияни қисқартириш мақсадида давлат органлари, шу жумладан, ҳудудларда коррупция даражасини рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилади, шунингдек, рейтинг натижалари даврий ­эълон қилинади ҳамда раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини баҳолаш тизими жорий қилинади.

Яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг «кўп векторли» тусга эга экани ҳамда кўплаб вазирлик ва идораларнинг иштирокини тақозо этишини ҳисобга олиб, Молия вазирлиги ички органи ҳисобланадиган Махсус комиссия ташкил этилади.

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашишга кенг жамоатчилик, нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш, жамиятда яширин иқтисодиётга муросасизлик ҳиссини шакллантириш, легал бизнес юритишнинг нуфузини ошириш таъминланади.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА суҳбатлашди.

ЎзА.

Прочитано: 694 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика