Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 45 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«UzVC» миллий венчур фонди фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5583-сон Фармонига мувофиқ ҳамда республикада инновацион лойиҳалар ва стартап-экотизимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг:

Инновацион ғоялар ва стартап-экотизимни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш мақсадида «UzVC» миллий венчур фондини (кейинги ўринларда – Фонд) масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиш;

Фонднинг бошланғич устав капиталини 15 миллиард сўм миқдорида белгилаш;

Фонднинг бошланғич устав капиталини 2020 йил Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан шакллантириш ва Фонднинг устав капиталидаги 100 фоиз улушни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

Фонднинг устав капиталини қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан оширишга рухсат берилади;

Фонд юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан шерикликда венчур лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида венчур фонди муассиси бўлиши мумкин;

Фондни сақлаш харажатлари унинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Фонд бошқарувига малакали ва халқаро тажрибага эга чет эл фуқаролари жалб этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда Фонднинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Фонднинг Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчасидаги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг маъмурий биносида текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда тўрт ой муддатда Фонд фаолиятини амалга ошириш учун шаффоф, рақобатбардош ва танлов муҳити асосида устав капиталида давлат улуши бўлмаган мустақил хусусий бошқарув компаниясини давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танласин ва шартнома асосида бошқарувга берилишини таъминласин.

Марказлашган манбалар ҳисобидан венчур лойиҳаларни молиялаштириш учун Фондга ажратилган ресурсларга тенг миқдорда хусусий сектор маблағларини жалб қилиш бошқарув компаниясини танлашнинг асосий шартларидан бири этиб белгилансин.

5. Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йил 1 июнга қадар Фонднинг самарали фаолиятини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф ва зарур ҳолларда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан Фонднинг устав капиталини шакллантириш учун 15 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни молиялаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров, Инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдураҳмонов ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х.Бекенов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ. 

Тошкент ш.,

2020 йил 3 ноябрь

684-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.11.2020 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 307 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика