Фирмамиз Россиядан асаларичилик учун ветеринария препаратларини (ТИФ ТН коди – 3004 90 000 2) импорт қилмоқчи. Барча дори-дармонлар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган.
Божхонадан ўтказишда қандай божхона тўловлари тўланади ва қандай сертификатлашдан ўтиш лозим?
Қайси назорат турларидан ўтиш лозим?
Ушбу товарларни олиб киришда имтиёзлар мавжуд бўлса, божхонадан ўтказишда уларни қўллаш учун қаерга ва кимга мурожаат қилиш керак?
– Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни Ўзбекистон ҳудудига импорт қилиш ва ташиш Давлат ветеринария қўмитаси томонидан бериладиган тегишли лицензия мавжуд бўлганда ва улар рўйхатга олинган тақдирда амалга оширилади.
Барча турдаги транспортда ташиладиган, давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни импорт қилишга, шунингдек жисмоний шахсларнинг қўл ва багаж юкларига ёки почта жўнатмаларига рухсатнома бериш Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни экспорт, импорт қилишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 15.03.2017 йилдаги 139-сон қарорига 4-илова) тартибга солинади.
ТИФ ТН 3004 90 000 2 коди остидаги товар Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарлар рўйхатига (Низомга 1-илова) киритилган. Бинобарин, у мажбурий тартибда давлат ветеринария инспекциясидан ўтказилиши лозим. Назоратдаги товарларнинг экспорт-импорти билан шуғулланувчи барча юридик ва жисмоний шахслар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, улар ЎзР Давлат ветеринария хизмати назоратида бўладилар.
Маълумот учун. Импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш Маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 139-сон қарорига 3-илова) тартибга солинади.
Назорат турлари
Назоратдаги товарларни импорт қилишда назоратнинг ҳужжатли, жисмоний ва лаборатория турлари қўлланилади:
Ҳужжатли назоратда назоратдаги товарларнинг ветеринария жиҳатидан хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар; импорт қилишга рухсатноманинг мавжудлиги; берилган ҳужжатлар шакли ва мазмунининг ветеринария талабларига мувофиқлиги текширилади.
Жисмоний назорат назоратдаги товарларни кўздан кечириш; товарларнинг тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларга мувофиқлигини текширишни ўз ичига олади. У кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган назоратдаги товарлар мавжудлигини ҳамда ўзаро мос келмайдиган товарларнинг биргаликда ташилишини истисно қилиш мақсадида ўтказилади. Шунингдек унинг ёрдамида транспорт воситасининг назоратдаги товарларни ташишдаги белгиланган ветеринария-санитария талабларига мувофиқлиги белгиланади; кўчириб ўтказиш (ташиш) шартлари ва режимини, қадоқлаш ва ёрлиқларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини назорат қилинади.
Лаборатория назорати ташилаётган назоратдаги товарлардаги ўзгаришлар аниқланган ҳолатларда тегишли лабораторияларда текширувлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Импорт қилишга рухсатнома
Рухсатнома республика Бош давлат ветеринария инспектори ёки унинг ўринбосари томонидан электрон ҳужжатлар шаклида, аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжат ва маълумотларнинг таҳлил қилинишини таъминловчи автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда календарь йил учун берилади. Бунда ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни Ўзбекистон ҳудудига импорт қилиш ва ташиш Давлат ветеринария қўмитаси томонидан бериладиган тегишли лицензия мавжуд бўлганда ва улар рўйхатга олинган тақдирда амалга оширилади (ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни импорт қилиш ва ташиш, уларнинг ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан бериладиган сифати ва зарарсизлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда ветеринария сертификатисиз амалга оширилади).
Божхонада тозалаш ва тўловлар
Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви ветеринария давлат назорати ўтказилганидан кейин амалга оширилади (БКнинг 248-моддаси). Бу Давлат ветеринария хизматининг импорт қилишга рухсат берувчи ҳужжатларисиз товарни божхонадан ўтказа олмайсиз.
Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда қуйидаги божхона тўловлари тўланади: импорт божхона божи; акциз солиғи (товарга акциз тўланадиган бўлса); ҚҚС; божхона расмийлаштируви учун йиғим (БКнинг 289-моддаси).
Маълумот учун. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Фирмангиз товарларни биринчи марта импорт қилаётган бўлса, импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туришингиз шарт (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон Фармоннинг 2-банди «б» кичик банди).
Президентнинг «Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (16.10.2017 йилдаги ПҚ-3327-сон) билан 1.01.2023 йилгача «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади (ПҚ-3327-сон қарорнинг 11-банди). Фирмангиз Уюшма аъзоси бўлса, ушбу имтиёз татбиқ этилади.
Уюшмага аъзо бўлмаса, шуни эътиборга олингки, Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари 2011 йил 18 октябрдаги МДҲ эркин савдо зонаси тўғрисида унинг Тарафлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида тузилган шартномани қўллаш ҳақидаги баённомани (Минск, 31.05.2013 йил) имзолаганлар. Баённома Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси учун 2014 йил 16 майдан кучга кирган. Баённома доирасида мамлакатимиз РФ божхона ҳудудида чиқариладиган товарларни импорт қилишда божхона божларини қўлламайди.
Бу улар эркин савдо зонаси мақоми остида божсиз олиб киритилиши англатади. Бунда товарларнинг келиб чиқиши товарнинг кузатув ҳужжатларидаги билвосита белгилар (маҳсулот маркировкаси ва қадоғи, ишлаб чиқариладиган мамлакат кўрсатилган шартнома, шартнома маълумотларининг бир хиллиги) бўйича эмас, балки келиб чиқиш мамлакатининг (сизнинг ҳолатда – РФ) ваколатли органлари томонидан берилган СТ-1 келиб чиқиш сертификатидаги товар тўғрисидаги маълумотлар бўйича назорат қилинади.
Маълумот учун. Ўзбекистон Эркин савдо режими назарда тутиладиган Битимларни имзолаган, Эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битимга аъзо давлатлар рўйхатига (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 429-сон рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ МДҲ давлатларида ишлаб чиқарилган товарлар учун преференцияларни қўллайди.
Шу боис божхона божларини тўлаш бўйича имтиёз олиш учун божхона органига товарнинг келиб чиқиш сертификатини тақдим этиш лозим. Бунда сертификатнинг тақдим этилмаслиги товарни чиқаришни рад этиш учун асос бўлмайди. Ушбу ҳолатда ЎзР божхона тарифларининг энг юқори ставкалари бўйича божхона божи ундирилади. Бироқ товарнинг келиб чиқиши туғрисидаги тегишли гувоҳнома божхона расмийлаштируви кунидан бир йил ўтмасдан тақдим этиладиган бўлса, преференция режими қўлланилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.