ҚҚС тўловчи ташкилот Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти учун сайт ишлаб чиқди. Хизматлар учун Италиядаги университет ҳақ тўлади.
ЎзР резидентига кўрсатилган хизматларга норезидент томонидан ҳақ тўланганда, корхона хизматларни ҚҚС бўйича 0%лик ставкани қўллаган ҳолда реализация қилиши мумкинми?
– Йўқ, хизматларни реализация қилишда 0%лик ставкани қўллай олмайсиз. Сайтни ишлаб чиқиш хизмати 15%лик ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади, чунки реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳудудидир.
Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 1–4-бандларида назарда тутилмаган хизматларни кўрсатадиган шахслар томонидан Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик фаолияти юритилса, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади.
Бунда Италия университети нимага асосланиб маҳаллий институт фойдасига хизматлар ҳақини тўлаётгани аҳамиятлидир. Халқаро тусдаги ҳужжатга асосан шундай қилинаётган ва ушбу ҳужжатда солиқ солишнинг бошқа усуллари назарда тутилган бўлса, унда кўрсатилган нормалар қўлланилади (Солиқ кодексининг 4-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.