Ходима 2019 йилнинг октябрь ойида 5 кунга очилган касаллик варақасини олиб келди. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақани ҳисоблаш учун қуйидаги маълумотлар мавжуд:
2018 йил октябрь–ноябрь ойларида у ишлаган ва иш ҳақи олган;
2018 йил декабрь – 2019 йил мартда ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган;
2019 йил апрель–май ойларида болани 2 ёшгача парваришлаш таътилида бўлган;
2019 йил июнь ойидан ҳозирги кунга қадар ишлаяпти ҳамда унга иш ҳақи ва мукофот тўланяпти.
Касаллик варақаси бўйича ҳисоб-китоб кунидаги иш ҳақи – 1 млн сўм. Унга 2019 йил июнь-сентябрь ойларида умумий суммаси 1 млн сўм бўлган мукофот берилган.
Мазкур ҳолатда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблашда мукофотлар суммаси неча ойга бўлинади?
– Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходимнинг ҳақиқатда олган иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш, бола 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилида бўлган ойлар мукофот суммаси бўлинадиган ойлардан чиқариб ташланади (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 53-банди).
Бинобарин, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблаш учун мукофотлар суммасини бўлишда ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган 4 ой ва болани 2 ёшгача парваришлаш таътилида бўлган 2 ой чегириб ташланади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.