Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 49 / Божхона

Инвестицияларга кенг йўл очиш мақсади ила

 

Жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.

 

Ҳозирда коррупцияга қарши курашиш бўйича Сингапур тажрибаси энг муваффақиятли амалиётлардан бири ҳисобланади. Ушбу давлатнинг коррупцияга қарши сиёсати миллий қадриятларга амал қилишдан кўра кўпроқ зарурият туфайли амалга оширилди, яъни давлат хорижий инвестицияларни мамлакатга жалб қилиш учун улардан нотўғри мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарди.

Мамлакатнинг коррупцияга қарши курашишга ихтисослашган органи – Коррупция ҳодисаларини тергов қилиш бюроси ҳисобланади. Бу мустақил орган коррупция билан боғлиқ ишларни тергов қилади ва иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторида унинг олдини олиш чора-тадбирларини кўради.

Бюро 1952 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг ваколатлари «Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида»ги ҳужжатда белгилаб қўйилган. Бюро зиммасига давлат хизматида ҳалоллик ва сотилмаслик принципининг амал қилиши, хусусий секторда коррупция аралашмаган битимлар тузилиши учун жавобгарлик юклатилган.

Шунингдек унинг вазифалари қаторига давлат мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини текшириш ва шундай ҳолатлар аниқланганда тегишли органларга интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида маълумотлар бериш вазифалари ҳам киради.

Бюро давлат органларининг коррупциялашуви сабабларини, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган давлат хизматининг заиф томонларини ўрганади. Унинг раҳбари бевосита Бош вазир олдида ҳисобдор саналади. Бу бирор-бир вазирнинг унинг фаолиятига аралашишига, терговни тўхтатиш ва бошқача таъсир қилиш мумкин эмаслигига хизмат қилади. Шунингдек, Сингапур Молия вазирлиги 1973 йил июль ойидан бошлаб махсус Коррупцияга қарши курашиш дастурини амалга ошириб келмоқда.

Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти 2009 йилда эълон қилган мамлакатларнинг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Сингапур дунёда учинчи, Осиё мамлакатлари орасида эса биринчи ўринда туриши қайд этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш миллий дастур асосида тизимли тарзда амалга ошириб келинмоқда. 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилингандан сўнг республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди. Жумладан, Президент қарорлари билан 2017–2018 ва 2019–2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди. Дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида 9 та қонун лойиҳаси тайёрланди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада қатор камчиликлар ҳам мавжуд. Коррупция жинояти унга алоқадор бўлган ҳар икки томон манфаати асосида содир этилганлиги учун ҳам у латент, яъни одатда томонлар эълон қилмайдиган жиноят ҳисобланади. Шу сабабли коррупция жиноятлар тўғрисида хабар бериш бўйича амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари самараси қониқарли эмас. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда иштирок этаётган органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ахборот-таҳлилий фаолият бўйича ишлар етарлича амалга оширилмай қолмоқда.

Хулоса урнида айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш орқали жамиятимизда ўз ечимини топишини кутиб турган иқтисодий-ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилишига ва ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз учун имкониятлар кенгайишига ҳамда иқтисодиётимизга инвестиция оқимининг ортишига имкон яратади.

 

Маълумот ўрнида: Transparency International Халқаро коррупцияга қарши курашиш ташкилоти ­эълон қилган 2018 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексида (Corruption Perception Index) Ўзбекистон 100 баллик индекс бўйича 2017 йилга нисбатан 1 балл кўпроқ натижани қайд этди ва 23 балл тўплаган бўлса-да, бироқ мамлакат рейтинги 1 бандга пастлаб, 180 давлат ва ҳудудлар орасида 158-ўринни эгаллади.

 

Сарварбек РАҲИМОВ,

Давлат божхона қўмитаси ходими.

 

Прочитано: 776 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика