Корхона ЎзРга олиб киришда ҚҚС бўйича мақсадли бўлмаган имтиёз бериладиган товарларни импорт қилади. Бўшаган маблағлар суммасини 013-«Вақтинчалик солиқлар ва божхона имтиёзлари» счётида акс эттирамиз.
Импорт шартномасини ёпишда (импорт қилувчи билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганда) ҚҚС бўйича имтиёзлар суммасини хорижий ҳамкор билан ҳисоб-китоб қилинган кунда ҳисобдан чиқариш лозимми? Ёки ушбу имтиёз 5 йил давомида ҳисобда туриши керакми?
– Солиқ ва божхона имтиёзларининг бухгалтерия ҳисоби Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.
Солиқлар ва божхона имтиёзлари тақдим этилганда бўшайдиган маблағлар суммаси, уларни мақсадли ишлатиш назарда тутилмаган бўлса, баланс ҳисобварақларида акс эттирилмайди.
Бироқ лозим даражадаги бухгалтерия ҳисобини таъминлаш мақсадида улар ҳар бир солиқ тури, божхона тўловлари бўйича 013-«Вақтинчалик солиқлар ва божхона тўловлари» балансдан ташқари ҳисобварағи дебети бўйича акс эттирилади. Имтиёз берилган давр тугаганидан сўнг балансдан ташқари ҳисобварақда жамғарилган маблағлар суммаси ушбу ҳисобварақлар кредитига ҳисобдан чиқарилади (Низомнинг 3-параграфи).
Имтиёзли суммалар имтиёзлар тақдим этилган норматив ҳужжатларга мувофиқ имтиёзнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар 013-счётда акс эттирилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.