Ташкилот буюртмачига импорт товарни (ёнғин ўчириш асбобларини) 20%лик ставка бўйича ҚҚС билан реализация қилди. Ишлаб чиқариш кафолати – 1 йил. Фойдаланиш чоғида таъмирлаб бўлмайдиган яроқсиз товар аниқланди. Рекламация далолатномаси тузилди. Тайёрловчи завод манзилимизга ушбу товар ўрнига бошқасини юборяпти. Уни текинга олдик (сабаби бу кафолатли ҳолат эди), БЮДни расмийлаштирдик ҳамда божхона тўловлари ва ҚҚСни тўладик. Буюртмачига яроқсиз маҳсулотни алмаштириб бердик.
1. Кафолат бўйича импорт товарни бошқасига алмаштиришга буюртмачи билан ҳисобварақ-фактура қандай тўғри расмийлаштирилади?
2. Бунда солиқ оқибатлари юзага келадими?
1 |
Товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, 10 кун ичида бепул бартараф этиши лозим («Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси).
Буюртмачига товар алмаштириб берилиши қўшимча ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилади. Унда алоҳида сатрда манфий белги билан қайтарилган товар миқдори, қиймати ва ҚҚС суммаси кўрсатилади. Бунда ҚҚС реализация қилиш чоғида амал қилган ставка бўйича ҳисобланади.
Яроқсиз маҳсулот ўрнига берилган товар қиймати алоҳида сатрда кўрсатилади. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб товарларни беришда ҚҚСнинг 15%лик ставкаси қўлланилади. Етказиб бериш шартномасида ҚҚСнинг 20%лик ставкаси кўрсатилган бўлса, шартномага қўшимча битим тузишни ва 1 октябрдан ставкани 15%га ўзгартиришни тавсия этамиз.
2 |
Қўшимча ҳисобварақ-фактурага асосан товарларни реализация қилишдан олинган даромадларга тузатиш киритиш лозим.
Фойда солиғига (Солиқ кодексининг 131-моддаси) ва ҚҚСга (Солиқ кодексининг 205-моддаси) ҳам шундай тузатиш киритилади.
Шартнома шартларига кўра яроқсиз маҳсулот уни етказиб берувчига ёки унинг ишончли вакилига топшириққа биноан қайтарилса, яроқсиз маҳсулот ўрнига бошқаси текин берилганлиги туфайли импорт қилувчида солиқ оқибатлари юзага келмайди. Яроқсиз маҳсулот импортчида қоладиган бўлса, унда текин олинган мол-мулк тарзидаги даромад юзага келади, у фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилиши лозим (Солиқ кодексининг 129, 132, 135-моддалари).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.