ЯСТ ва ҚҚСни ихтиёрий асосда тўловчи корхона Қозоғистон Республикаси резиденти билан дизайн ишлаб чиқиш бўйича импорт шартномасини тузди. Шартноманинг шартларига биноан ижрочи тайёр ишланмани электрон кўринишда юборади.
Норезидентга хизматлар ҳақини тўлаш чоғида фойда солиғи ва ҚҚСни тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келадими?
Фойда солиғи
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бажарилган ишлардан (кўрсатилган хизматлардан) олинадиган даромадлар Ўзбекистон норезидентларининг республикадаги манбалардан оладиган даромадларига киритилмайди, бундан Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисмида назарда тутилган даромадлар мустасно (Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисми). Дизайн ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилади. Ушбу ишни бажаришдан олинган даромадлар норезидентнинг тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига кирмайди (Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисми).
Бинобарин, норезидентнинг дизайнни ишлаб чиқишдан олган даромадларидан Ўзбекистон ҳудудида фойда солиғи ушланмайди.
Қўшилган қиймат солиғи
Ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ҳисобланганда, уларнинг оборотига қўшилган қиймат солиғи солинади. Ишлар (хизматлар)ни реализация қилиш жойи Солиқ кодексининг 202-моддасига мувофиқ аниқланади. Норезидентнинг Қозоғистон ҳудудида дизайнни ишлаб чиқишдан олган даромадлари Ўзбекистон ҳудудида ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.